09:50 / 25.02.2020
2 983

Руслан Чагаев промоутерлик компаниясига асос солди ёхуд у Тошкентда катта шоу ўтказади

Руслан Чагаев промоутерлик компаниясига асос солди ёхуд у Тошкентда катта шоу ўтказади
Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Руслан Чагаев нафақат ўзбек, балки жаҳон боксида ҳам ўзига яраша ном қозонган чармқўлқоп устаси саналади. Унинг эришган ютуқлари ҳақида исталганча ёзиш мумкин. Чагаевнинг ҳаваскор ва профессионал йўналишда қўлга киритган ютуқлари барчага бирдек маълум деб ўйлаймиз. Шу сабабли батафсил тўхталиб ўтишни лозим топмадик. Лекин у билан уюштирилган махсус интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Ассалому алайкум.

- Сиз билан боғланиш жуда қийин бўлди.
- Тўғри, ҳозирда улкан лойиҳа устида ишлаётгандим. Шунинг учун интернетга кўп ҳам вақт сарфламаяпман. Бироз куттирганимни тўғри тушунасиз.

- Аслида, биз учун вақт ажрата олганингиздан хурсандмиз. Дарвоқеа, лойиҳа спортга оидми?
- Албатта.

- Сир бўлмаса батафсилроқ маълумот берсангиз?
- Бунинг сир жойи йўқ. Ҳаётим бокс билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан қолган фаолиятимни ҳам ушбу спорт турига бағишлаш ниятидаман. Шу сабабли промоутерлик компаниясини очдик.

- Компания қандай номланди?
- М-13.

- Бу борада расман иш бошландими?
- Катта ишларга энди қўл урамиз. Ҳозирча уч нафар мижозга эгамиз.

- Улар?
- Осетиялик Фотима Турдиева ҳамда икки нафар украиналик боксчи бор.

- Демак, тез орада ўзбекистонлик чармқўлқоп усталари ҳам мижозингизга айланади?
- Албатта.

- Бевосита интернет тармоқларида Стас Денисовни "Салам Ўзбекистан" қўшиғига мириқиб рақс тушганингиз тарқалди. Демак, ватанингизни жуда соғиняпсиз?
- Шубҳасиз! Шунинг учун ҳам тез орада Ўзбекистонга бораман. Аниқроғи, муқаддас рамазон ойидан аввал, апрелга режалаштирганман.

- Мазкур ташрифдан қандай янгилик кутсак бўлади. Одатда, ҳар гал келганингизда сизга баъзи бир машҳур инсонлар ҳамроҳлик қиларди?
- Шуни айта оламанки, Тошкентда катта тадбир ўтказиш ниятидамиз. Шоу десак ҳам бўлаверади. Бу борада ўзимизнинг махсус дастуримиз бор.

- Океан ортида сиз билан бир давр боксчилари истиқомат қилиб келади. Жумладан, Ғайрат Аҳмедов, Тимур Сулаймонов, Тимур Ибрагимовлар... Улар билан учрашиб турасизми?
- Ғайрат Аҳмедов билан кўпроқ кўришаман. Қолганлар билан баъзида телефонда гаплашиб турамиз. АҚШ жуда катта мамлакат. Ҳамманинг ўз иши, тирикчилиги бор. Шу туфайли тез-тез учрашишнинг имкони йўқ.

- Келинг энди боксчилик фаолиятингизга ўтсак, Сидней 2000 Олимпиадасида кутилмаганда Владимир Чантурияга имкониятни бой бериб қўйгандингиз. Ушбу жангни қандай хотиралар билан эслайсиз?
- Буни биргина ҳолат билан ифодалаш мумкин. Шунчаки уни кучига тўғри баҳо бера олмаганман.

- Машҳур Феликс Савон билан жанглардан сўнг у билан мулоқотда бўлганмисиз. У сизга қандай гапларни айта олганди?
- Йўқ, гаплашмаганман. У мағлубиятдан аччиқланган холос. Лекин тан олиш керак, у буюк боксчи. Уни ҳурмат қиламан.

- Владимир Кличко ҳамда Александр Поветкин билан бўлган жанглар борасида турли миш-мишлар юради. Яъни сиз жангга тайёр ҳолатда эмасдингиз, соғлиғингиз ҳам яхши бўлмаган экан. Лекин ушбу тўқнашувни қабул қилгансиз. Бунга нима сабаб бўлганди?
- Тўғри, ушбу жангларда имкониятни бой берганман. Аслида, мағлубиятни бирор сабаб билан изоҳлашни хоҳламайман.

- Лекин миш-мишларчи?
- Кличко билан жангни уч ҳафта қолганида айтишган. Шу туфайли яхши тайёргарлик кўра олмаганлигимни айтишим мумкин.

- Бу жангни рад қилиш имконияти ҳам бормиди?
- Ҳа, промоутерим бу борада ҳам ўйлаб кўришимни айтган. Яъни хоҳласам қабул қилмаслигим мумкин эди. Бироқ ушбу жангга қадар Николай Валуев билан реванш бўйича музокаралар ўтказилаётганди. Ўшанда Валуев касалликка чалинганлигим тўғрисида ҳар-хил бемаза гапларни гапириб, жангни рад қилганди. Кейин мен дам олаётганимда промоутерим томонидан ушбу хабарни эшитганман. Тайёргарликни қачондан бошлайман деб сўраганимда, уч хафтадан кейин рингга кўтарилишимни айтган. Агар бу жангни ўтказмаганимда ростдан касалликка чалинганлигим борасида тасаввурлар уйғонарди. Қолаверса, кейинги фаолиятим ҳам сўроқ остида қолиши мумкин эди.

- Сиздан кейин ўзбек боксининг оғир вазн тоифасида пасайиш юзага келганди. Бироқ ҳозир Баҳодир Жалолов етишиб чиқди ва ажойиб муваффақиятларга эришмоқда. Ушбу ёш боксчимизнинг профидаги келажагига қандай баҳо берасиз?
- Баҳодирни яхши натижалар қайд этаётганлигини эшитдим. Ўзбек боксида ҳар доим истеъдодлар топилади. Ҳаваскор йўналишда етакчиликни қўлга олишганидан жуда хурсандман. Ўйлайманки, профессионалда ҳам барчаси катта ютуқларни қўлга кирита олади ва бунга тилакдошман.

- Барча муваффақиятларингизда энг асосий сабабчи бўлган учта мураббийни исмини айта оласизми?
- Биринчи навбатда, Александр Размаховни таъкидлаб ўтган бўлардим. У мени боксчи бўлиб етишишимда асосий роль ўйнаган. Профессионал боксга ўтганимдан сўнг Михаил Тимдан кўп нарса ўрганганман ва кейинчалик Педро Диас катта ёрдам берган. Шу ўринда, Артур Григорянни ҳам айтиб ўтган бўлардим. У билан 1,5 йил ишлаган бўлсак-да, ундан ҳам миннатдорман. Григорян билан ака-укадекмиз. Уни мураббий сифатидаги маҳоратини ҳам юқори баҳолайман.

- Қувонч Тайғонбоевнинг таъкидлашича, АҚШдаги илк машғулот залингларда сизга спаррингда туриб бера оладиган рақиб топилмаган экан. Шундан сўнг Майк Тайсоннинг жангга тайёргарлик кўрадиган спорт мажмуасига борган экансизлар. Тайсон билан спарринг тушиш имкони бўлганми?
- Тўғри, Қувонч билан борганмиз. Майкни залида машғулотлар ҳам қилгандик. У вақтда жуда ёш бўлганман. Унинг ўзини спарринг шериклари бор эди. Шунинг учун у билан ишлаш имкони бўлмаган. Аммо Тайсоннинг ҳаракатларини бевосита кузатиб, томоша қилганмиз.

- Жон Руис, Николай Валуев, Френс Окендо.Уларнинг қай бири билан бўлган жанг қийин кечганди?
- Окендо билан. Сабаби ушбу жанг олдидан қошим ёрилган ва 10 та чок тушганди. Шу жароҳат билан чиққанман. Иккинчи раунддаёқ яна ёрилиб кетган. Деярли бир кўз билан жангни давом эттирганман. :)

- "Оқ Тайсон" номини қачон ва ким томонидан олгансиз?
- Очиғи, эсимда йўқ. Адашмасам, 2001 йил ҳаваскор йўналишдаги жаҳон чемпионатида деярли барча жангларимни муддатидан аввал якунлагандим. Ўшанда ОАВ да ўзбекистонлик “Оқ Тайсон” деб ёзишганди.

- Шаҳло Аҳмедовани клипида роль ижро этгандингиз. Яна шундай таклифлар бўляптими?
- :) Жуда кўп. Лекин бунга вақт йўқ.

- Россиялик қўшиқчи Тимати билан яхши муносабатдасиз. Балки у ҳам қандайдир таклиф билан чиққандир?
- Тимати билан дўстмиз. Бироқ унда бундай ғоялар бўлмаган.

- Рамзан Қодировнинг ҳам фаолиятингизда ўз ўрни бор. Тўғрими?
- Дарҳақиқат, Рамзан Ахматович бизнинг промоутерлик компаниямиз Universum Box-Promotion инқирозга учраганидан сўнг жуда катта ёрдам берган. Унинг қўл остида кейинги фаолиятимни олиб борганман. Унга нисбатан ҳурматим чексиз. Ўз ўрнида ушбу инсонга миннатдорлик билдириб қоламан.

- Самимий суҳбат учун ташаккур.
- Катта раҳмат! Қолаверса, бутун Ўзбекистон халқига салом йўллаб қоламан.

Аҳмадбек Эшматов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Руслан Чагаев промоутерлик компаниясига асос солди ёхуд у Тошкентда катта шоу ўтказади