23:20 / 28.09.2020
2 378

Шота Арвеладзе: "Истиқлол"га қарши ўйин, Эроннинг энг кучли клуби ва коронавирус ҳақида"

Шота Арвеладзе: "Истиқлол"га қарши ўйин, Эроннинг энг кучли клуби ва коронавирус ҳақида"
"Пахтакор" клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе championat.asia сайти ёрдамида Эроннинг IRNA ахборот агентлигига интервью берди.
Қуйида ушбу интервьюни тақдим этамиз.

- "Истиқлол"га қарши ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Агар статистикага қарасангиз тўпни назорат қилишда рақибдан катта устунликка эга бўлдик - 70:30. Дарвозага аниқ зарбалар ва бурчак тўплари бўйича ҳам рақибдан устун эдик. "Истиқлол" қолган Эрон клублари сингари жисмонан жуда ҳам яхши тайёргарликка эга. Ўйини яхши ташкил этилган, ҳимоя чизиғи ва ҳужумчилари жуда кучли. "Истиқлол" кўпроқ урғуни ҳимояга қаратди. Аммо биз шу куни ғалабага лойиқ эдик. Ўйинни назорат қилдик, фақат баъзи вазиятларда рақиб ҳужумларини ўтказиб юбордик холос. Рақиб оддий эмасди, курашди, ҳужум қилди, аммо ғалабага ҳақли жамоа ғолиб бўлди.

- "Пахтакор" сўнгги бор 16 йил ярим финалга чиққан. Бу йил ушбу натижани такрорлай оласизларми?
- Қайси босқичга қадар етиб боришимизни билмайман. Аммо сўнгги 3 йилда бу жамоани "қурдик". Клубда кўплаб яхши ишларни амалга оширдик, масалан, академиядаги тайёргарлик, ўйин фалсафаси, технологиялар ва бу жамоа пойдеворини ўзгартиради, аммо "Пахтакор"нинг чиройли ва томошабоп ўйин намойиш этиш услубини ўзгартирмайди. Бундан ташқари биз ўзбекистонлик ёш футболчиларга эътибор қаратишга уриняпмиз, кўрамиз бундан нима келиб чиқар экан.

- Сўнгги йилларда Эрон клублари "Пахтакор"ни ҳатто Эронда ҳам мағлуб эта олмаяпти.
- Бу футбол ва унда кейинги сафар ким ғолиб бўлишини билмаймиз. Сизнинг клублар ОЧЛда мунтазам иштирок этишади, ушбу мусобақа финалларига ҳам чиқишган. Эрон терма жамоаси Осиё Кубогида доимий иштирок этади ва охирги йилларда Жаҳон чемпионати финал босқичларига мунтазам чиқмоқда. Сўнгги иккита мундиалда яхши ўйин намойиш этдинглар, аммо мамлакатингизда кўплаб муаммолар бор. Эронда кураш борлигига қарамай футбол биринчи рақамли спорт тури. Мен грузияликман ва Грузия ҳамда Эрон курашда доим жиддий рақобатчи эканини биламан. Аммо футбол жуда ҳам оммабоп ва ўйинларга 100 минглаб одам келади. Кўп муаммолар бор, бироқ вақт ўтиши билан барчаси яхши бўлиши керак.

- Эрон клублари орасида энг кучлиси қайси деб ҳисоблайсиз?
- Мен Эроннинг кўплаб клублари ўйинини кўрганман. Балки бошқа жамоа мухлислари менининг фикримга қўшилишмас, аммо менимча "Персеполис" энг кучлиси.

- Сиз мураббийликни Нидерландияда бошлагансиз. "Пахтакор" ҳам голланд услубини сингдирасизми?
- Биз Нидерландия, Испания ёки Германия ўйин услубини кўчирмаслигимиз керак. Биз футбол инстикти бўйича давом этишимиз даркор. Жамоавий ўйин, тартиб, тезкор пас, ортга қайтишдан кўра олдинга кўпроқ ҳаракат қилиш ва голлар уриш.

- Сизда коронавирус инфекцияси аниқланди. Ҳозир ҳолатингиз қандай? Кейинги ўйинда захира ўриндиғида бўласизми?
- Йўқ афсуски мен захира ўриндиғида бўла олмайман. Касаллик ҳамон мавжуд, менда бироз ҳолсизлик ва бош оғриғи бор. Аммо умуман олганда худога шукурки вазият бир маъромда. Ҳар куни тузалишимни ва оилам ҳамда жамоага қайтишни сўраб дуо қилаяпман. Умид қиламанки барчаси яхши бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шота Арвеладзе: "Истиқлол"га қарши ўйин, Эроннинг энг кучли клуби ва коронавирус ҳақида"