11:30 / 05.03.2019
5 491

0:10 ҳолва экан…

0:10 ҳолва экан…
«Насьонал»нинг Португалия чемпионатида «Бенфика»дан жавобсиз 10 та гол қабул қилгани ҳолва экан. Қаранг, Италия клуби 0:20 ҳисобида ютқазди ва уни чемпионатдан чиқариб юборишди. Бу жамоа бош мураббийи - 19 ёшли футболчи, майдонда эса массажчи ва маъмур ҳам тўп суришди...

Ўзи нима бўлди?
17 февраль куни «С» серия (Италия футбол тизимида 3-ўринда турувчи дивизион) доирасидаги «Кунео» - «Про Пьяченца» учрашувида «аср воқеаси» рўй берди. Оддий айтганда, мезбонлар рақибни шунчаки, майна қилишди. 20:0 ҳисобини бошқача изоҳлаш мумкин эмас. Ахир замонамизда ҳамма жойда футбол ўйнашни ўрганиб улгуришди-ку. Боз устига, «Кунео» 20 та голдан 16 тасини биринчи бўлимда урди. Умуман олганда, «Пьяченца» лиганинг яққол аутсайдери ҳисобланади. Пьяченцаликлар жорий чемпионатнинг 19 та ўйинида атиги 8 очко тўплашди. Қисқаси, гап «С» серия турнир жадвалида лоақал 1 та поғона юқорилашдан аллақачон умид узган жамоа ҳақида кетяпти. Лига раҳбарияти шуни ҳисобга олиб, «Кунео» стадионидаги «воқеа»дан кейин «Пьяченца»ни «С» сериядан чиқариб юборишга қарор қилди.

Жамоа 0:20 туфайли четлатилдими?
Йўқ, асло. Ахир футболда мағлубият учун бундай жазо берилмайди. Ҳамма гап шундаки, «Пьяченца» олдида жиддий молиявий муаммолар бор. Масала шу қадар жиддийки, жамоа футболчилари ва мураббийлари 1 йилдан кўпроқ вақтдан буён маош олишмаяпти. Айни шу камчилик туфайли бир қатор етакчи футболчилар амалдаги шартномаларини бекор қилиб, клуб билан хайрлашишди. Қолаверса, «Пьяченца» қарз миқдори ошиб кетганидан «С» серия тақвимидан ўрин олган 3та ўйинда майдонга тушолмади. Турнир регламентига кўра эса, 1та мавсум давомидаги 4 та техник мағлубият автоматик равишда дисквалификацияга айланади ва жамоа лигадан четлаштирилади.

Тўғри, «Пьяченца» дисквалификация реал хавф солиб турган вақтда майдонга тушиш имконини топди, бироқ жамоа таркиби тўлиқ эмасди. Дейлик, меҳмонлар биринчи бўлимда майдонда атиги 7 киши бўлиб ўйнашди — 6 нафар 20 ёшдан кичик футболчи ва массажчи. Бошқача айтганда, «Пьяченца» раҳбарияти ўйин ўтказиш учун меъёрий талабни минимал даражада бажарди. Танаффусдан кейин эса, меҳмонлар сафига жамоа маъмури ҳам қўшилди. Аслида у биринчи 45 дақиқаликда ҳам майдонга тушиши керак эди, бироқ ҳужжатларини уйида унутиб қолдиргани учун ҳакамлар рухсат беришмади. Яна бир томони, учрашувда бош мураббий функцияларини ёш футболчилардан бири бажарди. У атиги 19 ёшда.

Лига раҳбарияти муносабати
«С» серия президенти Франческо Гирелли юз берган воқеликка нисбатан қатъий баёнот берди. «Бу ҳолат спорт принципларига асло тўғри келмайди. Умуман, ақлга сиғдириш ҳам мушкул. Мени айниқса, бир жиҳат даҳшатга солди: ушбу болаларнинг ота-оналари қанақасига уларнинг майдонга тушишларига жим қараб туришди? Нима, фарзандлари катта футболда дебют қилишгани учун дўстлари олдида шунчаки, ғурурланишни исташдими?» — деди Гирелли.

Мухлислар нима дейишмоқда?
Асосан ҳазиллашишмоқда. Уларни ҳам тушуниш керак - бундай ҳолатда яна нима қилишлари мумкин?

- «Пьяченца» охирги дақиқада ҳисобни деярли тенглаштирди... (жамоанинг кам сонли ҳужумларидан бирига киноя).
- Мезбонлар 5 та голдан кейин тўхташса ҳам бўларди-ку.
- «Пьяченца» ўйинчиларидан бирининг хитоби: «Кейинги голни ким урса - ўша ғолиб...».

Тўғри, кўпчилик жуда ранжиди. Ҳар ҳолда, бу Италия футболи учун катта минус. Ҳа, чиндан ҳам, аламли ва қайғули ҳодиса. «А» ва «С» сериялари ўртасида шу қадар улкан жарлик бор экан, италиялик тиффозилар хотиржам бўлолмайдилар. Ахир бу мамлакат футболи ҳамон инқироз ҳолатида эканлигига нишона эмасми?

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 0:10 ҳолва экан…