Бугунги кунда мамлакатимиз бокс устаси Исроил Мадримовнинг фаолияти мухлислар ва мутахассисларнинг диққат марказида бўлиб турибди.
Бинобарин, у ўзининг оламшумул ғалабалари билан юртимиз довруғини, ўзбек бокс мактабининг нуфузини оламга ёймоқда. Янги йилни оиласи даврасида нишонлаган чарм қўлқоп устамиз айни пайтда Хоразмда бўлиб турибди. Куни кеча у Урганч шаҳрида ёшлар билан учрашди. Тадбирда қатнашган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
- Исроил, аввало боксдаги илк қадамларингиз ҳақида маълумот берсангиз...
- Ўша пайтлар бешинчи синфда ўқирдим. Бокс билан шуғулланишимга дўстларим сабабчи бўлишган. Уларга қўшилиб, спорт мактаб-интернати (ҳозирги Хива шаҳар олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати, муаллиф)га борганман. У ерда бокснинг дастлабки сабоқларини мураббий Баҳром Қурёзовдан олганман. 2006 йилда илк бор -32 кг вазн тоифасида Хоразм вилояти чемпиони бўлганман. Орадан уч йил ўтиб, Олмалиқ шаҳрида ўсмирлар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон биринчилигида учинчи ўрин соҳиби бўлдим. Халқаро мусобақалардаги дастлабки медалимга ўн олти ёшимда эга чиққанман. Бу 2011 йили Қозоғистонда ёшлар ўртасида ташкил этилган жаҳон чемпионатида рўй берган. Ўшанда шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилганман.
- Спортнинг яна қайси турларига қизиқасиз?
- Умуман олганда, спортнинг ҳамма тури мени ўзига жалб этади. Айниқса, футбол жону дилим. Аслида, ёшлигимда футбол билан ҳам бироз шуғулланганман. Бироқ, ўшанда мураббийим мени боксга қайтарганлар. Шу бўлди-ю, бокс ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Эрталаблари эса бадантарбия машқларини канда қилмайман.
- Ғалабангизни сальто билан нишонлашингиз хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Бундай сакрашни “Uzbek Tigers” таркибида амалга ошира бошлаганман. Бундан кўзлаган мақсад мухлисларимизга хуш кайфият улашиш. Бу уларга манзур бўлаётганидан хурсандман.
- Сизда қачонлардир рақибингизга нисбатан қўрқув бўлганми?
- Инсон у спортчи бўладими, бошқа соҳа ходимими, ўзини ҳар қандай вазиятга тоблаши ва мослаштириши, муносиб тайёргарлик кўриши шарт. Ана шундагина у кишида қўрқувни енгишга лаёқат бўлади. Аниқ мақсад билан ҳар қандай қийинчиликни бартараф этиш мумкин. Мен шу қоидага риоя қилган ҳолда рингга кўтариламан.
- Жангдан олдин нимадан мотивация оласиз?
- Жангга тайёргарлик жараёнида вазн ташлашга тўғри келади. Бунинг учун бир неча кун тинимсиз ва машаққатли меҳнат қиласан. Кўзлаган ниятингнинг ушалиши йўлида борингни берасан. Мотивациям - бу меҳнатимнинг қадрига етишдир.
- Профессионал боксдаги навбатдаги жангингиз қачонга мўлжалланган?
- Жанг февраль ойида бўлиб ўтиши керак. Ҳозирча расман жанг санаси ва рақибим номига ойдинлик киритилмаган.
- Барча номдор спортчиларнинг ўзига хос лақаби бўлади. Бу табиий ҳол. Сизники қандай?
- Бир пайтлар мени “Профессор” деб чақиришарди. Профессионал боксга ўтганимдан кейин америкаликлар мени “Орзу”га айлантиришган.
- Хоразмда бокс мактаби очиш ниятингиз борми?
- Ҳа. Устозларим мени шу даражага етишимга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди, ҳозир ҳам қўшаётирлар. Уларга муносиб издош бўлиш истагим бор. Шундай экан, келгусида уларга ўхшаб юртимиз байроғини кўкларга кўтарадиган шогирдларни вояга етказишни ният қилганман. Ҳозирча, ўзим рингдаман. Қолганини вақт кўратади.
- Сир бўлмаса айтингчи, қачон уйланмоқчисиз?
- Очиғи, ҳар бир ота-она фарзандининг камолини кўришни истайди. Ўғлини уйлантириб, қизини турмушга беришни, уларнинг бахтли бўлишини жон-дилидан хоҳлайди. Ота-онамнинг ҳам истаги шу. Насиб қилса, тўй 2020 йилда бўлса ажабмас.
Тадбир якунида спортчимиз учрашув иштирокчиларига дастхати туширилган бадиий адабиётларни ҳам туҳфа этди.
Маълумот учун: Исроил Мадримов - 1995 йили Хоразм вилоятининг Хива туманидаги Саёт қишлоғида туғилган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, нуфузли халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори. Ҳозирда профессионал боксда фаолиятини давом эттирмоқда. WBA Intercontinental чемпионлик камари соҳиби. Проф рингда 4 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган.
Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ тайёрлади
Манба: olamsport.com “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди