Кеча «Спорт ТВ» каналида ПФЛ директори вазифасини вақтинча бажарувчи Диёр Имомхўжаев меҳмон бўлди ва бир қатор саволларга жавоб берди. Жумладан, Суперлигада жамоалар сонини 14тадан 12тага тушириш қарорини ҳам очиқлаб, бу ўзгариш ўзбек футболининг ривожланишига, мусобақанинг, нафақат Суперлига, балки Про-лигада ҳам рақобат ошишига сабаб бўлиши ҳақида тушунтиришлар берди.
Айтилган фикрларга қай даражада қўшиламан, қайси мулоҳазаларни асосли ёки асоссиз деб биламан, бу ҳақида тўхталиш ўринсиз, зеро Суперлигани четдан кузатадиган мухлис ёки журналист билан ПФЛнинг «ёғида қовурилаётган» инсоннинг асослари тенг бўлмайди, табиийки, Диёрнинг фикрлари тош босиши шубҳасиз. Масала бошқа.
Эсласам, миллий чемпионатимиз дастлаб 17 жамоа билан бошланган. Нега айнан 17та, билмайман, балки илк мавсумда юқори лигада қатнашиш базаси, салоҳиятига эга бўлган жамоалар сони шунча бўлгандир. Кейин учта жамоа тушиб кетиб, иккита чиқди ва стандарт, тақвим тузиш учун ҳам қулай бўлган 16тага ўзгарди. Бир неча йилдан кейин бирданига жамоалар сони 20тага кўтарилган вақт ҳам бўлди. 18та ҳеч бўлганми, эсимда йўқ, хуллас, 14тани ҳам кўрдик, 12та жамоа уч даврали, олтин очколар билан куч синашишганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Ривожланган лигаларда бирор марта ҳам формат тугул, жамоалар сони ўзгармаган бир муддат давомида Ўзбекистонда бундай ўзгаришлар кўп бўлди. Ва доим, чиқарилаётган бу қарорлар айнан футболимизнинг ривожи учун, мухлисларга қизиқроқ чемпионат бўлиши учун, яъни хуллас яхши ниятларда амалга оширилаётганини тушунтиришга уриниб келишди.
- Масалан, жамоалар сони 20тага кўтарилганда, ҳар бир вилоятдан биттадан жамоа бўлса, жойлардаги футболнинг оммалашишига катта туртки бўлади, дейилганди, хўп.
- Жамоалар сони қисқарганда, йирик ҳисоблар кўпайиб кетаётгани, рақобат ошиши учун, ҳар бир ўйин финалга тенг мақомда бўлиши учун, лигада фақат кучлилар, демак камроқ жамоа тўп суриши лозим, дейилди, хўп.
- Яна бир пайт келдики, клублар профессионал бўлиши, лицензия талабларига жавоб бериши, фалондақа стадион, фалондақа маблағ ва шароитлари бўлиши керак, шунга кўра нечта жамоа Лигага лойиқ бўлса, ўшалар ўйнайди, дейилди, хўп.
- Ҳатто, спорт принципларига тупуриб қўйилгани, қуйи лиганинг қоқ ўртасида турган баъзи жамоалар қулоғидан тортилиб, олий лига иштирокчисига айланганини ҳам, аксинча, якунда олий лигада қолиш вазифасини уддалаган жамоалар тушириб юборилганини ҳам кўрдик, хўп. Ўзбек футболи ривожи учун.
Лекин биласизми, шу кечаги кўрсатувда Диёр Имомхўжаев айтганидек, гап форматда эмас. Гап умуман форматда эмас. Ҳар қандай формат, жамоалар сонидан қатъи назар, қатнашувчи жамоалар стартда ва финишда адолат билан баҳоланар эканлар, ҳаммаси тўғри, ҳаммаси мос дейилаверади.
Хўш, унда қайси форматда, нечта жамоа билан бўлиши керак чемпионат? Аниқ жавоб борми? Магометов у деса, кейин Ғофуров бу деса, Имомхўжаев учинчи фикрни айтиб турса, ҳар бирининг фикрлари асосли, фойдали, самарали, бўлиб турса, нима қилиш керак? Ахир ҳар бир инсон ўз холича фикрлайди, бир биридан фарқ қилади, икки тўғри йўл турганда ҳам, бири у, иккинчиси бунисини танлайди. Бу масала қандай ечилади?
Масаланинг ечимсиз экани, аниқроғи, ҳар замонда турлича жавоблантирилганидан келиб чиқсак, аслида, саволнинг қўйилиши хато. Аслида, ўзбек футболига қайси формат ва нечта жамоа энг самарали эканини бу дунёда ҳеч ким аниқ билмайди. Шундай экан, «қандай қилинса футбол ривожланади?» деб эмас, «қандай бўлишини истайсизлар?» деб савол қўйилиши лозим ва шундагина жумбоқ осонлик билан ечилади. Хўш, кимдан сўралади бу савол?
Мана шу ерга келиб, асл муаммо форматда ёки жамоалар сонида, тақвимда эмас, ПФЛнинг бошқарув тузилмасида эканини кўрамиз. Аввалига, шунчаки, футбол алифбесини очиб кўришимиз ва ПФЛ ёки шу каби ташкилотлар ўз стратегиясини белгилашда, структурасини ва тизимини ишлаб чиқишда нималарга суяниши ҳамда нималарнинг устида туриши лозимлигини билишимиз керак бўлади.
