08:46 / 01.10.2019
2 441

Купернинг истеъфоси ва Абрамовнинг тайинланувига мутахассис муносабати

Купернинг истеъфоси ва Абрамовнинг тайинланувига мутахассис муносабати
Ниҳоят, миллий терма жамоамизда кутилган ўзгариш амалга ошди. Аргентиналик Эктор Купер истеъфога чиқарилиб, ўрнига Вадим Абрамов тайинланди. Табиийки, ушбу ўзгаришга ҳар ким ўз муносабатини билдирмоқда. Кўпчилик эса Вадим Карленовичнинг терма жамоамизга бош мураббий бўлишини кутаётганди ҳам. Биз эса терма жамоамиздаги ўзгариш ҳақида ҳозирда «Металлург»да ишлаётган ва бунгача турли ёшдаги терма жамоаларимизда фаолият олиб борган мутахассис Мурод Исмоиловнинг фикрларига қулоқ солдик.

Купернинг истеъфоси ҳақида
Мурод Исмоилов авваламбор Эктор Куперинг истеъфога чиқарилганлиги тўғрисида ўз муносабатини билдирди.

- Эктор Куперни ишлаган вақти мобайнида ўйлаган режалари қанчалик амалга ошди ёки ошмади, шунингдек, ўйин услубидан келиб чиқиб, қилган меҳнатларини ёмонламоқчи эмасман. Балки унда нимадир ўхшамай қолгандир. Кеч бўлмасидан бош мураббийни алмаштирилиши айни муддао бўлди. Айниқса, ўзимизнинг футболни ич-ичигача яхши биладиган Вадим Абрамовнинг тайинланиши тўғри бўлди. Айнан шу ўзгариш ўз вақтида амалга оширилди. Вадим Карленович барча ўйинчиларни билади ҳамда унинг услублари ҳам бошқачароқ. Ҳар томонлама бу ўзгариш бизга мос тушади.

У бир йил давомида бизга нима берди?
Маълумки, эндиликда собиқ мураббийга айланган Купер юртимизда бир йил давомида ишлади. Қизиқ, у шунча пайт давомида футболимизга нима бера олди? Исмоилов ушбу масала хусусида шундай деди?

- Барибир кимдир ундан нимадир олди, ўрганди. Албатта, терма жамоамизнинг ичкарисидаги ҳолат қандай бўлганини билмаймиз. Барибир футболга бўлган муносабати, охирги жаҳон чемпионатида Миср билан жаҳон чемпионатида қатнашгани ва ўзидаги бошқа билимлари билан ўртоқлашган бўлиши керак. У бизга ҳеч нима бермади дея олмайман. Шунинг учун футболчиларимиз Купердан нимадир ўрганишди деб ўйлайман.

Фаластинга учралган мағлубият Купернинг истеъфога чиқарилишига арзирмиди?
Албатта, терма жамоамизнинг Фаластинга мағлубиятга учрагани хафсаламизни пир қилгани рост. Хўш, ушбу ўйиндаги мағлубият аслида Купернинг истеъфога чиқарилишига қанчалик арзирди? Айнан ушбу савол билан Мурод Исмоиловга мурожаат қилдик.

- Менимча, биргина бу мағлубият сабаб бўлмаса керак. Бундан олдинги учрашувларда ҳам кўриниб тургандики, бизда нимадир ўхшамай турганди, ўйинимиз ҳам қовушмаётганди. Шу боис унинг кетиши Фаластинга қарши ўйин билан боғлиқ. Барибир Купернинг ишида нимадир кўнгилдагидек чиқмаётганди-да. Ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб унинг истеъфосига олиб келди. Балки ўзининг услубини йигитларга тўлиқ тушунтира олмагандир. Боя айтганимдек, терма жамоамизнинг ичкарисида нима гаплар бўлганини билмайман.

Ўша ўйин тўғрисида
Умуман олганда, Фаластин билан учрашувда жамоамиз, айниқса, собиқ бош мураббий кескин танқидларга учради. Ҳеч кимга ёқмаган ўйиндан ҳамма ҳайратга тушиб қолганди. Чунки ҳеч ким бундай ёқимсиз ўйинни кутмаганди.

- Футболда бундай ўйинлар бўлиб туради, - дея гапни давом эттирди, Исмоилов. - 2014 йилги жаҳон чемпионатида ҳам Бразилия ўз майдонида Германияга 1:7 ҳисобида ютқазиб қўйган. Буни ҳеч ким кутмаганди. Бошқа жамоаларда ҳам шунга ўхшаш вазиятлар албатта учраб туради. Ўша куни йигитларимиз ҳаракат қилишмади, ўйнашмади дея олмайман. Шунчаки, ҳеч нарса ўхшамади. Ўша куни Фаластиннинг ўйлаган режалари амалга ошди. Бизда эса аксинча ҳолат бўлди, ўйинимиз умуман қовушмади.

Вадим Абрамов терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишга қодирми?
Энди барча умид ва эътибор Вадим Абрамовга қаратилиши шубҳасиз. Муҳими, мухлисларнинг ўзлари хоҳлаган мураббий орадан йиллар ўтиб, яна миллий терма жамоага қайтарилди. Бизнинг азалий орзуимиз ҳисобланган жаҳон чемпионати сари Ўзбекистонни етаклаб бориши керак. Хўш, у қанчалик бизни мундиалга олиб чиқа олади? Исмоилов қуйидагича фикр билдирди.

- Буни Худо билади. Битта томони борки, у боя айтганимдек, футболчиларимизни жуда яхши билади. Унинг ҳаёти футбол билан чамбарчас боғлиқ. Абрамов мухлисларимиз хоҳлайдиган даражада ўйин услубига эга. Фақат мураббий хоҳлаётган нарсани футболчилар майдонда бажариб беришлари керак. Купер ҳам жамоамизни олиб чиқа олмайман ёки нима бўлса бўлар деб ишламаган. У ҳам Ўзбекистонга яхши ниятлар билан келган, терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишни истагани аниқ.

Лекин у хоҳлаётган нарсани майдонда бажариб бериш ҳам керак-да. Тўғри, унинг тактикаси кўпроқ ҳимоявийликка асосланган бўлиб, бизга тўғри келмади ҳам дейлик. Мана, энди бизга ҳужумкор ўйин кўрсатишни ёқтирадиган мураббий келди. Энди йигитларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Раҳбарларимиз, мухлисларимиз, умуман барчамизнинг ич-ичимиздан хоҳлаётган ниятимизни футболчиларимиз рўёбга чиқариб беришса, ишқибозларимизнинг орзусини амалга оширишган бўлади. Бу эса футболимиз учун катта плюс бўлади. Айниқса, футболимизнинг келажаги учун муҳим қадам қўйган бўлардик. Энди футболчиларимизни ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишади деб айтяпмиз. Фақат буни рўёбга чиқариш қолди холос.

Футболда кимлар ишлаётган бўлса, ҳаммамиз қарздормиз. Кимнинг олдида? Футболсевар мухлисларимиз ва раҳбарларимиз олдида қарздормиз. Агар орзуимизни рўёбга чиқарадиган бўлсак, нур устига аъло нур бўларди. Мана, бошқа спорт турларимиз бўйича жаҳон чемпионлари етишиб чиқмоқда, Олимпиадаларда қатнашиб келишяпти. Ниятим эса бизнинг раҳбарларимиз ҳам футбол бўйича жаҳон чемпионатига бориб, давлатимиз мадҳиясини стадионда эшитишларини истайман. Шунинг учун биз қарздормиз. Футболчиларимизга ушбу гаплар етиб боришини хоҳлардим. Айниқса, юрагидан ҳис қилиб, эътибор беришларини истайман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Купернинг истеъфоси ва Абрамовнинг тайинланувига мутахассис муносабати