20:12 / 04.08.2019
2 020

Мураббийликнинг аччиқ қисмати

Мураббийликнинг аччиқ қисмати
Суперлиганинг иккинчи давраси кутилмаган воқеалар ва натижалар билан бошланди. Ҳаммадан кўра энг ажабланарлиси Бахтиёр Ашурматовнинг навбатдаги истеъфоси бўлди. Ваҳоланки, у 27 июнь куни расман «Сурхон» жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланганди. 29 июль куни эса яна «Сурхон» матбуот хизмати расман хабар тарқатди ва бу сафар Ашурматовнинг истеъфосини эълон қилди. Ҳисоблаб чиқсак, Бахтиёр Аъзамович «Сурхон»да бор йўғи 32 кун ишлади холос.

Ашурматовнинг Термиздаги қисқа фаолиятига тўхталадиган бўлсак, «Сурхон»да иш бошлаган пайтда жамоа турнир жадвалида 3-ўринда эди. У биринчи давранинг сўнгги – 13-турида Қаршида «Насаф» жамоаси билан бўлиб ўтган баҳсда расман бош мураббий сифатида ишлади. Афсуски, ўша учрашувда термизликлар «Насаф»га имкониятни бой беришди.

Шундан кейин «Сурхон»нинг навбатдаги учрашуви Ўзбекистон Лига Кубоги баҳсига тўғри келди. Термизда «Шўртан» жамоасига қарши бўлиб ўтган ўйинда «Сурхон» кутилмаганда про-лига вакилига 1:5 ҳисобида мағлубиятга учради (ўша учрашувда "Сурхон"нинг етакчи футболчиларига дам берилган).

Иккинчи давранинг дастлабки турида эса «Сурхон» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилди. Афсуски, бу сафар ҳам термизликлар яна мағлубиятга учрашди. Айтиш мумкинки, жорий мавсумда «Сурхон» ўз майдонидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Мазкур муваффақиятсиз натижадан кейин эса 29 июль куни Бахтиёр Ашурматовнинг истеъфога чиқарилганлиги маълум бўлди.

Энди ушбу вазиятга чуққурроқ ёндашиб кўрсак мақсадга мувофиқ бўларди. Аслида Ашурматовни «Сурхон»га нима мақсадда олиб келишди? Ваҳоланки, у келган пайтда «Сурхон» юқорида таъкидлаганимиздек, турнир жадвалида 3-ўринда эди. Ашурматов иш бошлашидан олдин эса термизликлар ўз уйида «Бунёдкор»ни мағлубиятга ҳам учратишганди. Натижада улар 3-ўринга чиқиб олишганди. Шунга қарамай, раҳбарият ўша пайтдаги бош мураббий Андрей Микляевнинг ўрнига Бахтиёр Ашурматовни тайинлашди. Аслида эса мана шу ўзгаришдан бирор мантиқни кўрмагандик.

Агар «Сурхон»нинг ишлари чаппасига кетиб, жамоа мағлубиятлар гирдобига тушиб, турнир жадвалида охирги ўринларда бўлса ҳам бош мураббий ўзгаришини тўғри тушунардик. Лекин жамоа кучли учликка кириб олганди. Жамоа ўз ўйини ва йўлини топиб олган бир маҳалда бош мураббийни алмаштириш қанчалик зарур эди? Хўш, мураббий алмашди ва оқибатда нима бўлди? Демак, жамоанинг бундай аҳволга тушиб қолишига биргина мураббий сабабчи эмас. Аввало клуб раҳбарларидан бу саволга жавоб излаш лозим.

Иккинчи томондан Ашурматовнинг «Сурхон» жамоасида 32 кундаёқ ўз ишидан айрилиши албатта ачинарли. Мураббийга клуб раҳбарлари ишонч билдиришганди. Шунга яраша унга етарлича имконият ҳам ҳавола этилиши керак эди. Ахир ўзлари вазият яхши бўлиб турган пайтда бош мураббийни алмаштиришдими, демак унга охиригача имконият берилиши лозим эди. Тўғри, аксига олиб Ашурматов бошчилигида «Сурхон» учта ўйинда иштирок этиб барчасида ютқазди (шундан иккитаси Суперлига ва биттаси Лига Кубогида).

