12:53 / 28.09.2019
2 391

Вадим Абрамов: «Менинг давримда ҳар бир ўзбекистонлик миллий жамоага номзод»

Вадим Абрамов: «Менинг давримда ҳар бир ўзбекистонлик миллий жамоага номзод»
Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинлангани кўпчилик мухлислар томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Аргентиналик Эктор Купернинг ўрнини эгаллаган Абрамов «Бунёдкор» машғулотларидан сўнг Tribuna.uz мухбирига интервью беришга рози бўлди.

«Бу катта масъулият»
Вадим Абрамов 7 йилдан сўнг миллий жамоага қайтишини катта масъулият деб атади. Мураббий бу лавозимга қайтганидан хурсандлигини ҳам яширмади. Жозе Моуриньо бирор жамоага қайтиш ҳақида шундай деганди: «Сен қайсидир жамоага қайтдингми, демак олдинги келганингда у учун нимадир қилгансан». Абрамов ҳам бежизга ортга қайтарилмади. У миллий жамоага кўп нарса бера олган. Мураббий қайтиши ҳақида шундай деди:

«Бу лавозимга биринчи марта келаётганим йўқ, шу боис қандайдир ноодатий ҳисни туймоқдаман деб айтмаган бўлардим. Албатта бу лавозим одамга катта масъулият беради. Менга ишонаётган кўплаб мухлисларни уялтирмаслигим керак».

«Олдинги келганимда ҳеч ким биздан мўжиза кутмаганди»
Абрамовнинг айтишича, бугунги миллий жамоа билан e олдин ишлаган жамоанинг фарқи бор: «Албатта, фарқ катта. Олдинги сафар жамоани қабул қилиб олганимда биз рейтингда 108-ўринда эдик ва мендан шунчаки жамоа тузиш ҳамда Осиё Кубогида шарманда бўлмасликни сўрашган. Менимча, биз вазифани уддалагандик. Бундан ташқари, ўшанда жамоани олдинроқ қабул қилиб олгандим. Мен май ойида келган бўлсам, Осиё Кубоги январда ўтказилганди. Ҳозир эса вақт жуда кам. 2 октябрда йиғилиб, бир ҳафта ичида ўйинларга тайёрланишимиз керак. Қийинчиликлар бор, лекин футбол шундай ўйин. Умид қиламан, биз қийин вазиятдан чиқиб кета оламиз».

«Мен қаерга бораётганимни биламан...»
Вадим Абрамовдан миллий жамоага қайтиш учун қанчалик ҳаракат қилганини сўрадик: «Мураббий учун миллий жамоа бош мураббийи бўлиш катта масъулият. Мен қаерга қараб кетаётганимни биламан. Кўрамиз, эплармиканман ёки йўқ. Ҳозирги футболчилар билан жаҳон чемпионатида чиқиш мумкинми? Бу ҳақда ҳозирги гуруҳдан чиқсак, нимадир дейишим мумкин. Аввал футболчилар билан яқинроқ танишиб олишим керак. Агар бу гуруҳдан чиқсак, имкониятларимизни чамаласак бўлади. Рақибларимизда аллақачон 4 талаб очко бор, бизда эса бирорта очко йўқ. Аввал мана шу муаммони ҳал қилишимиз керак».

Абрамовнинг айтишича, у Яман ва Сингапурга қарши ўйинларга жиддий қарамоқда. Мураббий Яманнинг Саудия билан дуранг ўйнаганига эътибор қаратди: «Мен бу ўйинларга жиддий эътибор беряпман. Яманда уруш кетаётганига қарамай, жамоа ёмон ўйнамаяпти. Яман Саудияга ютқазмади, Сингапурга ҳам. Рақибга жиддий қарашимиз керак. Сингапур ҳам футбол ўйнашни биладиган жамоа. Бунинг устида биз бу жамоа билан узоқ парвоздан сўнг ўйнаймиз. Бир сўз билан айтганда, Сингапурга айланиб келгани бормаймиз».

Элдорнинг бўладиган футболчи эканини «Машъал»даёқ билгандим»
Абрамовга мамлакат футболининг асосий юлдузи Элдор Шомуродовдан қандай фойдаланмоқчи экани ҳақида савол бердик. Мураббийнинг айтишича, кучли футболчидан фойдаланиш қийин эмас:

«У яхши формада бўлса, фойдаланиш қийин эмас. Уни шунчаки олдинга чиқариш керак ва ўзи фойдаланиб кетади. Ҳозирча Элдор билан гаплашганим йўқ. Уни «Машъал»даги ўйинларидан эслайман. Ўшандаёқ бўладиган футболчи экани кўринганди. Биз уни «Локомотив»га олиб келмоқчи ҳам бўлганмиз, аммо «Бунёдкор» илдамлик қилганди».

«Шу футболчилар ёрдамида миллий жамоага қайтдим»
Абрамовдан «Бунёдкор» футболчилари унинг миллий жамоага тайинланишини қандай кутиб олганини сўрадик. Мураббий ҳозирги шогирдлари ёрдамида мамлакатнинг бош жамоасига қайтганини айтиб, улардан миннатдорлигини айтди:

«Клубдаги йигитлар миллий жамоага тайинланганимни оддий қабул қилишди. Улар бироз хафа бўлгандек ҳам кўринишди. Бу футболчиларимдан миннатдорман, ахир мен улар ёрдамида миллий жамоага қайтдим. Жамоа билан мавсум охиригача ишлайман. Биз иккита турнирда яхши имкониятга эгамиз ва бундай вақтда йигитларни ташлаб қўйишим яхши эмас».

«Менинг давримда ҳар биз ўзбекистонлик футболчи миллий жамоага номзод бўлади»
Вадим Абрамовдан у қайтганидан сўнг бир қатор миллий жамоадан узоқда қолаётган футболчилар яна бош жамоадан чақирув олгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини сўрадик. Мураббий эса бу саволга ўз услубида ноодатий жавоб берди:

«Биласизми, мен қайсидир футболчини қайтараман деб айтмоқчи эмасман. Менинг давримда футбол ўйнашни биладиган ҳар бир ўзбекистонлик миллий жамоага номзод бўлади. Миллий жамоа бу танишларни чақирадиган пансионат эмас. Миллий жамоада фамилиялар аҳамиятсиз, унда бош жамоада ўйнашга муносиб бўлган футболчиларгина ўйнайди»,— деб сўзини якунлади Вадим Абрамов.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: «Менинг давримда ҳар бир ўзбекистонлик миллий жамоага номзод»