Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Сингупурга қарши ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб Осиё саралаш босқичининг «D» гуруҳи етакчисига айланиб олди. Абрамов мураббийлигида иккинчи ўйинини ўтказган миллий жамоа ишончли ҳаракат қилишда давом этди. Икки ўйинда киритилган 8 та гол шубҳасиз, жамоанинг ҳолати яхшилигини кўрсатади.
Сингапурга қарши ўйиндан сўнг миллий жамоа футболчилари ўз фикрларини билдиришди. Шу ўринда ўйиндан олдин ҳам, кейин ҳам футболчиларнинг кайфияти яхши бўлганини таъкидлаш керак.
«Пахтакор» етакчиси Жалолиддин Машариповнинг фикрича, миллий жамоа интизомли ўйин эвазига ғалаба қозонган. Машарипов шунингдек Саудия билан ўйин жуда муҳимлиги ҳақида гапирди:
«Майдонга тушишдан олдин ҳар бир рақибни ҳурмат қилиш керак. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон ва Сингапурнинг даражаси бошқача деб ўйлайман. Буни майдонда исботлай олишимизга ишонгандик. Биринчи голни ургандан кейин бироз бўшашдик ва бундан фойдаланган рақиб ҳисобни тенглаштирди.
Танаффус вақтида мураббий қандай ўйнаш кераклигини яна бир бор тушунтирди ва қийин вазиятдан чиқиб кетдик. Шу ўринда гуруҳда биринчи ўринга чиққанимиз билан бутун ўзбекистонлик мухлисларни табриклайман. Худо хоҳласа, бундан буён биринчи ўриндан тушмаймиз.
Танаффус арафасида урилган гол доим футболчига ёмон таъсир қилади. Аммо жамоа бундай ҳолатдан чиқиб кетишни билиши керак. 90-дақиқада гол ўтказиб, қўшимча дақиқаларда ютиб кетган вақтимиз ҳам бўлган. Бу футболчининг иродасини синайдиган ҳолат. Бугунги ўйинда эса ўтказиб юборилган голдан кейин 45 дақиқа вақтимиз бор эди ва хотиржамлик билан имкониятлардан фойдаландик.
Ўзбек футболи бунақа ғалабаларни соғиниб қолганди, шу боис иккинчи голдан кейин ҳам бўшашмадик. Ниманинг эвазига ғалаба қозондик? Менимча, интизомнинг ҳисобига. Мураббий ҳамма ўз ўрнида ўйнаши кераклигини ва албатта имконият бўлишини тушунтирди. Айнан интизомли ўйин ҳисобига ғалаба қозондик.
Абрамов мендан кўпроқ ҳужумга ўтишни, хоҳлаганимдек ўйнашни сўрамоқда. У техникамдан фойдаланишим кераклигини айтади. Мен учун асосийси жамоа манфаати, шу учун орқароққа қайтиб ўйнаган ҳолатлар ҳам бўлади. Муҳими жамоага фойдам тегсин.
Бу ҳали энг яхши мавсумим эмас деб ўйлайман, ҳали бундан яхшироқ мавсумлар бўлади. Энди ҳозиргидан ёмон ўйнашга ҳаққим йўқ. Саудия билан ўйин жуда муҳим. Бу ўйинда ғалаба қозонсак, жаҳон чемпионати томон катта қадам ташлаган бўламиз. Тўғри, ҳали яна битта босқич бор, аммо Саудияни енгишимиз руҳий кўтаринкилик беради.
Саудия билан «Пахтакор»да ўйнашимиз ҳам жуда яхши бўлди. Чунки бу стадион футболчилар учун ҳам қулай. Умид қиламан, бу ўйинда ғалаба қозониб, гуруҳдан чиқиш вазифасини ҳал қиламиз».
Миллий жамоанинг янги юлдузига айланган Санжар Қодирқулов Абрамов танлаган тактикада тўпни ушлаб туриш муҳимлинини айтди. Санжар ўзини асосий таркибнинг доимий вакили деб ҳисоблашга ҳали эрта эканини ҳам айтди:
«Марказда ўйнашим? Менинг ўйинимни кам кўрган бўлсангиз керак, фақат қанотда эмас, марказда ҳам ўйнайман. Яман билан ўйинда Жамшид билан марказда тушганимиздан қандайдир стратегия кўзланганди деб ўйламайман, шунчаки таркибни эълон қилишди ва чиқиб ўйнадик.
Бу тактикада тўпни ушлаб туришни билиш керак, мураббий шу нарсани эътиборга олиб футболчи танлайди. Жамоадаги барча айнан тўпни назорар қилишни биладиган юқори даражадаги футболчилар.
Иккита учрашувда илк дақиқалардан ўйнаганим учун ўзимни асосий таркибнинг ўзгармас футболчиси деб ҳис қилишим керак эмас. Бу ўйинларда жонимни бериб ўйнадим ва бундан кейин ҳам шундай ўйнайман».
Шу ўринда Санжар Қодирқулов ҳақида икки оғиз. 1997 йилда туғилган «Бунёдкор» футболчиси Яман билан ўйин арафасида миллий жамоага жалб қилинганди. Айнан Яман билан ўйинда миллий жамоа сафидаги дебютини ўтказган Санжар 3-дақиқадаёқ гол урганди. Қодирқулов Сингапур билан ўйинни ҳам тўлиқ майдонда ўтказди.
Ўйин қаҳрамонига айланган ва дубль қайд этган Элдор Шомуродов миллий жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини, ҳужумчи сифатида буни хоҳламаслик тўғри бўлмаслиги ҳақида гапирди:
«Бу ўйинни ютишимизни билгандик. Рақиб кўп ҳужум қилмади, аммо танаффус арафасида урилган гол бизга бироз қийинчилик туғдирди. Жаҳон чемпионатига чиқишни мақсад қилган жамоа эса бундай ҳолатлардан чиқиб кетишни билиши керак.
Миллий жамоа сафидаги энг яхши тўпурар бўлиш? Албатта, буни хоҳлайман, ҳужумчи бўлгандан кейин ўз олдимга бундай мақсад қўймасам, тўғри бўлмайди»,— деб Шомуродовнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.
Сингапур дарвозасига иккита гол урган Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоаси тўпурарлари қаторида 7-ўринга кўтарилди. Айни дамда унинг ҳисобида 16 та гол бор. Фаолиятини якунламаган футболчилар орасида фақатгина Одил Аҳмедов (20 та) ва Сервер Жепаровлар (25 та) Шомуродовдан кўп гол урган.
Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳамон Максим Шацких бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 34 та гол бор. Рўйхатнинг кейинги поғоналарида Александр Гейнрих (31 та), Миржалол Қосимов (30 та) ва Игорь Шквирин (20 та) бормоқда.
Сингапурни мағлуб этган Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаши Осиё минтақасидаги «D» гуруҳида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Гуруҳнинг 3-турдан кейинги етакчиси Саудия Арабистони 4-турда Фаластин билан 0:0 ўйнади ва шу боис Ўзбекистон яққол пешқадамга айланиб олди. 14 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Саудия Арабистонини қабул қилади. Бу ўйинда биринчи давра ғолиби аниқланади. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи