09:29 / 18.06.2020
2 031

Шота Арвеладзе: “Бошим айланиб, юрагим санчар, қон қусардим” (4-қисм)

Шота Арвеладзе: “Бошим айланиб, юрагим санчар, қон қусардим” (4-қисм)
“Пахтакор”ни муваффақиятли бошқариб келаётган Грузия футболи афсонаси Шота Арвеладзе журналистларга катта интервью бериб, Шон Коннери, Луи ван Гал, Вахтан Кикабидзе каби машҳурлар билан муносабати, ҳаётидаги қувончли лаҳзалар, қамоқда ўтиргани, терговга тортилгани, ўлим таҳдиди ва бошқа кўплаб қизиқ воқеалар ҳақида гапириб берди.

Шунингдек, Грузия, Голландия ва Шотландия чемпиони, “Пахтакор”ни чемпионлик сари етаклаган Шота Арвеладзе қуйидаги қизиқарли маълумотлар ҳақида ҳам мухлисларга ҳеч ким билмаган фактларни ошкор қилди:

Шота нега 23 ёшлигида Испаниянинг топ клуби таклифини рад этган?
Роналд де Бур уни “Аякс”даги илк машғулотида қандай қутқариб қолган?
Нега ван Гални дарвозабонсиз ўйнашга ундаган?


- Глазгода Шон Коннерини учратдингизми?
- Чемпионлар лигасида “Спарта” билан сафардаги ўйинимиздан олдин машғулотимизга келганди. Ўшанда Прагада суратга тушаётган экан. Кейин базамизга ҳам келган. Роналд де Бур “Охирги фильмингизни кўрдим. Расво”, деди. Шон Коннери: “Бу Америка. У ерда муҳими даромад. Фильм 50 миллион фойда келтирди”, - деди. Ҳамма жим бўлиб қолди. Шунда мен вазиятни юмшатиш учун “Шон, сиз де Бурнинг охирги ўйинини кўрдингизми? Расво”, - дедим.

- Сиз 2003 йили Россия билан бўлган ўйинни нега телевизор орқали томоша қилдингиз?
- Мен терма жамоанинг янги мураббийи Иво Шушак билан “Селтик” жамоасига қарши ўйин туфайли унинг ихтиёрига кечроқ боришга келишиб олгандим. Мен Глазгодан Париж орқали Тбилисига келдим. Таркибда ўзимни топа олмадим. Кеч қолганим учун киритишмаган. Шарт нарсаларимни олиб, базадан чиқиб кетдим. Ҳеч кимга ҳеч нарса демадим. Ҳаётимда биринчи марта шундай йўл тутдим. Албатта, бу нотўғри қадам бўлди. Менга алам қилганди. Лекин мен ҳеч ким билан жанжаллашмадим. Секингина кетдим. Биз ғалаба қозондик. Агар ютқазганимизда ҳамма айбни менга ағдаришарди.

Шушак мени Ирландия билан ўйинга чақирди. Худди шунақа вазият Кинкладзе билан юз берди. У ҳам таркибда йўқлигини билиб, нарсаларини йиға бошлади. Қолишини сўрадим, кўндиролмадим. Биз 0:2 ҳисобида ютқаздик. Ўйиндан кейин ўлиб қолай дедим.

- Нима бўлди?
— “Вольтарен” деган дорини кўп истеъмол қилибман. Бошим айланиб, юрагим санчарди. Ман Иашвили каби заҳарландим, деб ўйландим. Роса кўп сув ичдим, лекин аҳволим оғирлашиб борарди. Ошқозондан қон кела бошлади. Қон қайт қилардим. Бизга ҳамроҳлик қилган москвалик бизнесмен Анзор Кикалишвили мени Дублиндаги касалхонага зудлик билан олиб бериш кераклигини айтди. Шифохонада тўрт кун ётдим. Яхшиям, жамоа билан Тбилисига учмаганим. Самолётда бирон нима бўлиб қолиши мумкин эди.

- Голландияга нега қайтдингиз?
- “Рейнжерс” билан жиддий ҳамкорлигим бор эди, менга шартномани узайтиришни таклиф қилишди. Тиззам оғрир эди. Жамоани хавфга қўйгим келмади. Бу эркак кишининг иши бўлмасди. Ростгўйлигимга ҳайрон қолишди ва агар операциядан кейин истасам шартномани қайта таклиф қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Мен қайтиб келдим. Охирги 10 та ўйинда саккизта гол урдим, чемпион бўлдик. Менга шартнома таклиф қилишди. Лекин молиявий томони 75 фоизга қисқарган эди. Бунақа муносабатни ҳазм қила олмадим ва “Аякс” мураббийи Дэнни Блиндга қўнғироқ қилиб, фаолиятимни унинг жамоасида тугатмоқчи эканимни айтдим. У клуб раҳбарияти билан гаплашиб кўрди. Лекин улар швециялик Розенбергни танлашди. Ўшанда менга Луи ван Гал қўнғироқ қилиб, АЗга таклиф этди.

Давоми бор...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шота Арвеладзе: “Бошим айланиб, юрагим санчар, қон қусардим” (4-қисм)