Тасаввур қилинг, шаҳар четидаги бир стадионда ҳафтанинг ҳар шанбасида 5-6та ҳаваскор жамоалар йиғилиб, футбол ўйнашади. Ўйнайверишади, ўйнайверишади, охири, баъзи муаммолар пайдо бўлади – баъзида холис ҳакам топиш керак, кимдир натижаларни ёзиб, ҳисоблаб туриши керак, ким қачон ўйнаши кераклиги борасида тортишувлар кўпаяди – хуллас, жамоалар қандайдир бошқарувга эҳтиёж сезишади. Энди, бир одамни топиб, «сенга ойига фалон сўм бадал йиғиб берамиз, сен бунинг эвазига, ўйинларимизда ҳакамлик қиласан, учрашув натижалари ёзиб, ҳисоблаб борасан» деб келишишади.
Содда кўринишдаги мана шу келишув, аслида, ПФЛ, Ла Лига, АПЛ каби қурулмаларнинг моҳиятидир. Очиқ кўриниб турибдики, бу қурилмада асл хўжайин футбол ўйнайдиган жамоалар бўлади, ПФЛ ёки АПЛ эса, аввало ташкилотчилик жиҳатидан жавобгардир. Масалага шундай қаралса, мусобақа формати, қатнашувчилар сони каби масалалар қандай ҳал қилинишини англаш осон – барча жамоалар йиғилиб, ҳаммаси ўртада ҳал қилинади, тамом. Қайси бири футбол ривожи, турнирнинг қизиқлиги, даромадларнинг ошиши учун ҳизмат қилиши ҳақидаги мунозаралар албатта, бўлади, аммо бу бир аргументлар сифатида келтирилиб, қарор кутилади. Ана ўшанда, чиқарилган қарордан жавобгарлик ҳисси ҳеч кимда бўлмайди, қайси йўл тўғрироқ эканини зўр бериб оқлашга уриниш ҳам шарт эмас.
Мисол учун, Англия Премьер Лигасининг бошқарув структураси ҳақида шундай деб ёзилган:
«Премьер Лига корпорация сифатида ташкил топган бўлиб, унинг эгаси иштирокчи 20 клуб ҳисобланади. Ҳар бир клуб Лига ҳиссадори бўлиш билан биргаликда, мусобақани ташкил қилиш қоидалари, ҳамда ҳомийлик келишувларини ҳал қилишда биттадан овозга эгадирлар. Премьер Лигани бошқариш учун клублар раис, ижрочи директор ва директорлар кенгашини сайлайдилар».
Амалда ҳам шундай. АПЛ клублардан бадал пули олиш ўрнига, аксинча, йилига юз миллионлаб фунт пул бераётган бўлса-да, ҳали ҳам ўзини хўжайин санамайди, ҳар қандай қарор клублар йиғилишида овозга қўйиш орқали олинади. Эсингизда бўлса, ёзги трансфер муддатини суриш борасида ҳам, кейин яна эски ўрнига қайтариш борасида ҳам, сўнгги сўз клублар томонидан айтилди.
Нафақат Англия, умуман ҳамма ривожланган лигаларда ҳам шундай, айниқса, пандемия даврида, турнирларни бошлаш, тугатиш, саналарни белгилаш хусусидаги қарорларда, ҳаммамиз кўрдик-ки, клублар билан ҳал қилинди, шунинг учун ҳам осон бўлмади. Ҳамма рози бўлиши керак.
Ўзбекистон ПФЛда бу ҳақида қандай ҳужжатлар бор, жамоалар сонини камайтириш ёки кўпайтириш билан ким шуғулланади, қандай қарор қилинади, билмадим-у, ташкилот сайтида «ПФЛ мақсад ва вазифалари» деган жойида қизиқ ёзилган экан.
«Мамлакатимизда профессионал футболни такомиллаштириш тизими биринчи навбатда профессионал футбол клубларимизнинг Осиё чемпионлари лигасида муваффақиятли қатнашувини таъминлаш, шунингдек, ФИФА, ОФК чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган юқори малакали футболчилар билан терма жамоаларимиз таркибини мустаҳкамлаш».
Ҳеч нарса тушунмадим.
Энди юқорида мавзу ҳақида. Агар Суперлигани ривожлантириш учун нима қилиш керак, қандай форматни танлаш керак, деган саволга, исталган пайтдаги ПФЛ директорини олиб келиб, жавобини эшитсак, яхши фикрларни айтади. Асосларга қаралса, уларнинг ҳар бири ҳақдек туюлади. Аммо бу фикрлар амалга кўчар экан, ноҳақликка айланади – сабаби, бу масалалар ПФЛнинг шу масаладаги қараши билан эмас, клублар розилиги билан ҳал бўлиши керак. Агар жамоалар сонининг 14тадан 12тага тушириш клубларнинг умумий қарори билан амалга ошган бўлса, шуни айтиш кифоя.
Ана шунда ҳаммаси осон бўлади. Диёр Имомхўжаев «Спорт ТВ»га келиб, қандай қилинса, Суперлига ривожланишини соатлаб тушунтириши ҳам шарт эмас.
Келади, «нега жамоалар сони 14 эмас, 12тага қисқарди?» деган саволга «клубларни йиғдик, шу қарорга келишди» дейди. Тамом, Масала ҳал.
Бу саволга бошқача жавобларнинг ҳаммаси нотўғри.
Қаҳрамон Асланов
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар