19:40 / 18.12.2019
2 001

Месси ёки Бензема, Фати ёки Родриго: класико қаҳрамони ким бўлади?

Месси ёки Бензема, Фати ёки Родриго: класико қаҳрамони ким бўлади?
Фото: Спорт-Экспресс
Чоршанба оқшомида бўлиб ўтадиган ўйин арафасида «Барселона» ва «Реал» бир хилда очко жамғариб турибди. Қуйида Испания чемпионатининг биринчи қисмида ким устун келишини белгилаб берадиган муҳим ўйин ҳақидаги мулоҳазалар келтирилади.

Испания чемпионати. 10-турнинг қолдирилган ўйини
Барселона — Реал

18 декабрь. Барселона. «Камп Ноу» стадиони. 00.00
Ҳакам: Эрнандес-Эрнандес.

Куртуа «орзудаги ҳужум учлиги»га қарши

Ўтган ҳафта охиридаги ўйинлардан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак «Реал»да кайфият яхшироқ. Бир томондан улар «Камп Ноу»га турнир яккапешқадами сифатида келиш имкониятини қўлдан чиқаришди. Бошқа томондан, мадридликлар Валенсиядаги ўйин сўнггида қаҳрамонлик кўрсатиб ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчисида ўйинни қутқариб қолишди. Бунда сўнгги дақиқаларда рақиб жарима майдонига борган Куртуанинг улуши катта, у бурчак зарбасидан кейин боши билан зарба бергач, рақиб дарвозабонидан қайтган тўпни Бензема осонлик билан дарвоза тўрига жойлади.

Бир йил муқаддам сотиб олган бельгиялик дарвозабон бу мавсумга келиб ўз даражасига қайтди ва ишончни оқлай бошлади. Ла Лигада 13 ўйиндан 7тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаган Куртуа клуб рекордига яқинлашаётганди, аммо «Реал Сосьедад»га қарши ўйинни илк дақиқаларидаёқ ортга ноқулай узатма берган Серхио Рамос барчасини чиппакка чиқарди. Умуман, «Қироллик клуби» мудофааси бу мавсумда ишончли ўйнамаяпти, аммо Куртуа ўз маҳоратини кўрсатиб, жамоани голлардан сақлаб қолмоқда.

«Барселона»га қарши сафар ўйинида эса бу долзарб аҳамият касб этади. Рақиб Сан-Себастьяндаги дуранг билан якунланган ўйиндан кейин аламзада ҳолатда, каталонлар сўнгги ўн йилликда энг кўп марта шу стадионда очко йўқотган. 2:2 — қониқарсиз натижа бўлсада, жамоа ҳужумида аҳвол ёмон эмас. Жамоага мослашишда давом этаётган Гризманн қаторасига иккинчи турда гол урди, Суарес бир гол уриб, бир голга ҳаммуаллиф бўлди, Месси голли пас билан чекланди. Бу трио ҳар қандай ўйинга тайёр.

Куртуа супермен режимини ёқиши талаб этилади. «Барса» ҳужумида Дембеленинг жароҳати туфайли юзага келган бўшлиқ Чемпионлар лигасида омадли дебют қилган Карлес Перес ва 17 ёшли вундеркинд Фати орқали ёпилиши мумкин. Лекин улар катта ўйинлар тақдирини ҳал қилишга қанчалик тайёр?

Пик формадаги Бензема каталонлар мудофаасига қарши

«Реал»нинг асосий ҳужумчиси бўлиш ҳаммагаям эмас. Бу доимий равишда мухлислар томондан ҳам, клуб президенти томонидан ҳам босим остида бўлиш демакдир. Телба Флорентино Перес ўз вақтида клуб даражасига жавоб бермайди деб Игуаиндан осонлик билан воз кечганди. Пипитони қаймоқранглилар футболкасида 121 гол ургани ҳам қутқариб қололмаганди. Бензема эса барча турнирлардаги ўйинларни қўшиб ҳисобласа клуб сафида урган голлари сонини 300тадан оширди, у мадридлик тўпурарларнинг Ла Лига бўйича рейтингида яқинда афсонавий Ференц Пушкашни олтинчи ўриндан тушириб юборди. Яна бироздан кейин яна бир афсона — Уго Санчес ортда қолдириши кутилмоқда, аммо бундай натижа ҳам Пересни янги форвард қидиришдан тўхтатиб қололмаслиги мумкин.

Эҳтимол, келгусида Йович асосий ҳужумчига айланади, лекин ўтган мавсумда Бундеслигани титратган сербиялик ёш ҳужумчи «Сантьяго Бернабеу»да ўзини кўрсата олмаяпти ва ўзига сарфланган 60 миллион еврони оқламаяпти. Лекин ҳеча ким Лукага ишончсизлик билдиргани йўқ. Зинедин Зидан у «Айнтрахт»да одатланган икки марказий ҳужумчи билан ўйнаш схемасини ҳам қўллашга рози бўлмоқда. Лекин бу берган натижа атиги битта гол, ҳа, у жароҳатини тузатишга кўп вақт сарфлади ҳамда кўп амалиётига эга бўлмади, лекин битта гол жуда кам. Қолаверса, бу Йовичнинг ҳам ўзига бўлган ишончини синдириши мумкин.

Бензема сифатли ўйини билан ажралиб туради. У турли миш-мишларга ва трибуналардаги ҳуштакбозликларга эътибор қаратмасдан бош мураббий ўзидан талаб қилган ишларни бажаришда давом этди. У ўз вақтида Криштиану Роналду учун идеал жуфтлик бўлди. Ҳозир эса унинг ўзи — мадридликлар ҳужум чизиғи етакчисидир. Француз ҳужумчиси снайперлар пойгасида Месси билан тенг кетмоқда (12тадан гол), Чемпионлар лигасида ҳам 4та гол урди, жумладан «ПСЖ» дарвозасига қилинган дубль у «Барселона» ҳимоячилари учун асосий хавф эканини англатади.

Айни вақтда ҳимоя чизиғи — Вальверденинг асосий бош оғриғидир, баъзи вазиятларда тер Штеген ҳам жамоани қутқара олмаяпти. Кўк-анорранглилар жорий мавсумда Ла Лигадаги 16 турда фақат 4 ўйинда дарвозани «қуруқ» сақлашди, ўтказиб юборилган голлар сони (20) бўйича каталонлар Ла лига олтинчи ўринда. Таққослаш учун, «Атлетико»да бу кўрсаткич икки баробар кам (9). «Реал» жами 12 гол ўтказган, «Барса» эса бу борада «Реал Сосьедад», «Осасуна» ва «Вальядолид» қаторида.

Вальверде алалоқибат Пике — Лангле жуфтлигига ишонч билдиришга қарор қилди, бу футболчиларнинг энг яхши ўйини «Атлетико»га қарши ўйин бўлди (1:0). Балки, энди каталонлар ҳимояси барқарор ўйин кўрсата бошлашар. Қолаверса, Жорди Альба жароҳатидан тузалди. Каталонлар ҳимоя чизиғини бугун Бензема жиддий синовдан ўтказади.

Вальверде Вальвердега қарши
Мавсум бошида Вальверде де Йонг ва Артурни яримҳимоя чизиғининг алмаштириб бўлмас футболчилар сифатида белгилаб олди ва қолганлар битта позиция учун рақобат қиладиган бўлди. Шу билан бирга мураббий Бускетсдан воз кечолмасди, Ракитич ва Видалга ҳам имкон беришига тўғри келарди.

Мавсум бошида асосий таркибдан ташқарида қолган хорватиялик футболчи Артур жароҳат олгач яна асосий таркибга қайтди. Энди Вальвердеда фақат Бускетс ёки Видалдан қайси бирини майдонга тушириш бўйича савол қолмоқда. Жамоа ўз майдонида ўйнаши ҳисобга олинса, тўпга эгалик қилишга ҳаракат қилади ва бу ҳолда бошланғич таркибда испаниялик фахрий футболчи ҳаракат қилади, чилилик футболчи эса иккинчи бўлимда ўйиннинг боришига қараб натижани сақлаб қолиш учун ёки ўйинни янада кучайтириш учун туширилиши мумкин.

Зиданнинг бу шахмат партиясидаги вазияти мураккаброқ, лекин афтидан, француз мураббий барчасини ўзи учун ҳал қилиб олган кўринади. Валенсияда у синалган жангчилар Модрич ва Кроосга ишонч билдирди, лекин «Реал»да дам олиш кун вақт камроқ бўлди, шунинг учун бу фахрий футболчилар бугунги ўйинни захира ўриндиғида бошлаши мумкин. Якшанба кунги ўйинда эса Каземиро захирада қолганди, Зидан уни класикога асрагани тайин. Шунингдек, бу мавсумда «Барселона» бош мураббийига фамилиядош бўлган 21 ёшли Федерико Вальверде кучли ўйин намойиш этмоқда. «Реал» бу мавсумда уругвайлик ушбу ёш футболчиси майдонда илк дақиқалардан пайдо бўлган ўйинларда умуман ютқазмаган (6 ғалаба, «Валенсия» ва «Атлетико» билан ўйинларда эса дуранг).

21 ёшли Вальверденинг 22 ёшли де Йонг билан қарама-қаршилиги — икки испан грандидаги янги авлод тўқнашуви бўлади. Вақти келиб класикони Месси ва Бензема эмас, Фати ва қаймоқранглиларнинг бразилиялик футболчилари Родригу ҳамда Винисиус Жуниор ҳал этишига кўникамиз. Лекин улар бугун ҳам майдонда нималар қилишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Месси ёки Бензема, Фати ёки Родриго: класико қаҳрамони ким бўлади?