07:02 / 10.03.2019
3 322

Жавоҳир Сидиқов: “Қўқон-1912”дан кетишим қийин бўлди

Жавоҳир Сидиқов: “Қўқон-1912”дан кетишим қийин бўлди
“Қўқон-1912” жамоасида порлаган Жавоҳир Сидиқов янги мавсумни “Пахтакор” клубида бошлайдиган бўлди. Ҳамма яхши билса керак, бу ўйинчи аслида “Пахтакор” орқали катта футболга кириб келган. Янги мавсумдан эса Сидиқов яна собиқ жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Аммо воқеалар ривожи бошқача тус олиши ҳам мумкин эди. Терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштирокидан сўнг Сидиқовни четга кетиши ҳақида кўп айтилганди. Лекин ҳадеганда Жавоҳир билан боғлиқ янги маълумотлар пайдо бўлавермади. Якунда эса унинг “Пахтакор” сафига қўшилганлиги маълум бўлди. Унинг “шерлар” таркибида тўп суриши расман аниқ бўлганидан сўнг дастлабки фикрларини билдиришга рози бўлди.

- Катта футболга “Пахтакор” орқали кириб келгандингиз ва яна ушбу жамоадасиз. Охирги пайтларда сизнинг қайси клубда тўп суришингизни ҳамма кутаётганди. Дастлаб “Пахтакор”га қайтишингиз қандай амалга ошгани ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Бир томондан қараганда, “Пахтакор” клубига қайтганим ҳаққоний ҳам бўлди. Чунки улар ўз пайтида мени шартномам бўлса ҳам “Қўқон-1912”га ҳеч нима талаб қилмасдан бериб юборишган. Энди эса “Қўқон-1912” клуби раҳбарлари менинг кетишим жамоага минус бўлса ҳам фаолиятимда янада ўсишим учун “Пахтакор” жамоасига ижарага беришди.

- Лекин сиз билан боғлиқ бўлган воқеалар жараёни бироз чўзилиб кетди. Негаки, Осиё Кубогидан кейин Сидиқовнинг янги жамоаси номи аниқ бўлиши айтилаётганди. Аммо...
- Менга четдан таклифлар бор эди, аммо айрим сабабларга кўра менинг у ерларга кетишим амалга ошмай қолди. Шунинг ҳисобига ҳам чўзилиб кетди. Аслида музокаралар олиб борилганди. Аммо доим ҳам сиз ўйлагандек бўлиб чиқавермайди.

- Рости, биз ҳам сизни қаергадир легионер сифатида кетишингизни кутаётганди. Чунки бунгача сизга Осиёнинг кўзга кўринган жамоаларидан қизиқишлар бўлаётганлиги ҳақида эшитгандик. Бу ҳақида ҳаттоки, “Қўқон-1912” бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ҳам айтиб ўтганди. Легионер бўлиб тўп суриш истаги ўзингизда ҳам кучлимиди?
- Ҳар бир футболчи легионер бўлиб тўп суришни хоҳлайди. Менда ҳам бундай истак бор эди. Лекин насиб қилмагандан кейин нима қила олардингиз? Аммо бу менга асло таъсир қилмайди. Ҳали мен учун ҳаммаси олдинда деб умид қиламан. Бу йил бўлмаса, балки келаси йили легионерга айланишим мумкин. Фақат ҳаммаси ўзимга боғлиқ.

- Сизга айнан қайси клублардан таклифлар тушганди?
- Менга айнан қайси клублардан таклиф бўлганлиги ҳақида аниқ билмайман, лекин Япония, Жанубий Корея каби чемпионатларнинг жамоаларидан таклифлар бўлганди.

- Илк бор Осиё Кубогида иштирок этишга ҳам муваффақ бўлдингиз. Айтинг-чи, БААдаги мусобақа сизга нима берди?
- Ҳар бир футболчи бундай катта мусобақаларда тўп суришни хоҳлайди. Айниқса, миллий терма жамоа шарафини ҳалқаро ареналарда ҳимоя қилиш футболчининг орзусидир. Бу катта тажриба беради. Бир пайтлар ўзим учун кумирга айланган футболчилар билан бирга майдонда тўп суриш катта фахр.

- Умуман айтганда, терма жамоамизнинг иштироки ҳақида нимадир демоқчимисиз?
- Албатта, ҳар доим натижа гапиради. Гарчи ўз олдимизга қўйилган вазифани бажара олмаган бўлсак-да, кўрсатган ўйинларимиз тўғрисида мухлисларимизнинг ижобий фикрлар билдиришгани бизни бироз овутди. Аммо барибир охирида натижа қолади. Шунга қониқарсиз натижани унутиш бироз қийин кечди.

- Барибир сизни миллий терма жамоага чақирилишингиз ва унгача олимпия терма жамоаси билан муваффақият қозонишингизда ҳам “Қўқон-1912”даги ажойиб ўйинларингиз катта туртки берганди. Футболчи сифатида Қўқонда катта ўсишга эришдингиз. Сиз учун қадрли бўлиб қолган жамоани қандай тарк этдингиз?
- Бир оиладек бўлиб қолган жамоани тарк этиш барибир қийин бўлади, бу аниқ. Аммо футболчи вақти келиб ўзини бошқа жамоада ҳам синаб кўришни истайди. Катта мусобақаларда, айниқса, Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаш учун яна биринчи жамоамга қайтдим. Лекин тан оламан, ўзим учун қадрли бўлиб қолган “Қўқон-1912” жамоасини тарк этишим қийин бўлди. Лекин раҳбарият ва мураббийлар мени тўғри тушунишгани учун уларга раҳмат айтаман. Улар менга йўқ дейишмади ва қароримни ҳурмат қилишди. Бунинг учун улардан миннатдорман.

- Қўқонлик ишқибозларнинг ҳам севимли футболчиси эдингиз. Кетар чоғингизда уларга айтадиган гапингиз ҳам борми?
- Мухлисларни яхши кўраман. Биламан, менинг кетганимни тўғри тушунганлари ҳам бор ва кетганимдан хафа бўлаётганлари ҳам бор. Мен уларни тушунаман. Аммо ўз навбатида мухлислар ҳам мени тўғри тушунишларини истардим. Лекин ишқибозларнинг хафа бўлишга ҳаққи бор. Ҳамма ҳам ўз жамоасининг кучли бўлишини хоҳлайди.

- Бундан буён собиқ клубингизга қарши ўйинлар сиз учун қандай аҳамиятга эга бўлади?
- Ҳали бу ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ. Очиғи, билмадим. Олдинда нимадир дея олмасам керак. Ҳаммасини ўша ўйин кўрсатади.

- “Пахтакор”даги янги ҳаётингиз қандай кечмоқда?
- “Пахтакор”даги ҳамма футболчиларни танийман. Ўзимнинг акаларим ва укаларим десам ҳам бўлади. Жамоага мослашишимда қийинчиликлар бўлгани йўқ. Мураббийлар штаби билан яхши муносабатдамиз. Асосийси, бу ерда ички муҳит яхши. “Пахтакор”да асосан ўйин сифати юқори бўлган футболчилар йиғилган. Жамоага фойдам тегиши учун меҳнат қиляпман. Менинг мақсадларим катта. Шунингдек, миллий терма жамоага ҳам фойда келтириш учун ўз устимда кўпроқ ишлайман.
Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жавоҳир Сидиқов: “Қўқон-1912”дан кетишим қийин бўлди