Адебайор: «Қайсериспор»ни тарк этдим, тез орада бир қарорга келаман»

  • 05 декабрь 2019, 14:42
  • 702
  • Спорт
  • Адебайор: «Қайсериспор»ни тарк этдим, тез орада бир қарорга келаман»
    Фото: Getty Images
    «Қайсериспор» клубининг энг таниқли футболчиси Эммануэль Адебайор Туркия жамоасини тарк этганлигини тасдиқлади. Бу ҳақда футболчи «BBC»га интервью берди.

    35 ёшли тоголик форвард Туркия чемпионатининг 18-туридаги «Бешиктош» - «Кайсерисор» (4:1) ўйинидаги мағлубиятдан кейин бу учрашув унинг турк клубидаги сўнгги баҳси бўлганлигини айтди. Шу куни у «Қайсериспор»нинг ягона голига муаллифлик қилди.

    «Қайсериспор»даги фаолиятим мен учун қийин кечди. Узоқ ўйлаб, клубни тарк этишга қарор қилдим. Бу фаолиятимдаги энг қийин қарорлардан бири бўлди. Жамоага янги тарих яратиш учун катта мақсадлар билан келгандим. Аммо барчаси мен ўйлагандек бўлмади. Оилам ва ҳаммасини ўйлаб кўриб, клубни тарк этиш ва ҳаётда олдинга интилиш керак деган хулосага келдим. Жамоани тарк этсам-да, бу клуб юрагимда қолади. Туркияда уч йилни яхши ўтказдим. Туркия Суперлигасини Европанинг энг яхши лигалари қаторида бўлишини тилайман» - деди Адебайор.

    Таниқли футболчининг маълум қилишича, у кейинги фаолияти борасида тез орада бир қарорга келади. Шу билан бирга африкалик форвард Туркияга яна қайтиши мумкинлигини рад этмади.

    «Фаолиятимни якунлаш фикридан йироқман. Шунчаки, ҳозирча барчасини унутиб, уйга қайтишни ва кейинги фаолиятим ҳақида ўйлаб кўришни истайман. Туркияга яна қайтаманми ёки йўқ, буни вақт кўрсатади. 1-2 ҳафта уйда, оилам, яқинларим даврасида бўлганимдан сўнг, кейинги фаолиятим ва клубим борасида бир қарорга келаман» - дея фикр билдирган Адебайор «BBC» мухбири билан суҳбатда.

    Маълумот учун, Эммануэль Адебайор «Арсенал» (2005-2009), «Манчестер Сити» (2009-2011), «Реал» (2010-2011), «Тоттенҳэм» (2011-2015) ва «Кристал Пэлас» (2015-2016) каби клубларда тўп сурган, 2017 йил январида Туркия чемпионатига йўл олган эди. У уч мавсум «Истанбул» клубида ўйнагач, 2019 йил августида «Қайсариспор» сафига келиб қўшилган ва жамоа билан бир йиллик шартнома имзолаганди.

    «Қайсариспор» Туркия Суперлигаси 13-туридан кейин турнир жадвалида бор йўғи битта ғалаба билан сўнгги 18-ўринни эгаллаб турибди.

    Эслатиб ўтамиз, куни кеча Туркиянинг «Milliyet» нашри Эммануэль Адебайорнинг «Пахтакор» сафига ўтиш масаласида Шота Арвеладзе билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида хабар берганди.

    » » Адебайор: «Қайсериспор»ни тарк этдим, тез орада бир қарорга келаман»