09:12 / 23.10.2020
1 922

Беларусда ўзбек дербиси. Шаҳбоз Умаров: Яхшибоев билан баҳс бойлашдик, ютқазган...

Беларусда ўзбек дербиси. Шаҳбоз Умаров: Яхшибоев билан баҳс бойлашдик, ютқазган...
Беларусь чемпионати тобора поёнига етиб келмоқда. У ерда эса ўзбекистонлик легионерлар ўзларидан яхши таассурот қолдиришаётгани энди ҳамма билади.

25 октябрда эса бизни қизиқарли тўқнашув кутмоқда. Ўша куни Шаҳбоз Умаров ўйнаётган “Энергетик-БГУ” Жасур Яхшибоев тўп сураётган “Шахтёр”га қарши ўйнайди. Собиқ жамоадошлар тўқнашуви десак ҳам бўлади. Биз эса ушбу баҳс олдидан Шаҳбоз Умаров билан боғландик ва бир қатор қизиқарли мавзуларни ҳам ўртага ташладик.

- Жамоангиз навбатдаги турда Солигорскнинг “Шахтёр” клубига қарши ўйнайди. Бу ўйиннинг сиз ва биз учун янада аҳамиятли томони шундаки, рақиб сафида ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев ўйнамоқда...
- Биз аслида ҳар бир учрашувга максимал даражада тайёргарлик кўрамиз. Аниқки, “Шахтёр”га қарши ҳам жиддий шуғулланяпмиз. Албатта, бўлажак рақиб ҳақида гапирадиган бўлсам, улар ҳақиқатан кучли жамоа. Қолаверса, “Шахтёр”га Жасур Яхшибоев қўшилганидан кейин улар янада кучайишди деб бемалол айта оламиз. Яна нима ҳам дейишим мумкин?

- Ўша куни ғалабага қанчалик ишоняпсиз? Ҳар ҳолда ушбу ўйинда ғалаба иккала жамоа учун жуда муҳим...
- Тўғри, иккала жамоага ғалаба керак. “Шахтёр” чемпионлик учун курашяпти. Биз эса иккита ўйиндан бери ғалаба қозона олмай келяпмиз. Мураббийларимизнинг кўрсатмаларига амал қилиб ўйнашга ҳаракат қиламиз. Қолганини вақт кўрсатади.

- Жасурни эса сиз яхшироқ биласиз. Шундай экан, ушбу беллашувда Яхшибоевни тўхтатиб қолиш учун нима қилиш лозим, унинг ожиз жиҳатлари қандай?
- У кучли ва индивидуал маҳоратга эга. Яхшибоевнинг бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қилиб кета олиши мумкин. Шунинг учун унга қарши ҳимоячилар жуда эҳтиёткор бўлишлари талаб этилади. Аммо шуни ҳам айтмоқчиманки, биз фақатгина Жасурга қарши майдонга тушмаймиз, балки “Шахтёр”га қарши майдонга чиқамиз.

- Беларусь чемпионати етакчиси БАТЭ билан икки йилга шартнома тузганингиз сабабли тезроқ янги жамоага қўшилишингизни кутяпсизми? Чунки бу фаолиятингизда яна янги саҳифа очилишига туртки бўлади.
- Ҳозирги пайтда, тўғрисини айтсам, бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Чунки айни пайтда бор эътиборимни “Энергетик” жамоасига қаратганман. Негаки, ҳали чемпионат тугагани йўқ.

- Бўлажак клубингиз билан алоқада бўлиб турибсизми? БАТЭга қачон қўшилмоқчисиз? Қолаверса, у ерга кетгач, янги мақсад ва янги режалар деганларидек...
- Йўқ, ҳали аниқ билмайман. Аммо янги мавсумни БАТЭ жамоасида бошлашимни биламан холос.

- Шунингдек, сизга яна бошқа қизиқарли вариантлар бўлганлиги ҳақида ҳам эшитдик...
- Аммо менинг бу ҳақда хабарим йўқ.

- Легионер сифатида ўйнаётганингиз сабабли сизнинг персонал мухлисларингиз ҳам ортиб боряпти. Натижада терма жамоада ҳам сизни кўришни истаётганлар кўпайиб боряпти. Миллий термамиздан чақирув кутяпсизми ва бош жамоамизда ўйнашга тайёрман деб айта оласизми?
- Ҳамма ҳам терма жамоада ўйнашни орзу қилади. Шуниси маълумки, миллий терма жамоамизда энг кучли футболчилар ўйнамоқда. Аммо мени у ерда ўйнашимга ҳали эрта, деб ўйлайман. Шунга қарамай, термага чақиришса, ҳамма ҳам бор кучи билан ўйнашга ҳаракат қилади. Боя айтганимдек, термада кучли ўйинчилар ўйнаяпти. Лекин, албатта у ерда ўйнашга умид қиламан.

- Бундан чиқди, сизга терма жамоамиздан чақирув бўлса, бу сиз учун сюрприз бўлади, шундайми?
- Ҳа, сюрприз бўлади. Умуман, кутилмаган ҳолат бўлади, мен учун.

- Айтинг-чи, Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган Шаҳбоз Умаров билан Беларусь чемпионатида тўп сураётган Шаҳбоз Умаров ўртасида қанчалик фарқ бор?
- Ўзимга баҳо бера олмайман. Шу боис нима дейишни билмайман. Бироқ бу ерга келгач, жисмоний тарафдан кучайдим, деб ўйлайман.

- Дарвоқе, “Энергетик-БГУ”га яна бир ҳамюртимиз Ҳумонюнмирзо Иминов ҳам қўшилди. У янги клубга қанчалик мослашяпти?
- Иминов маҳоратли футболчи. Шу боис у янги жамоага тез киришиб кета олди. Уни жамоада ҳамма яхши кутиб олди.

- Қизиқ ҳолат, айни пайтда БАТЭ 50 очко билан пешқадамлик қиляпти. Яхшибоев тўп сураётган “Шахтёр” эса 46 очко билан 3-ўринда. Якунда ким чемпион бўлишини истайсиз: бўлажак жамоангиз – БАТЭми ёки ҳамюртимиз тўп сураётган “Шахтёр”ми?
- Билмайман (кулади). Лекин биз Жасур билан баҳс боғлаганмиз. Ютқазган чойхона қилиб бериш шарти билан.

- Бу баҳс бойлашиш чемпионлик масаласи бўйичами ёки 25 октябрда бўладиган “Энертегик-БГУ” – “Шахтёр” ўйини учунми?
- Ўзаро “Энергетик” – “Шахтёр” ўйинига (кулади).

- Лекин якунда ким чемпион бўлишини хоҳлаяпсиз?
- Кучли жамоа чемпион бўлсин!

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Беларусда ўзбек дербиси. Шаҳбоз Умаров: Яхшибоев билан баҳс бойлашдик, ютқазган...