23:00 / 24.07.2019
2 962

Артур Таймазов яна бир Олимпиада олтинидан маҳрум қилинди

Артур Таймазов яна бир Олимпиада олтинидан маҳрум қилинди
Артур Таймазов допинг туфайли “Лондон -2012” Олимпиадасида эркин кураш бўйича қўлга киритган навбатдаги олтинидан маҳрум қилинди. Халқаро Олимпия қўмитасидан иддао қилишларича, спортчининг допинг намунаси қайта текширилганда ундан туринабол анаболик стероиди топилган. Ўтган йил апрелда ХОҚ айнан шу сабаб билан спортчимиз Пекин Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалини ҳам бекор қилганди.

Бироқ Артур Таймазов бу сафарги қарордан норозилигини ўзининг Instagramʼдаги саҳифасида маълум қилган:

“2008 йилги дисквалификациядан сўнг ХОҚ томонидан менинг 2012 йилги Олимпиададаги допинг намунамни текшириши кутилаётган эди ва бу менга учун сюрпризга айланмади. Натижалар эса ўша-ўша. Таассуф.

ХОҚнинг навбатдаги қарори бўйича қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.

Айбловни тан олмайман. ХОҚнинг қарорини сиёсий мақсадга қаратилган ва асоссиз деб ҳисоблайман. ХОҚнинг ички экспертизаси натижаларини тан олмайман, ушбу экспертизани ўтказиш тартибини ҳам тан олмайман, у шаффоф эмас. Қарордаги маълумотлар юзасидан арз қилмоқчиман. ХОҚ “экспертлари” ва бу “қарор”дан шод бўлганларга биринчидан мен Олимпиада шоҳсупаларининг энг юқорисида 3 марта турганим ва бундан барча ҳис-туйғуларни ҳис қилганим – буни бошқачасига ҳис этиш мумкин эмаслигини эслатиб қўймоқчиман.

Иккинчидан, тозалаш компанияси ходими – “фаррош” 30 мингта Америка намуналарини “тасодифан синдириб қўйгани”дан кейин ВАДА(Жаҳон допингга қарши курашиш агентлиги)нинг ишини жиддий қабул қилмаслик керак. Ушбу агентлик фаолияти, “экспертизалар”га асосланган қарорлари билан бирга обрўсизланганига анча бўлди.

Бугун ҳам мухлисларнинг бир пайтлари ғалаба сари йўлимдаги мададларини ҳис этяпман. Бу ҳис-туйғуларни мендан ҳеч ким тортиб ололмайди. Мен 3 карра Олимпия чемпиони бўла олишимни ўзимга исботлаганман. Мен ўз мақсадимга эришдим. Барча медалларим ўзимда қолади.

ХОҚга Олимпиада-2020 ғолибларини 10 йилдан кейин тақдирлашни, спортчиларга эса 10 йилдан кейинги текширувдан эртароқ ўзларини ғолиб ҳисоблаб қўймасликларини маслаҳат бераман”.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси сафида Артур Таймазов юқоридаги натижаларидан ташқари 2000 йил Сидней Олимпиадасида кумуш, 2004 йил Афинадаги Олимпиадасида олтин медалларни ҳам қўлга киритган.

Ҳозирги кунда у Россия Давлат думаси VII чақириғи депутати, қуйи палатанинг жисмоний маданият, спорт, туризм ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари ҳамдир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Артур Таймазов яна бир Олимпиада олтинидан маҳрум қилинди