17:35 / 19.11.2020
4 444

Шоҳжаҳон, Ҳасанбой, Шаҳрам ва бошқа ўзбек спортчилари Instagram’да қанча обуначига эга?

Шоҳжаҳон, Ҳасанбой, Шаҳрам ва бошқа ўзбек спортчилари Instagram’да қанча обуначига эга?
Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар, хусусан, Instagram шу даражада оммалашдики, айнан у орқали машҳур санъаткор ва спортчилар яшаш тарзи ва кундалик ҳаётини ўз мухлислари билан бўлишиб келади. Табиийки, бундан ўзбек спортчилари ҳам мустасно эмас. Қуйида эса биз Instagram тармоғида энг кўп обуначига эга бўлган спортчилар (асосан, боксчилар) ўнлигини тақдим этамиз.

Сардор Рашидов – 82 минг обуначи

Фото: Instagram / @SardorRashidov
Бир вақтлар ўзбек футболининг келажаги дея эътироф этилган Рашидов БАА, Қатар, Португалиядаги бир неча йиллик фаолиятидан сўнг ҳозирда ўзига янги клуб излаш билан овора. Унинг сўнгги клуби «Қатар СК» клуби бўлди. Уни Instagram’да 82 мингдан ошиқроқ фойдаланувчи кузатиб боради. Унинг саҳифасида кўпроқ машғулот жараёнлари ва оиласини кўриш мумкин.

Бектемир Мелиқўзиев – 223 минг обуначи

Фото: Instagram
Рио Олимпиадасининг кумуш медали соҳиби Бектемир Instagram тармоғида жуда фаол бўлиб, мунтазам равишда саҳифасига машғулот жараёнларидан фото ва видеоларни жой боради. Обуначилар сони эса кўпайишда давом этмоқда.

Муроджон Аҳмадалиев – 265 минг обуначи

Фото: Twitter
Муроджон ҳам Instagram’да ўта фаол бўлиб, ҳар бир жангидан олдин ва кейин ўз фикрлари билан бўлишиб туради. Ҳозирда уни 265 минг обуначи кузатиб боради. Боксчи машғулотлардан ташқари, турли тадбирларда тушган суратлари билан ҳам ўз мухлисларини хушнуд этиб келади.

Ҳасанбой Дўсматов – 402 минг обуначи

Фото: Instagram
Рио Олимпиадаси ғолиби ва AIBA’нинг 2016 йилдаги энг яхши боксчиси Ҳасанбой Дўсматовни Instagram’да нақ 402 минг обуначи кузатиб боради. Ҳасанбойнинг саҳифасидан, асосан, машғулотларда олинган кадрлар ўрин олган.

Исроил Мадримов – 456 минг обуначи

Фото: Instagram / @israil_madrimov
Ҳаваскор боксдаги қатор адолатсизликлардан сўнг Исроил ҳозирда проф рингда муваффақиятли одимлаб бормоқда – 6 жанг 6 та ғалаба. Мадримов ҳам ҳамкасблари сингари машғулот, турли тадбирлар ва дам олиш жараёнларидан олинган лавