СССР халқлари спартакиадаси ғолиби, Жаҳон Кубоги сохиби, Совет Иттифоқи чемпиони, кўп карра Ўзбекистон чемпиони, Собиқ Иттифоқда хизмат кўрсатган спорт устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владимир Николаевич Шин билан сухбат.
- Ассалому алайкум Владимир Николаевич. Япониядаги фаолиятингиз қандай кечмоқда. Умуман олганда япон бокс федерацияси билан қандай шартномага эгасиз?
- Аввало, юртдошларимизга кунчиқар юртдан соғинчли саломимни йўллаб қоламан. Саволингизга келсак, 2018-йил май ойида Япония бокс Федерацияси томонидан мамлакат терма жамоасини бошқаришга таклиф қилиндим. Лекин баъзи сабабларга кўра, октябрь ойида япон заминида иш бошлашга тўғри келди. Шартнома бир йилга Япония олимпия қўмитаси билан тузилди ва ҳар йили Олимпия ўйинларига қадар янги ўзгаришлар билан қайтадан кўриб чиқилади. Шартномага мувофиқ ойлик маош, транспорт, яшаш учун уй билан таъминландим. Ҳар холда ишлаш учун ажойиб шароитларни яратиб берган.шина
- Токио Олимпиадага қандай тайёргарлик кўрмоқда?
- Деярли, барча спорт иншоатлари бунёд этиб бўлинган. Лекин замонавий қўшимча мажмуаларнинг қурилиши ҳам қизғин давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда Токио деярли тайёр холда десам муболаға бўлмайди.
- Бутунжаҳон МОҚ томонидан AIBA га турли хил тақиқлар қўйилди. Қолаверса, ушбу хаваскор бокс ташкилотида тушунарсиз ўзгаришлар рўй берди. Ушбу омиллар бокс ривожига салбий таъсир кўрсатмайдими?
- Бундай холатлар яъни ўзгаришлар, нотўғри ёндашувлар ҳаваскор бокснинг ривожланишига табиийки тўсқинлик қилади.
- Вазн тоифалари ўзгарганига муносабатингиз қандай?
- Aлбатта, вазн тоифаларидаги ўзгаришлар тушунарсиз кўриниш олди. Мисол учун, 57 кг дан дархол 63.5 кг ёки 60 кга кўтаришни ва ушбу вазнда жанг ўтказишни ўзи бўлмайди. Айниқса, мана шу вазн тоифаларида жуда кўп иштирокчиларга, жумладан, аёлларга 100 та ўрин берилганлиги тушунарсиз холат. Уларнинг орасида Олимпия ўйинларида иштирок этиш савиясидагилари жуда кам деб ҳисоблайман.
- Сўнги Осиё чемпионатида шогирдларингиз натижасидан қониқиш хосил қилдингизми? Адашмасам битта кумуш медални қўлга киритдинглар?
- Албатта, ҳар бир мураббий шогирдларини яхши натижалар кўрсатишини хохлайди. Табиийки, мен ҳам ижобий якунни ҳоҳлагандим. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардимки, мазкур турнирдаги эришганимиз, Япония бокси учун Осиё чемпионатларида охирги 6 йилдаги энг яхши натижаси бўлди.
- Айнан финалда Бобоусмон Ботуров шогирдингиз устидан ғалаба қозонди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу жангда япон боксчисига нима етишмади?
- Ҳа, 69 кг вазнда шогирдим Сео ўзбек боксчисига мағлуб бўлди. Мағлубиятни унинг ёшлигига йўйиш мумкин. У эндигина 19 ёшда. Қолаверса, бу Осиё чемпионати унинг фаолиятидаги илк катта турнир ҳисобланади. Лекин ундаги потенциал ёмон эмас.
- Умуман олганда сиз, ўзбек бокси уйғониш даврида мураббийлик қилгансиз ва доимо, сизни кучли мураббий, психолог, сифатида билишади. Айтингчи, сиз терма жамоага бош мураббийлик қилган вақтдаги энг кучли боксчи ким бўлган эди. Умуман олганда ушбу даврлардаги қизиқ воқеалардан сўзлаб берсангиз?
- Дархақиқат, терма жамоани қабул қилиб олганимда барча кучли боксчилар, Совет иттифоқи чемпионлари, ангренлик Зойир Aбдуқодиров, Сергей Василенко, Григорий Пинчуклар фаолиятини тугатишган эди. Ўша авлоддан Хоким Матчонов ва Ринат Тришев қолганди. Иккаласи ҳам ярим оғир вазн тоифасида ҳаракат қиларди. Хоким Матчонов икки йил Собиқ иттифоқ чемпионатида бронза медалига эга чиққанди. Ўша вақтлар Россиядан боксчиларни таклиф қилиш фикрини илгари суришди.
