20:56 / 19.06.2019
2 467

Элдор Шомуродов: "Бабаян ва Купер ўртасида катта фарқ сезилаётгани йўқ" (интервью)

Элдор Шомуродов: "Бабаян ва Купер ўртасида катта фарқ сезилаётгани йўқ" (интервью)
Ўзбекистон терма жамоасининг июнь ойидаги йиғини якунига етканидан сўнг "Ростов" клуби шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов офисимизда меҳмон бўлди ва баъзи мавзулар бўйича интервью берди.
Қуйида Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ҳужумчиси бўлган Элдор Шомуродовнинг интервьюсини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Туркия, КХДР ва Сурияга қарши ўртоқлик ўйинлари ҳақида:
- Яхши ўйинларни ўтказдик. Дастлаб кучли рақиб Туркия билан ўйналган бўлса, кейинчалик иккита нисбатан кучсизроқ жамоаларга қарши тўқнашдик. Бу саралаш босқичи олдидан яхши тараддуд бўлди. Айниқса қозонилган ғалабалар расмий беллашувлар олдидан ўзимизга бўлган ишончни оширди. Тайёргарлик яхши ўтказилди. Буёғига саралаш босқичини яхши бошлашга бор эътиборни қаратамиз.

Купернинг дастлабки келган давридаги кўрсатмалари ва ҳозирги пайтдаги талаб қилаётган вазифалари орасидаги фарқ ҳақида:
- Дастлабки келган пайтдаги Купер билан ҳозирги даврдаги мураббийнинг вазифалари ўртасида албатта фарқ бор. Купер дастлаб бизга асосан ҳимоявий услубни қўллаётганди. Кейинчалик мураббий ҳимоявий тактикадан кўра, кўпроқ ҳужумкор футбол ўхшаётганини тушунди. Шундан сўнг мазкур йўналишга қараб баъзи тактик деталларни ўзгартирди. Масалан прессингга чиқишни, кўпроқ ҳужумга ўтишни бошладик.

Ҳужумдаги ўйин асосан Шомуродов орқали ривожлантирилаётгани ҳақида:
- Бу менга ҳеч қандай қийинчилик туғдираётгани йўқ. Қўлимдан келганича Купердан талаб қилаётган кўрсатмаларни бажаришга ҳаракат қиляпман.

Терма жамоадаги энг яқин дўсти ҳақида:
- Асосан бирга ўйнаган ва ўсган Акром Комилов, Достон Ҳамдамов сингари футболчилар билан кўпроқ бирга бўламиз. Ўзаро яхши келишамиз. Ўйин давомида эса барча билан бирдек ўзимизни яхши тушунамиз.

Осиё Кубогидаги ўйин ва натижа ҳақида:
- Очиғи узоқроққа боришни кўзлагандик. Аммо Австралияга қарши пенальтилар сериясида ютқаздик. Бу ёмон натижа эмас, менимча. Биз барча масалани ўйинда ҳал этмоқчи эдик. Бироқ вазият пенальтилар сериясига қадар чўзилди. Буёғига эса лотерея. Омад етишмади. Умумий олиб қаралса, ёмон натижа бўлмади. Шунингдек, Купер келганига ҳали кўп бўлмаганди.

Бабаян ва Купер давридаги терма жамоанинг энг асосий фарқи ҳақида:
- Энг асосий фарқи? (узоқ ўйланиб) Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Бабаян даврида мен кўпроқ ярим ҳимоянинг қанотида ўйнардим. Купер қўл остида марказий ҳужумда ўйнаяпман. Ҳар бир мураббийнинг тактикасида фарқ бўлиши табиий. Умуман олиб қаралса, катта фарқ йўқ. Яъни фарқ сезилаётгани йўқ.

Янги чемпионат, Ўзбекистон ва Россиядаги ҳолат, "Ростов"га бориш ва мослашиш ҳақида:
- Биринчи борганимда мослашиш, адаптация жараёни бироз қийин бўлган. Русчани тушунардиму, лекин эркин гаплаша олмасдим. Менга жамоага кўникиб, мослашиб кетишимда Артур Юсупов ва Сергей Паршивлюк асосий кўмакчи бўлишган. Улар билан алоқаларим жуда яхши бўлганди. Жамоага киришиб кетишимда улар катта ёрдам беришган. Россия чемпионатида биринчи навбатда курашувчанлик юқори, асосан кучга таянган ҳолда ўйналади. Иккинчидан эса, ўйин темпи ва тезлиги юқори. Шу боисдан ҳам менга бу борада осон бўлгани йўқ. Аста-секинлик билан ўрганиб кетдим.

Осиё Кубогидан кейин Шомуродовга бўлган эътибор ҳақида:
- Ўзбекистон футболи ҳақида кўп сўрашмайди. Тўғри, Осиё Кубогидан кейин менга бўлган эътибор ошди. Карпин ҳам менга кўпроқ эътибор қаратди. Лекин "Ростов"да ўйнаб кета олишимга Россиядаги кўпчилик ишонган. Мени ўшанда салоҳиятли футболчи, дейишгани ҳақида биламан. Шуни ҳис қилиб ҳам ўшандаёқ ўзимга бўлган ишонч ортган.

Валерий Карпин ҳақида:
- Биринчи навбатда футболчилар билан жуда яқин алоқада, дўстдек бўлади. Ўзи футболчи бўлгани учун бизни жуда яхши тушунади, нимани ҳис қилаётганимизни билади. Учинчидан эса уни тактик мураббий дея оламан. Карпин футболчилар билан алоҳида суҳбат қуради. Мен билан ҳам индивидуал суҳбат қилади. Ўйиндан кейин асосан қаерда хато қилганимни кўрсатиб, тегишли тавсиялар беради. Ўйиндан аввал эса алоҳида суҳбатда менга қўяётган вазифалари ҳақида батафсил тушунтириш бериб, нима қилишни тушунтиради.

Сеҳрли "қалпоқча" ҳақида:
- Ўша вазиятда "Краснодар" ҳимоячиси билан тўқнашувда бошим ёрилди. Ўзим билмагандим, лекин клуб шифокорлари атайлаб қалпоқча олиб юраркан. Қонни тўхтатгач, қалпоқчани киясанми ёки бошингни боғлайликми, дея сўрашди. Фарқи йўқлигини айтиб, қалпоқчани танладим. Шундан сўнг гол ҳам урдим. Ҳаммаси ўхшаб кетди. Қалпоқчани алоҳида сақлаганим йўқ. У ҳозир ҳам клуб физиотерапевтида турибди.

Россия чемпионатида қайси жамоаларга қарши ўйнаш ҳақида:
- Ўзим бевосита ўйнаган ўйинлардан келиб чиқадиган бўлсам, энг қийин баҳс "Уфа"га қарши ўйинлар. Биринчисида 0:0, иккинчисида 1:0га ютқазгандик. Ўша ўйин энг қийини бўлганди. Асосан аутсайдерларга қарши беллашувларда очко йўқотганмиз.

Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бориши, Суперлига савияси ўсмагани ҳақида:
- Албатта Россияга бўлишимга қарамай чемпионат ўйинларини кузатиб бораман. Асосан "championat.asia" сайтида ва учрашувларни жонли кўриш имкони бўлса, унда "mediabay" тармоғида кўраман. Чемпионат савияси ўсди, деб айтолмайман. Нималарнидир ўзгартирилди. Лекин савия ўсгани йўқ. Ҳозирча фақат жамоалар сони ўзгарди. Балки сифат ўсиши учун вақт керакдир.

Чопиб ташланган ва Шомуродовни етиштирган "Машъал" жамоаси тақдири ҳақида:
- Бу албатта ачинарли хол. "Машъал" қандай ҳолатда ёки шароитда бўлмасин, исталган жамоага бош оғриқ бўлишга қодир. "Машъал"ни биринчи лигага тушириб юборилишини кўриб ҳайрон бўлганман тўғриси. Ўз вақтида "Машъал" академияси Ўзбекистондаги энг зўри бўлган. Кўплаб истеъдодларни чиқарган.

Россия ва Ўзбекистон футболи матбуотининг ўртасидаги фарқ ҳақида:
- Фарқ етарлича. Россиядаги ҳар битта ўйинни етарли даражада мухлисларга етказиб беришади. Ҳар доим жонли эфирда ўйинларни қўйишади, ҳар бир клуб матбуоти жуда фаол равишда ишлайди. Матбуот хизматининг ўз соҳасидаги йўналиши жуда яхши йўлга қўйилган.

"Ростов" билан шартномани узайтирган Шомуродовнинг кейинги режалари ҳақида:
- Интилиш Европага. "Ростов"га кетишимдан олдин кўпчилик ўйнаб кета олмайди дейишганди. Орадан икки йил ўтди, клуб янги шартнома таклиф этди. Бу ҳам шу вақт оралиғида ўсишга эришганимни англатади. Шу темпда давом этишим керак. "Ростов" кўплаб футболчиларни ортиқча ушлаб турмайди. Яхши жамоалардан тушадиган таклифларни клуб доим кўриб чиқади. Италиядан тушаётган таклифлар ҳақида эшитмаганман. Умуман Осиё Кубогидан кейин қандай қизиқиш ёки таклифлар тушган, очиғи билмайман. Балки бўлгандир, балки йўқ. Шуниси аниқки, "Ростов"да кўп қолмасам керак.

Осиёга қайтмаслиги ҳақида:
- Ўзимнинг режам бўйича, яқин 3-4 йиллар ичида Осиё жамоаларидан тушадиган қизиқарли таклифларни кўриб чиқмоқчи эмасман. Буни агентларим ҳам билади. Мен ўзимни кучли бешлик чемпионатларида синаб кўрмоқчиман. Агентларим буни яхши тушунган ҳолда, шу йўналиш бўйича ишлашмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов: "Бабаян ва Купер ўртасида катта фарқ сезилаётгани йўқ" (интервью)