1 995
Учта жамоада мураббий бўлиб ишлаш осонми? Ёхуд Тимур Кападзе барча масалага ойдинлик киритди
“Локомотив” биринчи даврада ўзига ўхшамаганидан кейин, раҳбарият иккинчи давра олдидан мураббийлар штабида ўзгаришларга қўл урди ва бош мураббийликка Андрей Микляевни тайинлади, унга эса Тимур Кападзени ёрдамчи бўлиши эълон қилинди.
Лекин бу Кападзенинг ягона иш жойи эмас. У Ўзбекистон миллий терма жамоасида ёрдамчи ва ёшлар терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаб келаётганидан яхши хабардорсиз. У бира тўла учта жойда ишлашга қийналиб қолмасмикин?
Қолаверса, уни клубда асосий ишни бажараётгани ҳақида ҳам эшитмоқдамиз. Иккинчи давранинг илк турида эса “Локо” “Андижон” майдонида қимматли уч очкони қўлга киритди. Ушбу беллашув давомида айнан Кападзе майдон четида футболчиларга кўрсатма бериб турди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати келаси йилга қолдирилгани унинг режаларига қанчалик таъсир ўтказди? Яқинда эса Тожикистонда мезбонларга қарши иккита ўйин ўтказилиб, бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этилди. Хуллас, Тимур Кападзенинг юқоридагилар юзасидан билдирадиган фикрлари муҳим эди. Шу боис “Андижон” билан беллашувдан сўнг мутахассис sports.uz мухбири билан мулоқотга киришди ва дастлаб иккинчи даврани ғалаба билан бошлаган ўйин ҳақидаги таассуротлари билан бошлади.
“Бу ўйин битта голгача эди”
- Андижонда қийин ўйин бўлиши аниқ эди. Бунга кўп факторлар бор эди. Биринчидан, “Локомотив” ҳам анчадан бери ғалаба қозона олмай келаётгани сабабли ҳар тарафлама босим бор эди, масалан, руҳий ва ўзига ишонч тарафдан. Иккинчидан, биз сафарда ўйнадик. “Андижон” ҳам худди бизга ўхшаган вазиятда эди. Клубга янги раҳбар келди, мураббий алмашди. Шу сабабли улар ҳам учрашувга максимал даражада тайёргарлик кўрганди.
Шунинг учун йигитларимизга ушбу беллашув оғир ўтишини, энг асосийси ғалаба қозонишимиз муҳимлигини, балки ўйинимиз чиқмаслиги мумкиндир, лекин охиригача курашишимиз кераклигини уқтирдик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Рақибни бироз бўлса ҳам кўриб чиққандик. Балки бошқа мураббий келгач, тактика жиҳатидан айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин бўларди ва буни фақат ўйин куни кўрдик. Умуман айтганда, майдонда ўйнаш оғир экан. Бу ҳам барибир таъсирини кўрсатди.
Айниқса, комбинация асосида ўйнаш учун халақит қилди. Бундай майдонда тўпни назорат қилиш қийин. Фақат узатмалар орқали ўйнадик. Майдонда 10 та ўйинчи қолганимизда ҳам охиригача курашдик. Якунда эса биргина имкониятдан фойдаландик. Бу ўйинни биргина гол ҳал қилди. Агарда “Андижон” гол урганида бизга янада қийин бўларди. Чунки улар ҳимояга катта эътибор қаратишарди. Умуман, бу ўйин битта голгача эди. Ғалаба қозонганимиздан албатта хурсандмиз.
“Натижага мураббийлар штаби жавоб беради”
- “Локомотив” клубида бош мураббий Андрей Микляев. Натижага эса мураббийлар штаби жавобгар. Тўғри, машғулотлар ва ўйинларга тайёрлашда биргаликда ҳаракат қиляпмиз. Мен ўз тажрибам билан ёрдамлашяпман. Нима керак бўлса, ҳаммасини маслаҳатлашяпмиз. Таркиб тузишда ҳам биргаликда ҳал қиляпмиз. Ўйин давомида эса ўзим майдон четида футболчиларга кўрсатмалар бериб турдим. Чунки бундай учрашувларда йигитларга далда бериб туриш керак эди.
“Ҳеч қачон термаларимиз устида таваккал қилиб, бошқа ишга қўл урмайман”
- Тўғри, учта жойда дейсизлар-у, лекин мен фақат бир жамоада бош мураббийман. Яъни, Ўзбекистон U-19 терма жамоасини бошқаряпман. Миллий терма жамоада ёрдамчиман. “Локомотив”га ҳам ёрдамчи бўлиб келдим. Шу боис асосан бош мураббийнинг айтганларини машғулотларда бажарамиз. Миллий терма ҳам, U-19 ҳам ҳар доим йиғилавермайди. ФИФА кунларида ёки чемпионатимизда тўхталишлар бўлганида терма жамоалар билан йиғиламиз. Миллий ҳамда ёшлар термаларимизнинг ўйинлари келаси йилга қолдирилганидан кейин “Локомотив” таклиф билан чиқди. Аслида улар анчадан бери бирга ҳамкорлик қилишни исташаётганди.
Бироқ октябрь ойида Осиё чемпионати бўлиб ўтиши боис розилик бермагандим. Мен учун ҳар доим терма жамоалар муҳим бўлиб қолаверади. Нафақат мен, балки ҳаммамиз учун ҳам термаларимиз асосий ўринда бўлади. Ҳеч қачон термаларимиз устида таваккал қилиб, бошқа ишга қўл урмайман. Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати келаси йилга қолдирилганидан сўнг, “Локомотив” яна бир бор таклиф билан чиқди. Раҳбарият ҳам менинг бу клубга ёрдамлашишимга рухсат берди.
“Локомотив” қийин вазиятда эди. Уларга ёрдамлашмайман, десам ҳам балки нотўғри бўларди. Ахир бу жамоада кўп йиллар тўп сурдим. Фаолиятимни ушбу клубда жамоа сардори сифатида тугатдим. Бош мураббий Микляев бўлади, дейишди ва мен йилнинг охиригача қўлимдан келганича ёрдамлашаман, дедим. Футболчиларни яхши танийман. Уларга эса руҳий ва мотивация тарафидан ёрдам керак эди. Бундан ташқари, мураббий сифатида ҳам менга ўсиш учун бу яна бир имконият эди. Боя айтдим, миллий термамиз ҳар доим ҳам тўпланмайди. Ёшлар термаси эса келаси ойда йиғилади.
Бундай пайтда биз фақат футболчиларни ўйинлар давомида ким қандай ўйнаётганини кузатамиз. “Локомотив”да ишлашим эса терма жамоаларимизга ҳам ёрдам бўлади. Масалан, аввало мураббий сифатида яна ўсаман. Биз доим майдонда бўлишимиз, машғулотларда футболчилар билан ишлашимиз, уларни ўйинларга тайёрлашимиз лозим ва албатта иш жараёнида ўсиб борамиз. Терма жамоа бир-икки ойда йиғилади ва унгача биз селекция ишлари билан шуғулланамиз. Ҳозирги вазиятда мен “Локомотив”да мураббийлик бўйича тажрибамни янада оширяпман, шу билан бирга селекция ишларини ҳам давом эттиряпмиз.
Ўринбосарлар ўйинига ҳам боряпман, рақиб жамоани ҳам кўряпман. Қолаверса, миллий терма жамоа мураббийи сифатида ҳам “Локомотив” билан бирга ўйинларга борганда рақиб аъзоларини ҳам ўрганиб чиқамиз. Бундай омиллар албатта мураббий сифатида менга ёрдам беряпти. Мана шундай имконият борлиги учун клуб билан йилнинг охиригача ишлашга рози бўлдим. Лекин қачондир миллий ёки ёшлар терма жамоасининг режа бўйича йиғини бўлса, у ерда қатнашаман. Бу борада биз раҳбарият билан ҳаммасини келишиб олганмиз. Қолган пайтда қўлимдан келганича “Локомотив”га ёрдамлашаман. Бу ерда ваҳимали ҳолат йўқ.
“7 октябрда Малайзия билан ўйин ўтказиш бўйича келишувимиз бор эди”
- Режаларимизни тузиб, Осиё чемпионатига жиддий тайёргарлик кўраётгандик. 7 октябрда турнирдан олдин Малайзия билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш бўйича келишувимиз ҳам бор эди. Аммо мусобақа кейинги йилга қолдирилди, дейишди. Аниқ санасини билганимиздан кейин яна шунга қараб режа тузамиз ва тайёргарликни давом эттирамиз.
“Тожикистонга қарши ўйинлар катта фойда беради”
- Бу халқаро учрашувлар катта фойда беради, ҳар бир футболчига. Айниқса, ўзимизнинг чемпионатдаги ўйинлар билан халқаро даражадаги ўйинларнинг фарқи бор. Хориж жамоалари билан ўйинлар эса йигитларимизга руҳий томондан ҳам куч беради. Шу боис бундай учрашувлар керак эди. Қанча кўп бўлса, шунча фойдали. Тожикистоннинг бу ёшдаги жамоасининг кучли эканлиги ҳақида кўплаб мутахассислар таъкидлаб ўтишган. Шахсан ўзим ҳам уларни кўрмоқчи эдим.
Чунки тожикистонликлар ҳам Осиё чемпионатида иштирок этади. Бундай учрашувлар ҳар тарафлама фойдали бўлди. Тўғри, бир ғалаба ва бир мағлубият бўлди. Биламан, натижа керак, аммо ҳозирги кунда натижадан кўра, бошқа жиҳатлар ҳам муҳимроқ. Йигитларни синаб кўриш, уларни тактик ва руҳий томондан тайёрлаш, қандай камчиликларимиз борлигини мана шундай ўйинлар орқали кўриб олишимиз мумкин эди. Ўйлайманки, Тожикистонга қарши ўтказган иккала учрашувимиз фойдали бўлди. Уларга ҳам бу фойдали бўлди, деб ўйлайман.
Биринчи ўйинда ютдик, иккинчи беллашувда ҳам аслида ютқазмаслигимиз керак эди. Ўйин бўйича олиб қарасак, таркибимиздаги янги номзодлар ҳам ўзларини кўрсатишди. Тўғри, озгина камчиликлар бор. Бироқ боя айтганимдек, ўйин бўйича ютқазмаслигимиз керак эди. Яратилган имкониятлар эса бизда кўпроқ эди, аммо фойдалана олмадик. Уларда эса бешта зарбадан тўрттаси гол билан якунланди.
Ўша куни қандайдир омадсизлик, бўлди десам ҳам бўлади. Иккинчи дарвозабонимиз биринчи лигада ўйнайди, аммо ўйин амалиёти етарли эмаслиги ҳам панд берди, деб ўйлайман. Майли, бунақаси ҳам бўлиб туради. Барибир йигитларимизни шундай ўйинлар орқали текшириб олишимиз ва яна нималар устида ишлашимизни аниқлаб олишимиз лозим эди. Мураббийлар штаби учун албатта фойдали бўлди, ушбу баҳслар.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади