23:52 / 23.09.2020
1 672

«Ал-Ҳилол» мусобақадан четлатилди. «Пахтакор» ва Азиз Ғаниев жамоаси плей-оффга йўл олди

«Ал-Ҳилол» мусобақадан четлатилди. «Пахтакор» ва Азиз Ғаниев жамоаси плей-оффга йўл олди
Фото: «Пахтакор» ФК
Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасининг Чемпионлар Лигаси 6-тури доирасида «Шабоб ал-Аҳли»га қарши ўйини бекор қилинди. Бу ҳақда ОФК расмий сайтида маълум қилинди.

Бир қатор футболчиларида коронавирус аниқланган «Ал-Ҳилол» сўнгги турга 11 нафар ўйинга лаёқатли футболчи билан етиб келди. Регламент бўйича қайдномада камида 13 футболчи бўлиши (шулардан камида бир нафари дарвозабон) кераклиги белгиланганди.

Саудияликлар клуби учрашувни 9 ўйинчи бўлиб бошлашини ва икки нафар дарвозабон захира ўриндиғидан жой олишини маълум қилди. Бироқ учрашув комиссари ўйинни бекор қилган.

Маълумот учун, ОФК ишлаб чиққан регламентга кўра, жамоалардан бири коронавирус сабаб ўйинда иштирок эта олмаса, ўша жамоа мусобақадан четлатилади ва унинг барча натижалари бекор қилинади.

Шу тариқа «Ал-Ҳилол»нинг гуруҳ босқичидаги барча натижалари бекор қилинди. «Пахтакор» гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди. Иккинчи ўрин «Шабоб ал-Аҳли»га насиб этди.

Эслатиб ўтамиз, «Ал-Ҳилол» плей-офф масаласини ҳал қилиб қўйганди. Шота Арвеладзе шогирдлари 1/8 финал босқичда Эроннинг «Истиқлол» жамоасига қарши ўйнайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)