07:38 / 09.06.2019
2 681

"Ким келса келаверсин, рақобатдан қўрқмайман. "Реал"нинг кейинги мавсуми меники бўлади!"

"Ким келса келаверсин, рақобатдан қўрқмайман. "Реал"нинг кейинги мавсуми меники бўлади!"
"Реал Мадрид"нинг бугунги кундаги 7-рақамли футболчиси Мариано Диас билан интервью.
— Ҳозирда “Реал Мадрид” сафида ўйнаяпсиз. Айтингчи, шу йил ёзда нимадир ўзгариши мумкинми?
— Йўқ! Бу менинг жамоам.

— Демак клубда қоласиз?
— Ҳа, кўпроқ совринларни қўлга киритмагунимгача шу ерда бўламан.

— Нимага ишониб бундай деяпсиз?
— Менинг орзум фаолиятимни “Реал Мадрид”да давом эттириш эди ва бунга эришдим. Энди эса бу ерга шунчаки келмаганимни исботламоқчиман.

— Нима учун бундай қарорга келдингиз ва бошқа таклифларни кўриб чиқишдан бош тортдингиз?
— Мен “Мадрид”га қайтиш учун қаттиқ меҳнат қилдим. Болалигимдан шу клубда ўйнашни истаганман. Энди эса шундай имкон менга берилди. Шунинг сабабли, дунёнинг энг яхши клубида қолиш учун қўлимдан келганини қиламан.

—Трансфер ҳақидаги миш-мишларни кузатиб борасизми?
— Йўқ, бундай хабарлардан қочишга урунаман. Лекин жамоага келган ҳар бир ўйинчи учун хурсанд бўламан.

— Агар исмингизни “сотиб юбориладиган ўйинчилар” рўйхатида кўриб қолсангиз, қаттиқ ташвишга тушармидингиз?
— Бу мавсум ҳаммамиз учун қийин кечди. Шунақаси ҳам бўлиб турар экан. Оммавий ахборот воситалари ёзаётган хабарларни тўғри қабул қилиш керак.

— Жамоавий ва шахсий масалалар борасида қандай хулосалар чиқарилди?
— Бу мушкул бўлди. Чунки биз олдимизга қўйилган мақсадларга эришолмадик. Ҳозир фақат келаси мавсум ҳамда янги совринларни қўлга киритиш ҳақида ўйлашимиз зарур.

— Ўз-ўзини танқид қилиш... Хўш, сиз ушбу мавсумингизни қай даражада баҳолайсиз?
— Бизга берилган вазифаларни бажара олмаганимизни яхши тушуниб турибмиз. Янги мавсум — ўзимизни намоён қилиш учун яхши имкон. Уни интизорлик билан кутмоқдаман.

— Бир йил аввал ҳаммаси шундай якунланиши мумкинлиги ҳеч ҳаёлингизга келганмиди?
— Мен Францияда эдим. “Лион”да мени кутаётган саргузаштларни бошимдан ўтказдим, аммо “Мадрид”га қайтиш бу ажойиб, сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳолат эди.

— “Реал” каби қатъиятли, кучли характерга эга жамоа. Хўш у қандай қилиб сизлар тушиб қолган вазиятда қолиб кетди?
— Доимо тинимсиз равишда курашиш керак. Мен шу ҳақида тинимсиз равишда ўйлайман. Ахир меҳнат — муваффақият калити. Яхши ишласангиз, олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эришишасиз.

— “Мадрид”даги “еттинчи”ни кийиш сиз учун нимани англатади?
— Буюк футболчилар ўйнаган бу рақамни кийишдан фахрланаман.

— Бу рақам билан боғлиқ босимни ҳис қиласизми?
— Йўқ. Бироқ Хуанито, Криштиану каби буюк футболчилар ўйнаган бу футболка келгусида ўз устимда ишлашим, янада яхшироқ меҳнат қилишимда менга куч беради.

— Лопетегининг кетишига нима сабаб бўлди? Жамоа гол уришда муаммоларга дуч келганими?
— Бу жуда қийин давр бўлди. Сабаби бизга берилган топшириқларни бажара олмадик.

— Класикодан кейин жароҳат олиб, Солари билан ишлай олмадингиз…
— Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Ўзимни ёмон ҳис қилдим, аммо жамоага ёрдам беришни истадим. Соғайишим учун менга вақт керак бўлди. Худога шукур, ҳозир ҳаммаси яхши.

— Аммо кейин бел билан боғлиқ муаммога дуч келибсиз. Нима бўлгани ва бунга қарши қандай курашганингиз ҳақида айтиб бера оласизми?
— Ҳа, жароҳат олдим. Шу сабаб 2019 йил бошида майдонга туша олмадим. Қийин бўлди. Ҳаттоки матрасимни ўзгартиришимга тўғри келди.

— Соғайган бўлишингизга қарамай, Солари сизни Класико — “Аякс”га қарши ўйинда майдонга тушурмади...
— Ҳа, ўша пайт жамоага ёрдам бера олмаганимдан қаттиқ афсусландим. Лекин энди бу муҳим эмас. Ҳозир фақат келаси мавсум ҳақида ўйлашимиз керак.

— Зиданнинг қайтиши — сиз учун яхшими?
— Зидан клубда кўплаб ижобий ишларни амалга оширган. У ҳам ўйинчи, ҳам мураббий сифатида кўп ютуқларга эришган. У билан муносабатларимиз яхши.

— Янги мавсумга қандай тайёргарлик кўпяпсиз?
— Катта жўшқинлик билан. Бу йил менинг "Мадрид”даги энг яхши йилим бўлади. Мен нима учун келганимни исботлаб бераман.

— Жамоа яна ғалаба қозониши учун нима қилиши керак?
— Шунчаки динамикани ўзгартириши керак. Ўйиндан ўйинга муваффақият қозонган ҳолда ўтиши керак.

— Яна бир мавсумни омадсиз тарзда ўтказишга ҳаққингиз йўқ. Жамоага катта босим ўтказилиши мумкинлигини ўзингиз яхши тушуниб турибсизку?
— “Мадрид”дан доим ҳамма нарсани максимал даражада талаб қилишган. Ҳар бир машғулот ва ўйин пайти юқори даражада ҳаракат қилиш талаб этилади. Шунинг учун ҳам, “Мадрид” — дунёнинг энг яхши клуби.

— Жамоада Бензема бор. Эҳтимол, Йович ҳам келар... Кучли рақобат бўлган клубда ўйнаш сиз учун қийинчилик туғдирмайдими?
— Клубга ким келишининг фарқи йўқ. Рақобат доим фойда келтиради. Улар учун ҳам, мен учун ҳам.

— Йович жамоага келса, марказий ҳужумчига бўлган эътибор кучли бўлишидан ҳавотирланмаяпсизми?
— Клубга келган турли позициядаги ўйинчиларнинг барчаси яхши кутиб олинади. Улар жамоага фойда келтириши ҳамда бизни кучлироқ қилиши мумкин.

— Августда “Мадрид”га қайтганингиз ҳақида нималар дея оласиз?
— Мен “Севилья”нинг таклифини кўриб чиқаётган эдим. Кейин эса “Мадрид” қайтишимга қизиқиш билдиргани ҳақида эшитиб қолдим. Клуб вакиллари билан учрашдим, Лопетеги мени жамоага қайтишга кўндирди. Мен “Мадрид”га рад жавобини бера олмадим ҳам. Шу ерда ўйнашни хоҳладим. Ўзимни уйга қайтгандек ҳис қилдим. 16 ёшлигимда Кантерада тўп тепган пайтларим ёдимга тушди. Аммо ўйинчи сифатида анча ижобий томонга ўзгарганман.

— Кантерада ҳам осон бўлмаган, тўғрими?
— У ерда ҳам, биринчи жамоамда ҳам талаб кучли эди. Бошланғич таркибдаги ўринга осонлик билан эришмаганман. Бунинг учун жуда кўп гол уришимга тўғри келган.

— Сиз академиядан тезроқ кетишни истаганмидингиз?
— Клуб кантерасидан кетиш мақсадим бўлмаган. Лекин биринчи жамоага ўтишни кўпроқ истаган эдим.

Нозима Зарипова таржимаси

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Ким келса келаверсин, рақобатдан қўрқмайман. "Реал"нинг кейинги мавсуми меники бўлади!"