21:24 / 21.10.2019
2 967

Тиаго Безерра ўзбек футболи, Жалолиддин Машарипов, “Пахтакор” ва палов ҳақида

Тиаго Безерра ўзбек футболи, Жалолиддин Машарипов, “Пахтакор” ва палов ҳақида
Жорий мавсум Осиё Чемпионлар Лигасида ажойиб ўйинлар кўрсатиб, стадионга минглаб мухлисларнинг қайтишига сабабчи бўлган “Пахтакор” жорий йил бошида таркибда катта йўқотишларга учраганди.
Айниқса, бразилиялик маҳоратли ярим ҳимоячи Тиаго Безерранинг клубдаги ўрни беқиёс эди. Унинг тезкор дриблинглари, урган голлари ёш футболчилар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Тиаго ҳозирда Қатарнинг “Ал-Хор” клубида тўп сурмоқда, яқинда у билан боғланиб сайтимиз учун интервью олдик.

- Салом Тиаго. Қатарда ишларингиз қандай кетяпти? Жамоангизни юқори ўринлар учун курашишга кучи етадими?
- Мен бу клубнинг аъзоси эканлигимдан хурсандман. Тўғри, чемпионатдаги ишларимиз яхши эмас, аммо биз юқори савиядаги клубларга қарши ўйнаяпмиз. Муҳим учрашувлар ҳали олдинда. Ишонаманки кейинги турларда янада мувафаққиятли тўп тепамиз.

- Мамлакатимиз футболидаги ўзгаришлар ва янгиликлардан хабарингиз борми?
- Ҳа. Албатта. Ўзбек футболидаги воқеалардан воқифман. Мен учун шаҳар ва собиқ жамоам қадрдон бўлиб қолган. “Пахтакор”даги футболчилар ва мураббийлар билан алоқани сақлаб қолганман. Уларни қўлга киритган олтин медаль билан табриклайман. Аслида, ўтган мавсум ҳам чемпион бўлишга муносиб эдилар.

- Ўзбекистонда бир ярим йилдан ошиқ вақт давомида тўп тепдингиз, мана шу вақт мобайнида ўзингиз учун нималар олдингиз ва “Пахтакор” сизга нима берди?
- Мен фаолиятимдаги энг яхши дамларни айнан “Пахтакор”да ўтказдим. Кўплаб индивидуал ва жамоавий ютуқлар соҳиби бўлдим. Шота Арвеладзедан ва футболчилардан кўп нарсани ўргандим. Мухлислар ва у ердаги футболни севадиганлар мени эътироф этганидан бошим осмонга етди. Ўзбеклар худди бразилияликлар каби ёрдам беришга интилишлари манзур бўлди. Мамлакат тинч, хавфсиз. Халқ эса сахий ва оқкўнгил. Умуман олганда ижобий хотиралар мени Ўзбекистон билан боғлаб туради. Палов билан кабобни мазасини асло эсдан чиқармайман.

- Терма жамоамиз жаҳон чемпионатидаги саралаш баҳсларини ўтказмоқда. Нима деб ўйлайсиз, азалий орзуимизга етишимизга нима тўсқинлик қиляпти?
- МТЖни кузатиб боряпман. Деярли барча футболчиларни биламан. Умид қиламанки сизлар мундиалга борасиз. Мана, маҳаллий чемпионат кучайиб боряпти, ёш футболчиларга ҳам эътибор кун сайин ортмоқда.

- “Пахтакор”ни тарк этишингиз нима билан боғлиқ?
- Биринчи навбатда оилам ва ўзим учун тўғри бўлган қарорни қабул қилдим. Бошқа изоҳга ҳожат йўқ.

- Яқин келажакда қайси футболчимиз кучли бешлик чемпионатига йўл олиши мумкин?
- "Жама"ни яъни, Машариповни халқаро майдонда кўриб қолсам ажабланмайман. Шахсан ўзим учун у бетакрор футболчи. Унинг ўзига хос ўйин услуби ва истеъдодини юқори баҳолайман. Мен Жалолни мухлиси ва дўсти сифатида доим қўллаб-қувватлайман. Юқоридаги гаплар Игор Сергеевга ҳам тегишли.

- Легионер сифатида бир қанча мамлакатлар чемпионатида ўйнагансиз, у ердаги мухлисликдан хабардорсиз. Шу маънода, ўзбекистонлик ишқибозлар улардан нимаси билан фарқланади?
- Юртингиздаги аксарият учрашувлар мухлислар тўла стадионда, ажойиб муҳитда ўтади. Ўз навбатида, "Пахтакор" ишқибозлари ҳам ҳар жабҳада фидойилик намойиш этишади. Уларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ижобий натижаларга эришдик. Жонкуярлик бобида ўзбекистонлик мухлислар ҳеч кимдан қолишмаслигини эътироф этишим мумкин. Улар мен учун бебаҳодирлар. Барчангизни яхши кўраман ва соғиниб қоламан.

- Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Кейинги фаолиятингизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз!
- Сизга ҳам рахмат.
Абдулазиз суҳбатлашди

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тиаго Безерра ўзбек футболи, Жалолиддин Машарипов, “Пахтакор” ва палов ҳақида