07:07 / 02.02.2019
5 165

Купернинг уч фойдаси

Купернинг уч фойдаси
Ўзбекистон миллий жамоаси – мумтоз мавзу. Бошқа масалалар ҳар қанча кўп бўлмасин, гап айланиб барибир бош жамоага келаверади. Айниқса Осиё Кубогидан сўнг баҳс-мунозаралар авжига минди. Эктор Купернинг иши кимгадир ёқди, кимгадир эса йўқ.

Ўз навбатида менга ҳам шу савол кўп берилмоқда. Вазиятдан чиқиш ва навбатдаги саволга жавоб ўлароқ кўрсатиб қўйиш учун ҳам шу мақолани ёзишга қарор қилдим. Яъни, бугун ижобий жиҳатлар ҳақида гаплашамиз. Хўш, Эктор Купер Ўзбекистон миллий жамоасига нима берди? Аргентиналик мураббий жамоага келтирган учта энг асосий фойда қуйидагилар:

1. Жамоада ҳеч ким мутлақ ўринга эга эмаслигини кўрсатиб қўйди. Ҳозир асосий таркибда ўрни кафолатланган бирорта ҳам футболчи йўқ. Ҳатто Одил Аҳмедов ҳам майдонга тушиш ёки тушмаслигини билиш учун ўйинолди кўрсатмасини кутишга мажбур.

Эктор Купер Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига тайинлангани ҳамоно принцип намойиш қилди ва энг асосий футболчилардан бири – Виталий Денисовни таркибга жалб этмади. Бу эса ўз навбатида бошқа номзодларда асосий таркиб учун кураш ҳиссини кучайтирди. Миллий жамоадаги ҳозирги рақобат на Абрамов ва на Қосимов даврида бўлган. Бабаян ҳақида-ку, умуман гапирмадик.

2. Тактик мослашувчанлик. Осиё Кубогидаги тўртта ўйин шуни кўрсатдики, миллий жамоада илгари бўлмаган ҳислат – тактик мослашувчанлик пайдо бўлган. Масалан, Японияга қарши кечган баҳсда жамоа бир йўла уч хил услубдан фойдаланди.

Футболда тўқсон дақиқа бирдек югуриш жуда қийин. Рақиб босим ташкил этганда ҳимояни мустаҳкам ушлаш, у чарчагач эса ҳужумни кучайтириш – буларнинг барчаси Осиё Кубогида синовдан ўтказилди. Бу ёғига энди ЖЧ саралашида мукаммаллаштириш қолган.

3. Надоматки, аввал ўзбек футболига боғлиқ бир иллат бор эди. Яъни, ҳатто миллий жамоада ҳам мураббийга қараб ўйнаш кузатиларди. Айтайлик, Вадим Абрамов учун жонини бериб ўйнаган футболчилар кейинчалик Миржалол Қосимов қўл остида пиёда юрганини, ҳатто бўм-бўш дарвозага гол уришни хоҳламаганини кўрганмиз.

Эктор Купер эса миллий жамоага чақирилган футболчилар профессионал бўлишини хоҳламоқда, ҳолос. Унинг принципи оддий – ким бугун бор кучи билан ўйнамаса, эртага жамоага чақирилмайди. Нима, ҳозир миллий жамоадаги барча футболчилар мураббийдан хурсанд, деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта. Аввалги “ялло-ялола” давр қайтишини ким ҳам истамайди, дейсиз? Купер эса ҳаммани бирдек кўрса.

Ҳозир футболчилар мураббий учун эмас, балки Ўзбекистон миллий жамоаси учун ўйнамоқда. Ва аргентиналик мутахассиснинг энг катта ютуғи ҳам шу бўлса керак.

Хуллас, шунақа гаплар. Юқорида имкон қадар Эктор Купернинг Ўзбекистон миллий жамоасига келтирган фойдаси ҳақида гаплашишга уриниб кўрдик. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Аргентиналик мураббий ҳам қаердадир хатога йўл қўйди. Акс-ҳолда бугун финалда Япония билан Қатар эмас, балки бизнинг жамоа ўйнаётган бўларди.

Аммо бу ҳақида насиб қилса эртага суҳбатлашамиз.
Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Купернинг уч фойдаси