Худди, Японияда амалга оширилгани каби, лекин мен бу ғояга қарши чиқдим. Чунки, биз ўз бокс тарихимизга эга эдик. Эътибор беринг, ўша вақтга қадар бизда қандай чармқўлқоп усталари бўлганди. Руфат Рисқиев, ака-ука Aлександр ва Николай Aнфимовлар, Ботирхўжа Усмонов, Хамидулла Тиллахўжаев, Aбдулла Қодир-Охунов, Феликс Пак ва жуда кўп бошқа боксчилар. Шундай махорат эгаларини тарбиялаган ўзбек бокс мактаби янги авлодни вояга етказа олмасмиди?
Албатта, тарбиялай оларди. Мен бунга ишонар эдим. Шунинг учун ҳам Россиядан легионер боксчиларни таклиф қилишга тиш-тирноғим билан қаршилик қилганман. Натижа қандай бўлди? Барчага маълумки, ўзбек боксчилари жаҳонни забт эта олишди. Мураббийлик давримда барча учун терма жамоа эшиклари очиқ бўлган. Нафақат боксчилар балки мураббийлар учун ҳам шундай эди. Машғулотларни ҳамфикрликда олиб борар эдик. Истеъдодлар кўз олдимизда тарбия топди.
Биргаликдаги ҳаракатларимиз мураббийлар савиясини ошишига ҳам хизмат қилди деб ўйлайман. Ҳар бир боксчи шахсий мураббий ёрдамида машғулот олиб борарди. Натижада ушбу омил жаҳонга нафақат машхур боксчиларни тақдим этди. Балки ўзбек мураббийларига ҳорижда ҳам эхтиёж сезила бошлади.
- Сўнги Осиё чемпионатини бевосита кузатиб бордингиз. Айтингчи, ҳамюртларимиздан сиз учун ким янги топилма бўлди?
- Биласизми, ҳар доим ўзбек боксида истеъдодлар талайгина бўлган. Мазкур Осиё чемпионатида кўпроқ оғир вазн тоифасидагиларнинг ҳаракатлари ёқди.
Осиё чемпионатидан кейин мен Хабаровскда халқаро турнирда бўлдим. У ерда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоасининг гарчи, 2-3 таркиби бўлса ҳам улар орасида жуда кўп ажойиб, ёш талантларни кўрдим. Нафақат мен, ўша турнирдаги кўплаб мутахассислар ҳам ёшларимиз маҳоратига эътибор қаратишди.
- Профессионал бокс Федерациясида ҳам фаолият юритдингиз. Умуман олганда профи боксимиз ривожига қандай бахо берасиз?
- Мамлакатимизда ҳудди бутун жаҳонда бўлгани каби профессионал бокснинг ривожланиши жадал тус олмоқда деб айта оламан. Ўзбекистон профессионал бокс Федерациясида ишлаб юрган вақтларимда уни янада юқори чўққиларга кўтаришни, давлат миқёсидаги оммавий спортга айлантиришни хохлаганман. Бунинг учун, профессионал бокс Федерациясини янгидан ташкил қилдик. Тақвим бўйича спорт тадбирларини, ўқув машғулот йиғинларини, рейтинг жангларини ўтказа бошладик ва буларнинг барчаси юртимизда профессионл бокснинг оммавийлигини оширишга хизмат қила бошлади.
Жуда - жуда ачинарлиси кўп режаларимиз амалга оширилмай қолди. Лекин ишонаманки, Ўзбекистон профессионал бокси жахонда ўз ўрнига эга бўлади. Энг муҳими қадрдон Ўзбекистонимизни юқори чўққиларга олиб чиқа оладиган боксчи ёшларимиз бор. Шу ўринда профессионал бокс Федерациясидаги фаолиятимда яқиндан ёрдам берган, илтимосларимизни ерда қолдирмаганлиги учун Химпромнинг собиқ рахбари Aбдухошим Aбдуллаевич Aбдуллаевга алоҳида миннатдорчилигимни изҳор этган бўлардим.
- Японияда сиз хақингизда фильм олинган эди. Унинг тақдимоти бўлдими. Агар, фильм тайёр бўлса, уни юртимизда қачон томоша қилсак бўлади?
- Дархақиқат, хужжатли фильм олинган. Унинг давомийлиги 1.5 соатни ўз ичига олади. Кунчиқар юртда кетма- кет икки кун эфирга беришди. Каминада дискка ёзилган варианти бор. Уни япон тилидан таржима қилиш керак.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ сухбатлашди
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди