22:39 / 12.07.2019
2 720

Тимур Кападзе "Локомотив"дан Бабаян туфайли кетди...ми?

Тимур Кападзе "Локомотив"дан Бабаян туфайли кетди...ми?
Футболчи сифатида катта ҳурматга сазовор бўлган ва кўплаб ғалабаларни қўлга киритган Тимур Кападзе мураббийликка жиддий киришганидан хабарингиз бор. Ўтган йили миллий терма жамоани вақтинчалик бошқарган бўлса, бу йил «Локомотив» ёшлар жамоасига устозлик қилиб келаётганди. Аммо яқинда унинг мураббийлик ҳаётида яна ўзгаришлар бўладигандек кўринмоқда. Шу сабабли Кападзе билан мулоқотга киришдик. Биринчи навбатда унинг «Локомотив»ни нима учун тарк этганини билиш қизиқ эди.

«Локомотив»дан нега кетди?
Негаки, Кападзенинг у ердаги фаолияти яхши кечаётганди. Дабдурустдан кетиш ҳақидаги қарорга келиши учун эса жиддий сабаб бўлганлигини тахмин қилиш қийин эмас. Бу ҳақида эса ўзи шундай деди:

- Тўғри, «Локомотив»да ишларимиз яхши кетаётганига қарамасдан кетиш ҳақида қарор қабул қилиш жуда қийин бўлди, чунки йил бошидан шу кунгача ўринбосарлар таркибида футболчилар билан биргаликда қилган ишларимиз, меҳнатимиз ва бу меҳнат ўз мевасини бераётган паллада кетиш қарорини қабул қилиш ҳеч бир мутахассисга осон бўлмайди, лекин бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Асосан бу асосий таркибда мураббийлар штабидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Чунки ўринбосарлар асосий таркибга қарашли ва бизнинг вазифамиз ёшларни ҳар тарафлама техник-тактик, жисмоний томондан тайёрлаб бериш. Шу муносабат билан ҳозирги кундаги янги мураббий - Самвел Бабаяннинг ўзини қонун-қоидалари ва футболга қарашлари бор.

Менинг фалсафамга, футболга қарашларимга тўғри келмаслигини англаб у билан гаплашиб, фикрларини билиб ва мен ўзимнинг фикрларимни билдириб кетишга қарор қилдим, у ҳам менинг қароримни тўғри қабул қилди. Чунки нафақат ўринбосарлар жамоаси, балки деярли академия асосий жамоа услубининг йўлидан кетиши керак, мураббийларга ҳам шунақа талаблар қўйилса керак, бу нарса аслида тўғри. Дунёдаги кучли клубларда тизимни шундай йўлга қўйишган.

Ёшлар жамоасидаги барқарорлик
Биринчи даврадан кейин Кападзе бошчилик қилаётган «Локомотив» ёшлари 1-ўринни эгаллаб барчада илиқ таассурот қолдиришди. Бунда эса шубҳасиз Тимурнинг хизмати катта бўлди. Аммо бир қарашда у бошлаган ишини охирига етказмасдан ярмидан ташлаб кетгани ҳам ачинарли, албатта.

- Ҳа, қанийди, бошлаган ишимизни охиригача етказганимизда яхши бўларди. Чунки биринчи даврани биринчи ўринда тугатганимиз ўз йўлига, энг асосийси, ёшлар билан ишлаш, уларни футболчи сифатида ўсишини кўриш ва тўғри йўлда кетаётганимни ҳис қилиш мен учун ва ёшларимизга жуда фойдали бўлди. Чунки бу ёшлар катта футболга кириб келаётган ва ўзига яраша техник-тактик, жисмоний тарафдан камчиликларини кўриб, уларга ўз билимимизни бериб ҳар тарафлама катта футболга тайёрлаш, анча иш олиб бориш керак ва иш олиб бордик ҳам.

Худога шукр, ярим йил ишлаган бўлсам, мураббийлар штабим билан қўлимиздан келгунича ёшларимизни ҳар тарафлама яхши тайёрлашга ҳаракат қилдик. Ёшларимизнинг кўпчилиги асосий таркибимизнинг мураббийлари назарига тушиб деярли 6 - 7 нафар футболчиларимизни мунтазам асосий таркиб машғулотларига жалб қилиб, улар машғулотда иштирок этишди. Уларнинг ичида иккита ёш футболчимиз асосий жамоа сафида миллий чемпионатда дебют ўйинларини ўтказишди, захирадан майдонга тушиб.

Энди ўйлайманки, мендан кейин келган мураббий бу йўлда олиб борган ишларимизни давом эттиришади. Мен эса кейинги тақдирим қаерда насиб бўлса, ўша ерга бориб ҳар доимгидек қўлимдан келганича ҳалол ва фойдали ишлашга ҳаракат қиламан.

«Локомотив»да ўтказган йиллари
Шундай қилиб, унинг «Локомотив»даги фаолиятига якун ясалди. Лекин Кападзе «темирйўлчилар» таркибида ҳам ўзидан ёрқин из қолдира олди. 2015 йилда келди ва ўтган вақт давомида жамоанинг уч бор чемпионликни нишонлашида катта ҳисса қўшди. Эътиборлиси, Кападзе футболчилик фаолиятини «Локомотив»да якунлади ва мураббийлик фаолиятини айнан ушбу клубда бошлади. Футболчи сифатида келиб, мураббийга айланиб кетган Тимурнинг ҳаётида «Локомотив» алоҳида аҳамият касб этади.

- «Локомотив»да ўтказган фаолиятимдан ҳеч қачон афсусда эмасман ва қалбимдан ўз ўрнини олди - дея мавзуни давом эттирди, Кападзе. - Биринчидан 4,5 йил битта жамоада бўлиш футболчилик назаридан қарасак катта муддат ҳисобланади ва бу муддатни қанақа ўтганини ва жамоа билан нималарга эришганимизни инобатга олсак, бундан фахрланса бўлади. Озми-кўпми, жамоанинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшганимдан ва «Локомотив»да биргалашиб янги саҳифа очганимиздан хурсандман. Мен у ерда қўлимдан келганича ҳаракат қилдим.

Клуб раҳбарларидан ҳам жуда миннатдорман. Улар бирга ишлаш таклифини билдиришганида биз янги босқичга чиқиш учун курашдик. Ўйлайманки, уларнинг юзларини ерга қаратмадим. У ердан ёқимли хотиралар қолди. Доим ғалабалар ва натижалар тарихда қолади. Мен футболчилик фаолиятимни шу жамоада якунлаганим ва шу жамоадан мураббийлик фаолиятимни бошлаганим алоҳида мавзу.

Бунинг учун биринчи навбатда раҳбариятга каттакон раҳмат айтаман. Ҳар доим бизни қўллаб-қувватлаб, шароитлар яратиб берганлари учун, қолаверса, клуб тизимидаги ҳар бир ходимига ҳам раҳмат айтаман. Улар билан шу йиллар мобайнида биргаликда ишлаб келганимдан жуда хурсандман. Уларни ҳам ғалабаларимизда озми-кўпми ҳиссалари бор. Шу билан бирга мураббийлар штаби ва жамоа билан ҳар доим бирга бўлган ишчиларга ҳам миннатдорчилик билдираман.

Албатта футболчиларга шу йиллар мобайнида елкама-елка майдонда «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган ва ғалабаларимизда ўз ҳиссаларини қўшган ҳар бир футболчига алоҳида раҳмат айтаман, барчага омад тилайман. Мухлисларимизга эса алоҳида миннатдорчилик билдираман. Улар кам сонли бўлса ҳам ҳар доим бизни қўллаб-қувватлашган. Албатта, озми-кўпми муддат ишлаганим ўринбосарлар жамоасига ҳам алоҳида раҳмат айтаман, ёшларимизга омад тилаган ҳолда келажакда яхши футболчилар бўлишининг тилакдошиман.

Инструкторга айланган Кападзе
Кападзе жуда изланувчан ва иш жараёнида янгиликларга қўл уришни хуш кўради. Яъни, ўз устида ишлашни яхши кўради. «Локомотив»дан кейин уни ЎФАда инструктор сифатида хизмат қилганини ҳам кўрдик. Бу эса унинг серқирра мураббий эканлигини кўрсатиб турибди. Шу ўринда Кападзе қандай қилиб инструкторга айланганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Менинг мураббийлик инструктори сифатида ишлаётганим бугун содир бўлиб қолган нарса эмас. Бунгача 2-3 маротаба мураббийлар учун ўқув-курслари ташкил этилганида улардан бирида мен ҳам ёрдам берганман. Колаверса «С», «В» ва «А» лицензияларига ўқиб, буларнинг таълимини олганмиз ва бу йўлдан ўтганмиз. ЎФА мураббийлар департаменти эса бир қатор мутахассисларни инструкторлик учун йиғишди. Бу борада бир ҳафталик курс ташкил қилишаётганди. Ҳар бир вилоятдан ўз вакилларини юборишганди.

Ислом Аҳмедов эса энг катта инструктор ҳисобланади. У ОФКнинг фаол инструкторларидан бири ҳисобланади. Хуллас, ҳозирги кунда талаблар анча ошган. Илгари лицензия учун шунчаки ўқиб кетаверишарди. Энди эса ўқиш учун номзод бўлган мураббий йил давомида қилган ишларининг ҳисоботини топширади. Уларнинг ишларини кўриб чиқишади. Ҳозирги пайтда болалар футболида лицензия бўлмаса мураббийлик қилиш мумкин эмас.

Масалан, менга Шамил ака Исеев ёрдамчи бўлдилар ва у кишидан кўп нарса ўрганса бўлади ва Инструкторликни ўрганиш жараёнида уларнинг тажрибалари менга асқотяпти. Мураббийларнинг ўқув-курсларида эса эндигина бу соҳага қадам қўяётганлари ҳам бор. Инструкторликни ҳам ўзига яраша талаблари бўлади. Эрталаб 9 дан бошлаб, кечки 6 гача давом этади. Бу вақт давомида назарий ва амалий дарслар ўтказилади. Кейин эса якунда иштирокчилардан имтиҳонлар олинади. Лекин имтиҳонлардан ўта олмаганларга ҳам кейин яна имконият берилади.

Болалар футболига катта эътибор қаратилаётгани сабабли уларнинг мураббийларига бўлган эътибор ҳам кучайиб боряпти. Биринчи навбатда у бола яхши инсон бўлиб етишиши лозим. Чунки ҳамма болакайлар ҳам футболчи бўлиб қолмайди. Шунинг учун болалар футболида ишлайдиган мураббийлар руҳшунос ва ўқитувчи бўлишлари керак. Умуман олганда, инструктор сифатида ишлаш қизиқарли.

Мен бўлажак мураббийларни кўздан кечираман. Уларни қанчалик билими бор, тўғри йўлдан кетишяптми, шундай хусусиятларини ўрганиб ўқишларга тавсия қиламиз. Агар бирор-бир клубдан таклиф бўладиган бўлса, инструкторлик ишим мутлақо таъсир қилмайди. Масалан, ЎФА томонидан бу сафар инструкторликка таклиф қилишганида рози бўлдим. Чунки давралар оралиғи бўлгани учун вақтим бор эди.

Олдинлари чақиришганида эса унчалик бўш вақтим йўқ эди. Иккаласини тенг олиб кета оламан. Масалан, инструкторлик ишида ҳам бу ўзим учун катта фойда. Бу мен учун тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди. Мураббийларнинг саволларига жавоб беришга тайёр бўлишим лозим. Хоҳлайманми-йўқми, инструкторлик иши мени ишлашга ундайди.

Хорижда малака оширадими?
Юқорида унинг ўзи хорижда малака ошириш нияти борлиги ҳақида гапирди. Шу боис ундан агар имкони бўлса, қаерда малака ошириши мумкинлиги ҳақида ҳам сўрадик.

- Албатта биринчи навбатда ҳозирги кунда дунёдаги яхши мураббийлар ишлаб келаётган жамоалардан бирида малака ошириш истагим бор. Масалан, Гвардиола ёки Клоп жамоаларида, уларнинг машғулот жараёнида олиб бораётган ишларини кўриш жуда қизиқ. Лекин бундай жамоаларга бориш қийинроқ бўлса керак. Негаки, у жамоаларга тажриба оширишга бормоқчи бўлган инсонлар кўпчиликни ташкил қилади. Лекин бошқа кучли жамоаларда тажриба ошириш ҳам фойдали бўлади.

«Пахтакор»дан тушган таклиф ҳақида
Тимур Кападзенинг «Локомотив»дан кетгани боис унга қизиқиш билдираётган жамоалар пайдо бўлиши ҳам табиий эди. Куни кеча «Пахтакор» клуби томонидан унга қизиқиш бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва аслида бу бежиз эмас. Хўш, мураббий уларнинг таклифини қабул қилдими? Жавобни ўзидан эшитамиз.

- Тўғри, таклиф бўлди. «Пахтакор» ходими менга алоқага чиқиб, кейинги режаларимни сўради ва «Пахтакор» ўринбосарлар таркибида иш олиб боришимга, хоҳишимни сўради. Бу таклифни кўриб чиқишга тайёрман деб айтдим. Чунки биринчидан «Пахтакор» академияси Ўзбекистонда кучлилардан бири ҳисобланади ва ёшларни кўздан кечириш, улар билан ишлаш менга фойдали бўлишини айтдим.

Иккинчидан, «Пахтакор» жамоаси менга бегона эмас, аслида. Ўзбекистонда энг кўп вақт - 6 йил мобайнида айнан «Пахтакор»нинг шарафини ҳимоя қилганман. Эндиликда Шота Арвеладзе Тошкентга келганидан кейин у билан кўришиб, унинг қарашларини, талабларини билиб, агар ҳаммаси маъқул келса, таклифни қабул қилиб ишни бошлаймиз. Асосий вазифам, футболчиларни ҳар тарафлама яхши тайёрлаб, асосий жамоага етказиб бериш бўлади.

Чемпионлик кураши хусусида
Айни пайтда Суперлигада чемпионлик учун кураш кутилганидек «Пахтакор» ҳамда «Локомотив» ўртасида кечмоқда. Биринчи даврадан кейин эса «Пахтакор» «Локо»дан 8 очкога илгарилаб кетган. Кўпчилик эса «Шерлар»нинг бу мавсумда чемпион бўлишини айтишмоқда. Кападзе эса иккала жамоанинг чемпионлик учун курашдаги имкониятлари ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди.

- Мен ҳам «Пахтакор»нинг чемпионлик учун имкониятлари юқорлиги ҳақидаги гапларни кўп эшитяпман. Лекин ҳали иккинчи давра ўйинлари бор. Қачонки, сизда бир фоизга бўлса ҳам имконият борми, демак бунга реал қараш керак. Футболда олдиндан ўйналмай туриб ютилмайди. Ҳаммаси ўйиндан кейин билинади. Агар ростдан ҳам «Локомотив»да имконият қолмаганида буни олдиндан тан олиш мумкин эди.

Тўғри, «Пахтакор» билан очколар фарқи 8 тани ташкил этади. Бироқ бу икки-учта ўйин ҳал этилиши мумкин бўлган ҳолат эканлигини ҳам унутмаслик керак. «Локомотив»да Самвел Бабаян бош мураббий бўлиб ишлаётган экан, барибир унинг ўзига яраша «амбициялари» бор ва «Пахтакор»га қарши нимадир кўрсатишга ҳаракат қилади. Назаримда, иккинчи даврада интрига бўлади. Ҳаммасини вақт кўрсатади. «Пахтакор»нинг очко йўқотишини кутишдан ташқари «Локомотив» ўзи иштирок этаётган ҳамма ўйинларда ҳам ютиши лозим.

Албатта, «Пахтакор»нинг таркибини, мураббийлар олиб бораётган ишларини, биринчи даврадаги кўрсатган ўйинлари ва натижаларига қарасак, «Локомотив»нинг мақсадига эришиши қийинроққа ўхшаб кўриняпти. Лекин иккинчи даврада «Локо»нинг ўйин услуби қанчалик ўзгаришини кўриш ҳам қизиқ. Барибир иккинчи давра бошланмасидан олдин бир нима дейиш қийин.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тимур Кападзе "Локомотив"дан Бабаян туфайли кетди...ми?