date
views 3 314

Умид Аҳмаджонов: «Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз керак»

Умид Аҳмаджонов: «Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз керак»
Ўзбекистонда футбол академиялари ўзлари тарбиялаган футболчиларни сотиш орқали ўз харажатларини қоплаши ва даромад олиши лозим, деб ҳисоблайди ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов. У бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтган.

«Иқтидорларни тарбиялаш орқали Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз лозим. Тарбияланган футболчиларни сотиш орқали академиялар ўзини қоплаши ва даромад кўриши керак. Ишлаб топилган маблағ орқали ҳудудда футболни янада ривожлантириш мумкин бўлади. Биз биргаликда ана шу тизимни яратиб олишимиз лозим. Режалар ҳар бир вилоят учун алоҳида ишлаб чиқилади», – деган Аҳмаджоновнинг сўзларини келтирмоқда қўмита матбуот хизмати.

Йиғилишда вилоят футбол федерациялари ва футбол академиялари раҳбарлари иштирок этган ҳамда ўз вилоятларида футболни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришган. Шунингдек, мажлисда академиялар фаолиятини ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, мухлисларни стадионга жалб қилиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилган.

«МОҚ раҳбари футбол академияларини замонавий кўринишга келтириш бўйича тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Унга кўра, яқин кунларда академиялар инфратузилмасини ривожлантириш, иш тизимини ташкил этиш бўйича лойиҳалар тайёрланади», – дейилади хабарда.

Йиғилишда Суперлига учрашувлари давомида мухлисларни стадионга жалб қилиш, оммавийликни ошириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинган, мутасаддилар бу борада ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта академия бўйича талабларни бажармагани учун 7та клуб Суперлигадан четлатилиши мумкинлигини хабар қилинганди. ПФЛ маълумотига кўра, «2018 йилда натижа кетидан қувиб, юлдуз футболчилар учун катта чиқимлар қилган, аммо ўз футбол академиясини ташкил қилиб улгурмаган» «Локомотив», «Пахтакор», ОКМК, «Металлург», «Бухоро» ва «Қўқон-1912» клублари чемпионатга қўйилмаслиги мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Умид Аҳмаджонов: «Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз керак»