Суперлигада 3-тур анонси: «Пахтакор»да яна жиддий ўйин, «Бунёдкор» водийда меҳмон

  • 04 апрель 2019, 17:52
  • 517
  • Спорт
  • Суперлигада 3-тур анонси: «Пахтакор»да яна жиддий ўйин, «Бунёдкор» водийда меҳмон
    Бугун, 4 апрель куни Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари бошланади. Дастлаб амалдаги чемпион «Локомотив» ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилади. «Локо» 9 апрель куни Чемпионлар Лигаси ўйинида қатнашиши сабаб бу ўйин бошқаларидан олдинроқ ўтказилмоқда.

    Турнинг қолган ўйинлари кейинги 3 кун давомида бўлиб ўтади. Эртага, 5 апрель куни «Пахтакор» турнинг марказий баҳсида «Насаф»ни қабул қилади. 6-7 апрель кунларига яна 5та ўйин белгиланган.

    Қуйида 3-тур олдидан бизни қандай интригалар кутаётгани ҳақида гаплашамиз.

    4 апрель (пайшанба)
    «ЛОКОМОТИВ» - «АНДИЖОН»

    Ўйин вақти: 18:00.
    Стадион: Тошкент, «Локомотив» стадиони.
    Тақвим бўйича бу ўйин 5 апрель куни Андижонда ўтказилиши белгиланганди, бироқ Андижондаги майдон мавсумга тайёр бўлмагани сабабли учрашув Тошкентга кўчирилди. 5 апрель куни пойтахтда «Пахтакор» ва «Насаф» иштирокидаги яна бир учрашув ўтказилиши боис, ўйиннинг вақти ҳам ўзгариб, 4 апрелга кўчирилди. Чунки бир шаҳарда бир кунда иккита ўйин ўтказиш мумкин эмас. Шу тариқа, Суперлиганинг жорий мавсумида одатий ҳолга айланиб қолган ўйин вақти ва жойининг ўзгариш «анъанаси» яна такрорланди. Келишувга кўра, иккинчи даврада Тошкентда ўтказилиши керак бўлган ўйин Андижонда ўтказилади.

    Бу баҳсда «темирйўлчилар»нинг имкониятлари юқори. 1-турда «Пахтакор»га мағлуб бўлган «Локомотив» 2-турда «Навбаҳор»ни енгди. «Андижон» эса ҳозирча қандай кучга эга эканини кўрсата олгани йўқ. Биринчи турда «Қизилқум» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган андижонликлар иккинчи турда «Қўқон-1912» билан нурсиз дуранг қайд этди - 0:0.

    «Локомотив» бу ўйиндан 5 кун ўтиб Саудияда «Ал-Иттиҳод»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинида қатнашади. Шу сабабли Фёдоров баъзи етакчиларига дам бериши ҳам мумкин.

    5 апрель (жума)
    «ПАХТАКОР» - «НАСАФ»

    Ўйин вақти: 18:00.
    Стадион: Тошкент, «Пахтакор» стадиони.
    Турнинг марказий баҳси Тошкентда ўтказилади. Чемпионлик учун асосий даъвогар «Пахтакор» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилади. «Пахтакор» Суперлиганинг дастлабки икки ўйинида «Локомотив» ва «Бунёдкор»ни ўз майдонида қабул қилиб, юз фоизлик натижа қайд этди. Жамоа 3-турни ҳам Тошкентда ўтказади ва бу чемпионат аввалидан етачиликни мустаҳкамлаш учун қўл келиши мумкин. «Пахтакор» иккита дербида ҳам қанчалик кучли эканини кўрдик. Арвеладзе жамоаси охирги йилларда ўзбек футболидаги энг кучли клубдек кўринмоқда. Мамлакатнинг кўплаб энг яхши футболчиларини йиғиб олганидан кейин шундай бўлиши ҳам керак-да, тўғрими?

    «Насаф» охирги йилларда кўплаб етакчиларини бошқа клубларга кузатишга мажбур бўлди. Уларнинг аксари айнан «Пахтакор»га ўтган. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси етакчиларидан бирига айланган Одил Ҳамробеков ҳам шулар жумласидан, у охирги бўлиб «Насаф»ни «Пахтакор»га алмаштирди. Шундай бўлса-да, Рўзиқул Бердиев клуб академияси вакилларидан яхши жамоа туза олганини кўрдик. 1-турда «Динамо»ни кутилмаганда енга олмаган «аждарлар» 2-турда «Сўғдиёна»ни чиройли ўйин кўрсатиб, мағлуб этди.

    Қаршиликлар яна кучли жамоага айлангандек таассурот уйғонмоқда. Дарвоқе, «Насаф»нинг кейинги ўйинларида мухлислар «Сўғдиёна» билан ўйинда Марадона ва Мессининг голларини такрорлаган Ислом Кенжабоевнинг ўйинига алоҳида эътибор беришса керак. Ахир рақибнинг ярим жамоасини алдаб гол урадиган футболчилар бизда ҳар куни ҳам порлаб чиқавермайди!

    6 апрель (шанба)
    «ДИНАМО» - «МЕТАЛЛУРГ»

    Ўйин вақти: 16:30.
    Стадион: Самарқанд, «Динамо» стадиони.
    Самарқанднинг «Динамо» жамоаси Суперлигага адашиб чиқиб қолгани дастлабки икки ўйинда билиниб қолди. Тўғри, 1-турда «Насаф» билан дуранг ўйнаган самарқандликлар ёмон таассурот қолдиришмади, лекин «Сурхон»га қарши 2-тур ўйинида «Динамо» ҳали мавсумга тайёр эмаслиги кўринди. Бироқ, жамоа таркибида яхши футболчилар йиғилганини инобатга олсак, Даврон Файзиев шогирдлари мухлисларини хурсанд қилишлари ҳам мумкин.

    Бу ўйинда «Металлург»нинг икмонияти юқорироқ. Бекободликлар меҳмонда ўйнашса ҳам. «Металлург» сафида кўплаб яхши футболчилар йиғилган. Хусусан, Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси Сервер Жепаров ҳам Бекобод клубида ўйнамоқда. Шипилов шогирдлари иккита турда ҳам ёмон ўйнашмади. Меҳмонда «Сурхон» билан дуранг ва ўз майдонидаги «Бухоро» устидан ғалаба «Металлург»нинг етакчилар қаторида боришини таъминламоқда.

    «НАВБАҲОР» - «БУНЁДКОР»
    Ўйин вақти: 17:00.
    Стадион: Фарғона, «Истиқлол» стадиони.
    Турнинг яна бир қизиқарли ўйинига Фарғонадаги «Истиқлол» стадиони мезбонлик қилади. «Нефтчи» Суперлигадан тушиб кетганига қарамай, Фарғонадаги стадион юқори дивизион ўйинларини қабул қилишдан тўхтамаяпти. Чунки, водийда фақат шу стадион футбол ўйнаш учун яхши ҳолатда.

    «Навбаҳор» ҳозирча яхши ўйин кўрсатмаяпти. Канчельскис майдон йўқлигидан нолимоқда, балки унга чиндан ҳам етарли шароит яратиб берилмагандир. «Олд Траффорд»да ўйнаган футболчини унча-мунча шароит қониқтириши ҳам қийин ахир. Балки Азиз Турғунбоевнинг йўқлиги ҳам жамоа ўйинига таъсир қилаётгандир.

    «Бунёдкор» 1-турда тушунарсиз ўйин кўрсатганди, лекин 2-турда «қалдирғочлар» жуда яхши ҳаракат қилишди. «Пахтакор»ни яхшигина тер тўкишга мажбур қилган ёш футболчилар Абрамовнинг услубини тушуна бошлаган кўринади. Абрамов «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейин «Ғалаба қозониш вақти келди», деб айтганди...

    7 апрель (якшанба)
    «БУХОРО» - «ҚИЗИҚЛУМ»

    Ўйин вақти: 18:30.
    Стадион: Бухоро. «Бухоро СК» стадиони.
    Бухородаги бу баҳс қайсидир маънода дерби мақомида. Ўз майдонидаги икки ўйинда 4 очко жамғарган «Қизилқум» илк марта сафар ўйинида қатнашади. Актамов жамоаси 2-турда айниқса чиройли ўйин кўрсатди. Жамоа сафидаги икки легионер Медина Смит ҳамда Элгужа Григалашвили жуда яхши ҳолатда эканини кўрдик. Жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда бўлган «Қизилқум» етакчиларга бошоғриқ бўладиганга ўхшайди.

    «Бухоро» эса ҳозирча ўз сўзини айта олмаяпти. Икки ўйинда 1 очко тўплаган Ашурматов шогирдлари илк марта ўз майдонларида ўйнашади. Бахтиёр Ашурматовнинг ОКМКда ҳам дастлаб ишлари юришмаган ва кейинчалик кубокни ютиб кетганини унутмаслик керак.

    ОКМК - «ҚЎҚОН-1912»
    Ўйин вақти: 17:15.
    Стадион: Олмалиқ, ОКМК стадиони.
    Бу ўйинда ОКМКнинг имкониятлари юқори. Чунки, «Қизилқум»дан учралган мағлубиятдан сўнг Миржалол Қосимов жуда хафа бўлди. Қосимов жамоаси доим ютқазишга тоқат иладиган мураббийлардан эмас. Қаерга борса, соврин ютишга ўрганган мураббий қандай қилиб бўлмасин ғалаба қозонишга интилади.

    «Қўқон-1912» бош мураббийи Нўмон Ҳасанов жамоага Жавоҳир Сиддиқов етишмаётганини айтди, лекин очиғи, дастлабки икки турда қўқонликлар ёмон ҳаракат қилишмади. Икки марта ҳам водий жамоаларига қарши ўйнаган «Қўқон-1912» ҳали ютқазмади.

    «СЎҒДИЁНА» - «СУРХОН»
    Ўйин вақти: 19:15.
    Стадион: Жиззах, «Сўғдиёна» стадиони.
    «Сўғдиёна» 1-турда «Бунёдкор»ни қўшимча вақтда урилган гол эвазига мағлуб этганди. Ўша ўйиндан сўнг Лушчан рақибнинг хатоси эвазига ғалаба қозонилганини айтганди. Мураббий ўз жамоаси ўйинидан норози бўлганича бор экан. Жиззахликлар иккинчи турда «Насаф»га мағлуб бўлишди. Ўтган мавсумдан буён Сергей Лушчан қўл остида ҳаракат қилаётган «Сўғдиёна»да ўсиш кўзга ташланмаган. Балки, мураббийнинг кўрсатмалари энди ўз сўзини айта бошлар, аммо ҳозирча ижобий ўзгариш йўқдек.

    15 йил ўтиб юқори дивизионга қайтган «Сурхон»да эса ишлар чакки эмас. Бирични турда «Металлург» билан дуранг ўйнаган сурхонликлар ўтган турда «Динамо»ни мағлуб этишди. «Сурхон» яқинда каттагина можарога аралашиб қолди. Қинғирликлари сабаб футболдан четлатилган Илҳом Мўминжонов ҳамон «Сурхон»да ишлаб юргани кўринган суратлар тарқалди. Бу эса мураббий жамоани де факто бошқарганини англатади. Агар бу факт исботланса, «Сурхон» жиддий санкцияларга учраши мумкин.

    Манба: Kun.uz

    » » Суперлигада 3-тур анонси: «Пахтакор»да яна жиддий ўйин, «Бунёдкор» водийда меҳмон