date
views 2 353

Чархланган «шпорлар». «Аякс» барчани ҳайратга солишда давом этмоқда...

Чархланган «шпорлар». «Аякс» барчани ҳайратга солишда давом этмоқда...
Амстердамликларнинг Лондондаги ғалабаси – Чемпионлар лигаси финали учун катта қадам бўлди.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин
«Тоттенҳэм» (Англия) – «Аякс» (Нидерландия) – 0:1 (0:1)
Гол:
ван де Бек, 15 (Зиёш)
«Тоттенҳэм»: Ллорис, Алдервейрелд, Санчес, Фертонген (Сиссоко, 39), Триппьер (Фойт, 80), Эриксен, Ваньяма, Роуз (Дэйвис, 79), Алли, Льоренте, Лукас Моура.
«Аякс»: Онана, Фелтман, Блинд, де Лигт, Тальяфико, ван де Бек, Шене (Мазравий, 65), де Йонг, Зиёш (Хунтелар, 87), Тадич, Нерес.
Огоҳлантиришлар: Тальяфико, 30. Фелтман, 63.
Судья: Матеу Лаос (Испания).
30 апрель. Лондон. «Тоттенҳэм Ҳотспур» стадиони.
Жавоб ўйини – 8 май.

«Аутсайдерлар яримфинали»
Бу қарама-қаршиликка «аутсайдерлар яримфинали» деб ном бериш ҳам мумкин - «Барселона» ва «Ливерпуль» ўртасидаги иккинчи жуфтлик билан таққослаганда. Аммо «Аякс» ва «Тоттенҳэм» барча тахминларга «тупуради» - икки жамоа ҳам ЕЧЛ финали иштиёқида ёнмоқда. Уёғига нима бўлса бўлади.

Лондондаги янги стадионида «шпорлар» бир неча кун муқаддам ўз мухлисларини ҳайрон қолдирганча стадиондаги илк мағлубиятини қабул қилиб олганди («Вест Ҳэм»га қарши дерби ўйинида 0:1 ҳисобидаги мағлубият). Инглизлар бу оқшомда ҳам мағлуб бўлишни хаёлларига ҳам келтиришмаётганди.

«Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино ўйин арафасида жиддий йўқотишларга учраганди – Серж Орье, Ҳарри Уинкс, Эрик Ламела ва Ҳарри Кейн жароҳатланган, Сон Хин Мин дисквалифицияда. Тақвим ҳам қийин: «шпорлар» яримфинал ўйинидан олдин атиги икки кун дам олишди. «Аякс»да эса бу борада муаммо бўлмади: уларда жароҳатлар ҳам йўқ эди, қолаверса жамоа ўйинга тайёрланиш учун бир ҳафта вақтга эга бўлди. Ҳа, Амстердам клубини лондонликлар билан бюджет борасида таққослаб бўлмайди, аммо бир йилдан буён трансферлар амалга ошира олмаётгани Почеттинога шикоят учун ҳуқуқ беради. Шу куни «Аякс» захирасида қолдирилган Каспер Дольберг агар «Тоттенҳэм»да бўлганида у Фернандо Льоренте ўрнига бошланғич таркибдан ўрин эгаллаган бўларди. Эриг тен Ҳаагга эса марказий ҳужумчининг умуман кераги йўқ, бу жамоанинг исталган футболчиси ҳужумга чиқиб кетавареди - тотал футбол.

Тўпга эгалик қилиш борасидаги муаммолар
«Тоттенҳэм»нинг илк дақиқалардаги фаоллиги тезда тугаб қолди. «Аякс» эҳтиёткор бошлади ва ҳимояда мустаҳкам турди. Кўп ўтмай улар рақибни майдоннинг иккинчи томонида босим қила бошлашди ва уларни хато қилишга мажбурлашди. Майдон эгалари тўпга эгалик қила олишмади - меҳмонлар осонлик билан тўпни олиб қўйишар ва ҳужумларини ривожлантиришарди.

«Шпорлар»нинг мудофааси ўйиннинг 15-дақиқасидаёқ сочилиб кетди. Зиёш майдон марказида тўпни эгаллаб олиб қанотда очилган Нересни пас билан таъминлади, тўп майдон марказига узатилди, «Тоттенҳэм» ҳимоячилари сунъий офсайд ҳосил қилишда кечикишди, дарвозабон ван де Бек қаршисида ёлғиз қолди. «Ювентус» билан жавоб ўйинида ҳам муҳим голни урган 22 ёшли футболчи франциялик дарвозабонни истаган кўйига солиб, ҳисобни очди. Бу вазиятни видеоҳакам билан маслаҳатлашган бош ҳакам офсайд йўқлигини тасдиқлади - нидерландлар олдинга чиқиб олишди.

Льорентенинг бесамар ҳаракатлари

Ван де Бек кейинги вазиятидаёқ жамоасининг ҳисобдаги устунлигини ошириши мумкин бўлганди, шериги билан «девор» ўйнаб, жарима майдонига кириб борган футболчи ўткир бурчакдан кучли зарба йўллади - Льорис хавфни бартараф этди. Биринчи бўлим ўрталаридан «Тоттенҳэм» сергаклана бошлади - ўтказилган гол Амстердамга сафар олдидан жамоани жуда ноқулай аҳволга тушириб қўйганди. Навбатдаги ҳужумлардан бирида Трипьер тўпни рақиб жарима майдонига юқорилатиб узатди, Льорентенинг бош билан берган зарбаси дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.

«Аякс»нинг собиқ бош мураббийи Мартин Йол Guardian учун превьюсида барчасини аниқ кўрсатган бўлиб чиқди. «Льоренте етарли даражада кўп функцияли эмас. У марказий ҳужумда бўлган жамоа доимо ташаббус кўрсатиши, ўйинда устунлик қилиши ва ўйин фақат рақиб жарима майдони жойлашган томонда кечиши керак бўлади. Аммо шунда ҳам «Аякс» рақибнинг бўш ҳудудларини топиб, қарши ҳужумларда жазолаши мумкин».

Льоренте 90 дақиқада фақат 1 марта дарвоза томон зарба берди. У тўп учун курашларда 11 марта дуэлларда ғолиб чиқди, аммо Роуз ва Триппьер жарима майдонига тўп узатган вақтларда у ҳар сафар ўз жойида бўлмади. У «Ман Сити»га қарши ўйинда жамоани қутқарганди, амм «Аякс»га қарши ўйинда «Тоттенҳэм»га бошқача ҳужумчи керак эди.

Амстердамдаги ўйинда Сон майдонда бўлади, Льорентедан иккинчи бўлимда фойдаланиш мумкин – шуниси яхшироқ.

Фертонгеннинг жароҳати

31-дақиқада ўйинда давомли тўхталиш юзага келди - Фертонген тўп учун кураш вақтида жамоадоши Алдервейрелд билан тўқнашиб кетди.

Шифокорлар беш дақиқача вақт давомида Яннинг бурнидан қон оқишини тўхтатиб, у ўйинга қайтишга тайёрлигини билдирдилар. Бош ҳакам уларнинг бу фикрига қўшилмади ва кўп ўтмай у ҳақ бўлиб чиқди – либоси қонга беланган 32 ёшли футболчи бироздан сўнг ҳушини йўқотиб, тиббий штаб ходимлари ёрдамида майдонни тарк этди. Унинг ўрнида Мусса Сиссоко ўйинни давом эттирди.

Кучга тўла француз биринчи бўлим охирида кучли зарба йўллади - бу сафар ҳам тўп меҳмонлар дарвозасига киришни истамади. Танаффус арафасида Алдервейрелдда ҳам худди Льорентедаги вазият такрорланди - унинг ҳам бош билан зарбаси бироз хато кетди ва жамоалар кирим алмаштириш хонасига «Аякс»нинг кичик ҳисобдаги устунлигида йўл олишди.

Нерес барчасига нуқта қўйиши мумкин эди
Иккинчи бўлим Тальяфиконинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбаси билан бошланди - аргентиналик футболчи рақиб дарвозасининг узоқ бурчагини нишонга олишига бир бахя қолди. Майдон эгалари Деле Аллининг зарбаси билан жавоб қайтаришди - тўп Онананинг қўлига бориб тушди.

Танаффусдан кейин жамоалар очиқ ўйин кўрсата бошлашди - «шпорлар»да йўқотадиган нарса йўқ эди, «Аякс» эса шунчаки ёпиқ ўйнашни билмайди. Қайд этиш керакки, Сиссоконинг саъй-ҳаракатлари эвазига мезбонлар иккинчи бўлимда тўпга эгалик қилишда устунлик қила бошлашди (60 фоизга 40 фоиз), зарбалар бериш борасида ҳам устунлик кузатилди – 8:4 (аниқ зарбалар бўйича — 1:0). Амстердамликлар камроқ ҳужумга чиқишди, аммо голга энг яқин вазият айнан меҳмонларда бўлди - 78-дақиқада Тадич қанотдан жарима майдонига кириб келган Нересни тўп билан таъминлади, унинг узоқ бурчакка йўллаган зарбаси устундан қайтди. Агар бу зарба голга айланганида, амстердамликларни финал билан табриклашни бошласа бўларди.

Лекин ўйиннинг қолган вақтида ҳам «Тоттенҳэм» «Аякс»га қарши бошқа нарса ўйлаб тополмади ва рақибга сафардан керакли ҳисобдаги ғалаба билан қайтишга имкон берди. Почеттинога ресурслар етишмади – айниқса жароҳатланганлар. Қишки курткага ўраниб олган Кейн трибунада ғамгин қиёфада ўйинни кузатди.

Эрик тен Ҳааг жамоаси финалга яқин, «шпорлар»ни чархлашди - Маурисио Почеттинода хатолар устида ишлаш учун бир ҳафта вақт бор.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чархланган «шпорлар». «Аякс» барчани ҳайратга солишда давом этмоқда...