09:53 / 10.08.2020
2 485

Шомуродов нега гол ура олмаяпти? Вадим Абрамов бу саволга жавоб берди

Шомуродов нега гол ура олмаяпти? Вадим Абрамов бу саволга жавоб берди
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия чемпионати янги мавсумининг 1-туридан ўрин олган «Тамбов»га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди ва яна гол ура олмади. Шу тариқа ҳужумчининг РПЛдаги голсиз ўйинлари серияси 9 тага етди.

Шомуродов охирги марта 29 февраль куни «Ахмат» дарвозасига гол урганди. Шундан кейин у «Арсенал» ва ЦСКАга қарши ўйинларда биттадан голга ассистентлик қилди. Охирги олтита ўйинда эса самарали ҳаракатни амалга оширмади. Шундай бўлса-да, Шомуродов гол+пас бўйича РПЛ ўтган мавсумида учинчи бўлди.

Tribuna.uz мухбири Шомуродов охирги ўйинларда нега гол ура олмаётгани ҳақидаги савол билан Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовга мурожаат қилди. Миллий жамоа мураббийи Шомуродовнинг ўйини изига тушиб кетишига шубҳа қилмаслигини, Карпин бежизга унга ишонмаётганини айтди.

– Вадим Карленович, Элдор Шомуродов февралдан буён гол ура олмаяпти. Бунга нима сабаб бўляпти деб ўйлайсиз?
– Аввало бунга «Ростов»да коронавирус туфайли юзага келган тўхталиш сабаб бўлди деб ўйлайман. Бу тўхталишдан кейин бутун «Ростов»нинг ўйини қовушмади, аммо охирги ўйинда улар ғалаба қозонишди. Менимча, «Ростов» ўзига кела бошлади ва тез орада жамоанинг ўйини изига тушиб кетади.

– Наҳотки икки ҳафта машғулот ўтказмаслик жисмоний ҳолатга шунчалик жиддий таъсир қилса?
– Албатта, икки ҳафта жуда катта муддат. Мавсумлар оралиғида футболчилар уч ҳафта дам олишади ва кейин мавсум улар учун янгитдан бошланади. Мавсум ўртасида эса бу жуда катта тўхталиш. Бунинг устига, «Ростов» икки ҳафта машғулотсиз карантинда ўтиргач, бирдан расмий ўйинда майдонга тушди. Бу оддий нарса эмас. Агар мавсумолди йиғиндан аввал икки ҳафта карантинда ўтиришганда, бу жисмоний ҳолатга таъсир қилмаслиги мумкин эди, лекин мавсум ўртасида бундай бўлиши табиийки жамоага салбий таъсир қилади.

– Карпин жамоасида бошқа ҳужумчилар бўлса-да, Элдорни доимий асосий таркибда туширмоқда. Бундан у майдондаги кўрсатмаларни тўғри бажармоқда, шунчаки гол уриш учун имконият бўлмаяпти деб хулоса қилиш мумкинми?
– Ҳа, Карпин унинг кучли жиҳатини билгани учун ишонч билдириб, майдонга туширмоқда. Футболчининг фаолиятида нотекисликлар бўлиб туради, буни тўғри қабул қилиш керак. Бундай вақтда футболчини қўллаб-қувватлаш лозим. Карпин узоқни кўзлаган ҳолда Шомуродовни қўлламоқда. Элдор яхши формага кириб олса, жамоага кўп фойда келтириши мумкинлигини Карпин тушуниб турибди. У ҳозир шунчаки гол уриши керак ва ҳаммаси ўрнига тушиб кетади.

– Элдор мавсумдаги голларининг деярли барчасини биринчи даврада урди. Унинг ўйинларини кузатиб бораётган бўлсангиз, нега кейинги ўйинларда гол ура олмаяпти деб ўйлайсиз?
– Элдорнинг уйланганини ҳам унутмаслик керак (кулади). Бу эътибордан четда қолдирмаслик керак бўлган омил. Футболчи уйланса, бу унинг ўйинига таъсир қилади. Барибир бу жараён инсон физиологияси ўзгаришига олиб келади. Балки мен адашаётгандирман, лекин нима бўлганда ҳам, бу унутмаслик керак бўлган омил.

Умид қиламан, Элдор миллий жамоага келганида, бу унга яхши таъсир қилади. Одам ватанига қайтса, руҳий кўтаринкилик ҳис қилади. Шахсан мен Элдорда ҳаммаси яхши бўлиб кетишига шубҳа қилмайман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов нега гол ура олмаяпти? Вадим Абрамов бу саволга жавоб берди