11:57 / 25.07.2019
2 450

«ПСЖ» Неймарни яқин вақтлар ичида сотмоқчи. Роналду уни «Ювентус»да кўрмоқчи

«ПСЖ» Неймарни яқин вақтлар ичида сотмоқчи. Роналду уни «Ювентус»да кўрмоқчи
«Пари Сен-Жермен» Неймарни 31 июлга қадар сотиб юбормоқчи. Бу ҳақда AS нашри CNews манбасига асосланиб хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, парижликлар клубидагилар бразилиялик футболчидан у асосий таркиб билан машғулотларга қайтишидан аввалроқ қутулмоқчи. Парижликлар клубда ўйнашни истамаган футболчи йиғинда бўлиши клубнинг янги мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Июнь ойи бошида, Америка Кубоги арафасида жароҳат олиб, турнирдан қолиб кетган бразилиялик тўпурар Париж жамоасининг асосий таркибдан алоҳида шуғулланяпти.

Mundo Deportivo хабарига кўра, «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду Неймар билан бир жамоада тўп суришни истамоқда.

Сўнгги пайтларда бир неча реклама тадбирларида бирга қатнашган португалиялик ва бразилиялик футболчиларнинг муносабати анча яхши. Роналду Неймар билан майдонда биргаликда жуда фойдали ҳаракат қилиши мумкинлигига ишонмоқда ва 27 ёшли футболчининг келиши «Юве»ни Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш учун янада кучли қилади, деб ҳисобламоқда.

«Реал» томонидан ҳам қизиқиш мавжуд бўлган Неймарнинг ўзи «Барселона»га қайтишни истаяпти. Аммо Гризманни харид қилиб бўлган каталонияликлар унинг трансфери бўйича фаол ҳаракат қилишмаяпти. Шу туфайли ҳам футболчининг агенти Пини Захави Хитойда «Ювентус» вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда.

«ПСЖ» клубининг Хитой саёҳати 23 июлдан 2 августгача давом этади. Жамоа 27 июль куни «Интер», 30 июль куни «Сидней» билан ўртоқлик ўйинларини ўтказади. 3 август куни Франция Суперкубоги баҳсида «Ренн» билан тўқнаш келади.

Неймар «Пари Сен-Жермен»га 2017 йил ёзида 222 миллион евро эвазига «Барселона»дан ўтганди ва тарихдаги энг қимматбаҳо футболчига айланганди. 27 ёшли форварднинг Франциянинг амалдаги чемпионлари билан шартномаси 2022 йил ёзига қадар тузилган. Бразилиялик футболчи ўтган мавсумда клубининг барча турнирлар доирасидаги 28 учрашувида майдонга тушиб, 23 гол урган ва 13 голга узатма берган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «ПСЖ» Неймарни яқин вақтлар ичида сотмоқчи. Роналду уни «Ювентус»да кўрмоқчи