00:32 / 21.04.2020
2 292

Сервер Жепаров: Мураббий сифатида ҳам нималарга қодирлигимни исботлаб бермоқчиман

Сервер Жепаров: Мураббий сифатида ҳам нималарга қодирлигимни исботлаб бермоқчиман
Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган ва миллий терма жамоамиз сафида кўп йиллар давомида сардор сифатида етакчилик қилган Сервер Жепаров бугунги кунда ўзини мураббийликда синаб кўраётганини яхши билсангиз керак. Кўпчилик эса уни футболчи сифатида яхши биларди. Шу боис Сервердан қандай мураббий чиқаркин, дея унинг ишига қизиқиш билан қарамоқдалар.

Жепаров эса бор эътиборини айнан мураббийлик фаолиятига қаратган. Ҳозирча у катта йўлнинг бошида турибди. Футболимиз раҳбарияти эса унга Ўзбекистон U-14 терма жамоасини топширишган. Шу сабабли Жепаров ушбу терма билан иш олиб бормоқда. Бироқ ҳозирги коронавирус туфайли режалар ўзгарди ва устига-устак Сервер яқинда икки ҳафталик махсус карантинда бўлиб чиқди. Биз эса айрим масалаларда унинг фикрлари билан қизиқдик.

- Сервер, ўғлингиз билан карантинга қандай тушиб қолдингиз?
- Ўғлим билан бирга “Рубин” клубида малака ошириш учун Қозонга боргандим. У кўпинча мен билан сафарларда ҳамроҳлик қилади. “Рубин”да эса бизнинг дўстларимиз бор. Аммо кейинчалик вазият шундай бўлдики, Ўзбекистондаги каби Россияда ҳам пандемия бошланган экан. Натижада ортга қайтишимизга тўғри келди.

- Нима деб ўйлайсиз, бу кетишда чемпионатимиз ўтказилмаслиги ҳам мумкинми?
- Ўйлайманки, тез орада яна ҳаммаси ўз изига тушиб, карантин ниҳоясига етади. Албатта, коронавирус устидан ғалаба қозонилади. Чемпионатни эса бекор қилмайдилар.

- Сизни Ўзбекистон U-14 терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлашганди. Болалар билан ишлаш ва дастлабки мураббийлик фаолиятингиз оғир кечмаяптими?
- Мен учун бу ҳаётимдаги янги босқичдир. Шу боис мураббийлик соҳасида ҳам нимагадир эришишим йўлида кўп нарсаларни ўрганишимга тўғри келади. Шу боисдан четга чиқиб малака ошириш учун ўқияпман, изланяпман.

- Карантиндан кейинги ҳаётингиз қандай кетмоқда?
- Кўп вақтимни болаларим билан ўтказяпман. Илгари эса фақат оқшомларда уларни кўрардим. Энди бўлса фарзандларим доим ёнимда. Олдинлари фарзандларимиз боғчаларга ва мактабларга боришарди. Биз эса эр-хотин ишга жўнардик. Бир сўз билан айтганда, соппа-соғман ва уйда бўлиб турибман.

- Жорий йилда терма жамоалар умуман ўйин ўтказмасликлари ҳақида ҳам хабарлар чиқди. Сизнингча, бу тўғри қарорми? Умуман, бу ҳолат сизнинг ишингизга қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин?
- Бу ҳол менинг ишимга унчалик кучли таъсир қилмайди. Чунки менга ишониб топширилган терма жамоа иштирокидаги саралаш ўйинлари фақат 2022 йили бошланади. Албатта, болаларни бўлажак ўйинларга тайёрлаш учун улар билан тез-тез учрашиб туришимизга ва шуғулланишимизга тўғри келади. Қолаверса, уларнинг ёшида машқларни тўхтатиб қўйиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Қолаверса, бундай пайтда улар ўз эпчиллиги ва чидамлилигини йўқотиб қўйишлари мумкин.

- Бу эпидемиядан футболимиз нималарни йўқотиши мумкин?
- Буниси қанча давом этишига боғлик. Спортчининг ҳар бир куни машғулотлардан иборат. Агар машғулотлар тўхтаб қолса, спортчи ўзини яхши спорт формасида ушлаб тура олмайди. Шунинг учун ҳам у қаерда бўлмасин машқларини тўхтатмаслиги лозим.

- Футболчи Жепаровдан мураббий Жепаровга айлангач, ўзингизда қандай ўзгаришларни ҳис қилдингиз?
- Мураббий ўйинчилардан фарқли равишда бутунлай бошқача фикрлайди. Боз устига мураббийнинг иши футболчиникидан кўра катта куч ва меҳнат талаб қилади.

- Мураббийликда кимни ўзингизга устоз деб ҳисоблайсиз?
- Менга ҳаммасидан кўра Хосеп Гвардиоланинг иш услуби кўпроқ ёқади.

- Ҳозирги карантин чоғида қайси чемпионатни кузатяпсиз?
- Юқорида айтганимдек, ўз вақтимни асосан фарзандларим билан биргаликда ўтказмоқдаман. Бундан ташқари, “А” лицензиясини олиш учун мураббийлик курсини ҳам ўтаяпман. Гарчи уйда бўлсам ҳам ишим кўплиги боис телевизор томоша қилишга вақт топа олмаяпман.

- Футболда жуда кўп ютуқларга эришгансиз, лекин мураббийликда осон эмас. Бу йўлда олдингизга аниқ вазифаларни қўйган бўлсангиз керак?
- Мен юқори натижаларга эришишга ўрганиб қолганман ва буни қандай амалга ошириш кераклигини биламан. Футболчи натижа қайд этиши учун кўп ишлаши керак. Мураббийнинг иши эса футболчиникидан кўра анча мураккаб. Шундай экан, мураббий сифатида ҳам максимум даражада куч сарфлаб нималарга қодирлигимни исботлаб бермоқчиман. Албатта, барчасини вақт кўрсатади.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сервер Жепаров: Мураббий сифатида ҳам нималарга қодирлигимни исботлаб бермоқчиман