2019 йил ўзбек футболида воқеаларга бой бўлди. Аммо, якунланаётган йил миллий футболимизда унутилмас ғалаба ва ютуқлар билан эмас, кўпроқ ўзгаришлар билан тарихда қолди. Tribuna.uz сайти 2019 йилда ўзбек футболида рўй берган энг муҳим 10 воқеани саралаб, эслашга қарор қилди.
Осиё Кубоги-2019нинг аламли якуни
Қачон: январь ойи
Йил биз учун Бирлашган Араб Амирликларида ўтган Осиё Кубоги-2019 баҳслари билан бошланди. Эктор Купер қўл остидаги Ўзбекистон миллий жамоаси ўз гуруҳида Уммон, Туркманистон ва Япония билан кураш олиб бориб, икки ғалаба ва бир мағлубият билан гуруҳ босқичидан нимчорак финалга йўлланма олди. Австралияга қарши кечган плей-офф баҳсида асосий вақтда ҳисоб очилмаган бўлса, пенальтилар сериясида афсуски, омад вакилларимиздан юз ўгирди. Натижада, Эктор Купер қўл остида турнирни нимчорак финалдаёқ тўхтиб, ортга қайтдик.
Суперлига клублари сони 14 тага оширилди
Қачон: февраль ойи
Суперлига янги мавсуми олдидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси клублар сонини ошириш борасидаги барча гап-сўзларни кескин рад этиб келган бўлса-да, мавсум бошланишига бир ҳафта қолганида лицензиялаш қўмитаси «Сурхон» ҳамда «Динамо» клубларига шартли равишда Суперлига йўлланмасини тақдим этди ва чемпионатдаги клублар сони 12тадан 14тага етказилди.
ЎФА раҳбарияти бу қарорни «ҳудудларда футболни ривожлантириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган вилоят ҳокимларини қадрлайди. Бунгача Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кабилар вилоят футболини ривожлантириш йўлида катта ҳамждаги ишларни амалга ошираётганди. Ортда қолган бир неча ой давомида эса Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари ҳам ЎФА билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди» - дея қарорни изоҳлади.
Умид Аҳмаджонов ЎФАдан кетди
Қачон: июль ойи
ЎФА президенти, сўнг эса биринчи вице-президент сифатида қарийб 2 йил фаолият олиб борган Умид Аҳмаджонов шу йилнинг ёзида футбол ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигидан кетди.
Расмий баёнотда «Чет элга уюштириладиган хизмат сафарлари кўплиги боис Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футбол ассоциациясидан кетишга қарор қилди» - дея ёзилди.
«Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги ниҳоятда масъулиятли вазифа. Келаси йил Токиода Олипия ўйинлари бошланади. Мазкур мусобақага вақт кам қолмоқда. Хизмат сафарлари кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон футбол ассоцицияси вице-президентлигидан бўшаш бўйича ариза ёздим» - деганди Умид Аҳмаджонов.
Кўп ўтмай, Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ва Осиё олимпия кенгаши вице-президенти лавозимини ҳам тарк этди. Шунингдек, ПФЛ раҳбари Омон Ғофуров ҳам лавозимини тарк этди.
Абдусалом Азизов - ЎФА президенти
Қачон: июль ойи
15 июль куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилиб, ташкилотга янги президент сайланди. ЎФА президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбари Абдусалом Азизов 80 нафар делегатлар томонидан бир овоздан сайланди. Шу тариқа Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги президенти сифатига ишга киришди.
Бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов ЎФА раҳбари сифатида ишлаб келаётганди. Раматов 2018 йилнинг 25 январь куни мазкур лавозимга Умид Аҳмаджонов ўрнига сайланганди.
Равшан Эрматов ҳакамликни якунлади
Қачон: июль ойи
Ўзбекистонлик таниқли рефери Равшан Эрматов 2019 йилга келиб, профессионал фаолиятига якун ясади. 2003 йил 25 ёшида ФИФА тоифасидаги реферига айланган Эрматов 16 йил давомида мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. У учта жаҳон чемпионати – 2010, 2014, 2018 йилларда мундиал баҳсларини бошқариб, энг кўп ўйин бошқариш бўйича рекорд соҳибидир. Қолаверса, Равшан фаолияти давомида 1 карра жаҳон, 5 карра Осиё, 10 карра Ўзбекистоннинг энг яхши ҳаками номига лойиқ кўрилган.
Равшан Эрматовнинг ҳакамликдан кетиши Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти этиб сайланиши билан боғлиқдир. Абдусалом Азизов раҳбарлигидаги ЎФАда бошқарув тизими биринчи вице-президенти этиб сайланган Равшан Эрматов қўлига ўтди.
Хайр, миллий жамоа, хайр футбол!
Узоқ йиллар давомида ўзбек футболи етакчилари сифатида гавдаланган, Ўзбекистон миллий жамоасида тўп суриб келган Сервер Жепаров, Азиз Ҳайдаров ва Анзур Исмоилов сингари тажрибали футболчилар 2019 йилда ватан жамоасидаги фаолиятларини якунлашди.
Бош жамоамизда энг кўп – 128 ўйин ўтказган 37 ёшли Сервер Жепаров ва 34 ёшли Азиз Ҳайдаров (85 ўйин) нафақат миллий жамоадан, балки футболчилик фаолиятларини ҳам якунлашга қарор қилишди. Равшан Эрматов таклифи билан ҳар икки собиқ футболчи ҳам ЎФАда иш бошлашди. Анзур Исмоилов эса фаолиятини фақат клуби сафида давом эттиришини эълон қилди.
Эктор Купернинг истеъфоси
Қачон: сентябь ойи
Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичи 1-турида Фаластинга сафарда кутилмаганда мағлуб бўлгач (2:0), Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бош мураббий Эктор Купер ўртасидаги мавжуд шартнома ўзаро келишувга асосан бекор қилинди.
2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига келган аргентиналик мутахассис бош жамоамизга бир йилдан ортиқроқ муддат давомида устозлик қилди.
Эктор Купер билан 2018 йилнинг 1 августидан 2021 йилнинг 30 ноябригача, ЖЧ-2022 саралаш цикли учун шартнома тузилганди ва агар терма жамоа Қатарда ўтказиладиган мундиалга йўлланма олса, шартнома автоматик тарзда турнир якунигача узайтирилиши кўзда тутилганди. Купер Ўзбекистон миллий жамоасини 17 ўйинда майдонга бошлаб тушди, бу ўйинларда 7 ғалаба, 4 дуранг ва 6 бор мағлубият қайд этилди. 2019 йилги Осиё кубогида Ўзбекистон нимчорак финалда Австралияга пенальтилар сериясида ютқазди (0:0, 2:4).
Вадим Абрамовнинг қайтиши
Қачон: сентябь ойи
Эктор Купер истеъфосидан кейин, «Бунёдкор» клуби устози Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланади. ЎФА мураббийлар кенгаши юртимиздаги таниқли мутахассислардан бири саналадиган Вадим Карленович номзодини маъқуллади.
Ушбу мутахассис қўл остидаги ЖЧ-2022 саралаш баҳсларида миллий жамоамиз Яман (5:0), Сингапур (3:1), Саудия Арабистони (2:3) ва Фаластин (2:0) билан ўйин ўтказиб, ҳозирча 9 очко билан ўз гуруҳида пешқадам бўлиб турибди.
«Пахтакор» треблга эришди
Қачон: сентябрь-октябрь-ноябрь
2019 йилги мавсумда Ўзбекистонда Тошкентнинг «Пахтакор» клубига тенг кела оладиган жамоа топилмади. «Шерлар» ўзбек клублари ичида биринчи бўлиб треблни қўлга киритишди. Шота Арвеладзе клуби сентябрь ойида Суперлигада муддатдан аввал чемпионликни нишонлаган бўлса, октябрь ойида Ўзбекистон кубоги финалида Олмалиқнинг ОКМК клубига имконият қолдирмади (3:0). Декабрь ойи бошида эса Лига кубоги финалида бу сафар ҳам Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни йирик (6:2) ҳисобида мағлуб этиб, учта совринга эга чиқди. Мавсум якунида Драган Черан 23та гол билан энг яхши тўпурар, Арвеладзе эса турнирнинг энг яхши мураббийи деб топилди.
Элдор Шомуродовга аталган йил
Қачон: мавсум давомида
Ушбу мавсумда ярқ этиб кўзга ташланган футболчи – Элдор Шомуродов бўлди. Йил бошида Осиё кубогида Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Уммон, Туркманистон, Япония миллий жамоалари дарвозасини ишғол этган Элдор, Россия Премьер-лигасида «Ростов» сафида порлади. Натижада бир неча маротиба ой лауреатига айланди, рамзий жамоалардан ўрин олди. Шомуродов 2019 йилда «Ростов» сафида 10та гол уриб, Россия чемпионати тўпурарлари сафидан жой олди. Миллий жамоамизда ҳам энг кўп – 11 та голга муаллифлик қилди. Бу эса Элдорни Ўзбекистоннинг 2019 йилги энг яхши футболчиси номига муносиб кўрилишига сабаб бўлди. Шубҳасиз, 2019 йил айнан Шомуродовга аталди.
Усмон ИБОДОВ
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди