06:30 / 27 февраля 2020
872

Савелий Абрамов - Келажакда Европада ўйнаш орзуси, Вадим Карленовичга қариндош эмаслиги, Москва клубидан бўлган таклиф ҳақида

Савелий Абрамов - Келажакда Европада ўйнаш орзуси, Вадим Карленовичга қариндош эмаслиги, Москва клубидан бўлган таклиф ҳақида
Про-лига янги мавсумига тайёргарлик олиб бораётган Тошкентнинг "Оқ-тепа" клуби футболчиси Савелий Абрамов билан интервью ташкил этдик. Қуйида мазкур интервьюнинг тўлиқ матни билан танишинг.

- Савелий, футболга кириб келишингиз қандай бўлган?
- Футболга бўлган қизиқиш болалигимдан бошланган. 7-ёшлигимда дадам мени "Пахтакор" академиясига олиб борганлар. Биринчи мураббийим - Шуҳрат ака Раҳмонқулов бўлиб, у киши менга футболдаги дастлабки сабоқларни берганлар.

- Бугунга қадар қайси жамоалар сафида ўйнагансиз?
- Дастлаб "Пахтакор" футбол клубининг ўринбосарлари таркибида, кейинчалик "Қўқон-1912" жамоасида, айни дамда "Оқ-тепа" сафида ўйнаяпман.

- Ўзбекистон МТЖ ва "Бунёдкор" футбол клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан фамилиянгиз бир хил. Шундан келиб, айримлар сизни Абрамовга қариндош деб ўйлаши ҳам мумкин. Бу ҳақида аниқ маълумотни ўзингиздан эшитсак...
- Вадим Абрамовни ҳурмат қиламан ва насиб бўлса Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишига ишонаман. Вадим Абрамов билан чиндан ҳам фамилиямиз бир хил, лекин бу шунчаки тасодиф, биз қариндош эмасмиз.

- Айтингчи, 2020-йилги Про-лигада "Оқ-тепа" клуби ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?
- Жамоамиз жорий мавсумда биринчи ўринни қўлга киритиб, Суперлига йўлланмасига эга чиқишни, шунингдек мухлисларга ёқадиган томошабоп футбол намойиш этишни мақсад қилган.

- Айрим манбаларда тарқалган маълумотларга кўра, "Хоразм" жамоасининг бир неча йиллик мураббийи Александр Ежов "Оқ-тепа" клубида бош мураббий сифатида ишлаётган экан...
- Ҳа, бу тўғри. Айни дамда "Оқ-тепа"ни Александр Ежов ва Алишер Шоғуломовлар бошқаришмоқда.

- Сизга хориж клубларидан таклифлар бўладими?
- Айни дамда менда хориж клубларидан таклифлар йўқ. 15-16 ёшлигимда "Динамо" (Москва) жамоасидан таклиф бўлган эди.

- Савелий Абрамовнинг футболдаги мақсадлари қандай?
- Футболдаги мақсадим - келажакда Ўзбекистон терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида иштирок этиш, шунингдек Европа клубларига йўл олишдан иборат.

- Интервью учун раҳмат, келгусидаги фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз!
- Таклиф учун миннатдорчилик билдираман. Барча ўзбекистонлик футбол ихлосмандларига, шунингдек "Оқ-тепа" клуби мухлисларига омад тилайман.

Бекзод Толибов ёзиб олди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)