19:07 / 12.02.2019
3 084

Миржалол Қосимов: "Икки ҳужумчи билан ўйнаганимиз фойда берди"

Миржалол Қосимов: "Икки ҳужумчи билан ўйнаганимиз фойда берди"
Осиё Чемпионлар лигаси саралаш босқичи иккинчи раунди доирасида Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига қарши кечган ўйиндан сўнг “АГМК” бош мураббийи Миржалол Қосимов журналистлар саволларига жавоб берди.

- Жуда қийин ўйин бўлди. “Ўзимизга муаммо келтириб, кейин уни қаҳрамонларча ҳал қиламиз”, деган гап бор. Шу асосида ўйин олиб бордик. Йигитларга ғалаба учун раҳмат. Рақиб анча кучли эди ва етарлича қаршилик кўрсатди. Уларнинг аксарияти ОФК Кубогида тажриба тўплаган. Жамоамиз футболчиларига бу ўйиндаги ғалаба учун раҳмат айтаман.
Шунингдек “Пахтакор” клуби ҳам 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва бу билан ҳам мухлисларни табриклайман. Ўзбек жамоаларининг ғалабалари давомли бўлди.

- Ўйин 2:1 бўлгандан сўнг иккита ўйинчи майдонга туширдингиз ва улар ўйинни ўзгартира олди. Ҳакимов ва Ҳайдаровга қандай кўрсатма бердингиз?
- Улар ҳам бутун жамоа каби кўрсатмаларни яхши бажаришди. Бир нарсани тушуниш лозим, бизда тайёргарлик кўриш учун кўп вақт бўлмаган эди. Масалан, Дубайга кетишдан олдин, 20 январда ҳам бизда бундай жамоа ҳали йўқ эди. Қисқа вақт давомида таркибни шакллантирдик. Йигитларга қойил қолиш керак, улар ўз ишини аъло даражада бажаришди. Биринчи бўлимда ўзаро тушуниб ўйнашда муаммоларга дуч келдик. Бунинг устига халқаро ўйинда илк дақиқада гол ўтказиб юбориш осон эмас. Аммо йигитлар қийин вазиятдан чиқиб кетишди ва бунинг учун уларга раҳмат. Икки ҳужумчи бўлиб ўйнаганимиз бизга фойда берди.

- Жамоангиз барча голларни бош билан берилган зарбалар орқали киритди. Фақат юқоридан оширилган узатма ва бош билан урилган гол. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Гол қандай бўлмасин киритилгани яхши. Боя ҳам айтиб ўтганимдек, бизда ҳали жамоавий ўйин тўлиқ шаклланмаган. Олдинда кўп машғулотлар ва ўйинлар бор. Улар орқали ўйинимизни ҳали етарлича кучайтирамиз. Очиғини айтсам, менга гол қандай урилишини фарқи йўқ. Бош билан урадими ёки оёқ билан, гол урилса бўлди. Борган сари кучайиб, мухлислар кутган ўйинни намойиш этамиз, деб умид қиламан.

- Рақиб ҳисобда олдинга чиқиб олгач ҳам ҳимояга ётиб олмади. Бундай ўйин кутганмидингиз ва ўша вақтда қандай қарор қабул қилдингиз?
- Ўша вазиятда яна бир ҳужумчини майдонга туширдик. Ғуломҳайдар Ғуломов ўзидан кутилган ўйинни намойиш этиб берди. “Истиқлол”нинг ўйинларини ўрганган эдик ва қарши ҳужумларда анча кучли эканини билар эдик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Бу учрашувда жамоамиз ажойиб тарзда ҳаракат қилди. Яна ҳамма ҳам халқаро тажрибага эга эмас. Масалан, ёнимда ўтирган Жасур Ҳасанов жуда катта тажрибага эга. Аммо бирорта ҳам халқаро ўйинда майдонга тушмаган футболчилар бор. Улар учун ҳам бу жуда катта тажриба мактаби бўлди.

- Навбатдаги ўйинга 7 кун бор холос. Футболчиларда эса жисмоний жиҳатдан муаммолар бор. Бу муаммо қандай ҳал қилинади?
- Феврал ойида футболчилардан тўлиқ жисмоний тайёргарлик талаб қилиш осон эмас. Саудия Арабистонида эса иккинчи давра давом этмоқда. Улар жуда яхши формада. Албатта биз шунга яраша тайёргарлик кўрамиз. Санъат Шихов жароҳат туфайли алмаштирилди. Биз бу ўйинни ўрганиб чиқамиз ва шунга яраша ротация амалга оширамиз.

- “АГМК” клуби иккита гол ўтказди. Айб кимда, дарвозабондами ёки ҳимоячиларда?
- Бизга шунчаки концентрация етишмади. Икки голни ҳам стандарт вазиятдан ўтказиб юбордик. Футболда 90 дақиқа бор ва хаёлни ўйинга қаратиш лозим.

Кейинги ўйинга қадар легионерлар сафга қайтадими?
- Костич ҳали жисмонан тайёр эмас. Марко Зачевич жароҳатдан сўнг ҳали ўзига келганича йўқ. Унинг сафга қайтиши учун маълум вақт керак.

Манба: uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миржалол Қосимов: "Икки ҳужумчи билан ўйнаганимиз фойда берди"