00:30 / 16.11.2020
854

Шумахернинг натижасини ҳам такрорлайдиган пойгачи топилди

Шумахернинг натижасини ҳам такрорлайдиган пойгачи топилди
Фото: «Autosport.com.ru»
Британиялик «Mercedes» ҳайдовчиси Льюис Хэмилтон фаолияти давомида еттинчи марта «Формула-1»да ғолиб чиқиб, унвонлар сони бўйича германиялик Михаэль Шумахерга тенглашиб олди.

15 ноябрь куни Хэмилтон Туркия Гран-присида биринчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтиб, мавсум натижаларига кўра муддатидан олдин умумий ҳайдовчилар рейтингидаги ғалабасини таъминлади.

Британиялик спортчи 2008, 2014, 2015, 2017, 2018, 2019, 2020 йилларда «Формула-1» чемпионлигини қўлга киритди. Шумахер эса 1994, 1995, 2000, 2001, 2002, 2003, 2004 йилларда ғолиб бўлган.

Сентябрда бош жароҳатидан сўнг тикланаётган Шумахер Мальоркага, Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Переснинг собиқ вилласига ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Бунгача у Швейцариядаги уйида даволанган.

Михаэль Шумахер 2013 йилда Альп тоғларида чанғи учаётган вақтда тош устига йиқилиб, бош мияси оғир жароҳатланган. Натижада пойгачи комага тушиб қолган. Нейрохирургларнинг фикрича, спортчи вақти келиб фақат ўтира олиши ва ўзгалар кўмагидагина кичик қадамлар ташлаши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)