Лекин иккинчи давра мусобақаси энди бошланганди. Қолаверса, Бахтиёр Аъзамович раҳбариятнинг гапларига ишониб, ёзги йиғинни астойдил олиб борди. Таркибда ҳам жиддий ўзгаришларга қўл урганди. Бир қатор легионерларни жалб этди. Кўриниб тургандики, мураббий «Сурхон»ни янада кучайтиришни мақсад қилганди. Қолаверса, унинг ҳам клубда иш бошлагач, берган интервьюларида жамоаси кучли учликка кириш учун кураш олиб боришини алоҳида таъкидлаганди.

Унинг ўзи ҳам «Сурхон»даги фаолияти бу қадар қисқа ва ёқимсиз тарзда кечишини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Қолаверса, Бахтиёр Ашурматов мураббийлик фаолиятида биринчи бор бундай ҳолатга дуч келди. Очиғи, бирор-бир мураббий янги жамоада иш бошлагач, унинг у ердаги фаолияти салкам бир ой давом этиши бу ҳар қандай мутахассис учун оғир ботади, шу жумладан Ашурматов учун ҳам. Ҳозирги пайтда уни оқлаш ёки қораламоқчи эмасмиз.

Лекин ҳар қандай мураббийга ҳам етарлича имконият яратиб берилиши шарт. Ахир бир ой бўлиб-бўлмай мураббийлар алмаштирилаверса, бу қандай жамоа бўлади? Яна ўша гап: аслида ҳаммасига «Сурхон» раҳбарияти сабабчи. Уларнинг ўзлари вазият шундай бўлишига йўл очиб бердилар. Ёки бўлмаса, Микляевни ишдан бўшатмасликлари керак эди. Ҳайронмиз, бундай ўзгаришдан кўзланган мақсад нима эди? Натижада ҳозирги ҳолатда клубнинг ўзи ҳам, мураббий ҳам жабр кўрди. Бу ёқда эса мухлислар эътирозларини билдиришяпти. Қайси мураббий бир ой ичида натижа қила олади? Ҳеч ким!

Шундай экан, Ашурматовни олиб келишдими, демак, унга натижа қандай бўлишидан қатъий назар охиригача имконият беришлари мақсадга мувофиқ бўларди. Бир жамоада тинмай мураббий алмашаверар экан, бу клубнинг зарарига ишлаши мумкин. Чунки исталган мутахассис иш бошлагач, у ўзининг ўйин услубини йўлга қўйишни бошлайди. Футболчилар эса бир зумдаёқ мураббийнинг ўйлаган режа ва тушунчаларини ўзлаштира олмайдилар. Бунинг учун ҳам вақт керак бўлади. Мураббийларни қўлқопдек алмаштираверишдан эса футболчилар ҳам жабр кўришлари мумкин.

Чунки улар энди бир мураббийга мослашаётган пайтда, дарҳол ишдан олиниб бошқаси келса, яна унга мослашишларига тўғри келади ва бу ҳам маълум вақтни талаб қилади. Қарабсизки, бу пайтда вақт қандай ўтиб кетганини сезмай ҳам қоласиз. Қолаверса, Ашурматовнинг ўзи ҳам имкони қадар натижа келтириш ҳаракатида эди ҳамда вазиятни яхши англаб турганди.

Бироқ учта мағлубиятдан кейин дарҳол истеъфога чиқарилиши мураббий учун ҳам руҳий томондан оғир зарба бўлди. Ўзи шундоқ ҳам ушбу мавсумни «Бухоро» клубида бошлаб 8-турдан кейин ишдан бўшаганди. Унинг ўзи эса иложи борича бирор жамоада иш бошласа кўпроқ муддатга фаолият олиб бориш нияти борлигини айтиб келаётганди. Масалан, ўтган йили АГМКда ҳам ярим мавсум ишлаганди холос. Аммо ўшанда у клуби билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб тарихдан жой олганди.

Шундан сўнг унга бўлган эътибор анча ошганди. Кейин эса «Бухоро»да иш бошлаганди. Аммо у ерда турли қийинчиликларга дуч келди. Шундан сўнг «Сурхон»дан тушган таклифдан сўнг бу ерга яна катта умид ва мақсадлар билан келганини яширмаганди. Лекин бу сафар бор йўғи бир ойгина ишлагани ҳаммасидан ошиб тушди.

P.S. Тез орада Бахтиёр Ашурматов билан клубдан кетишининг сабабларига бағишланган суҳбатни ўқишингиз мумкин.

Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мураббийликнинг аччиқ қисмати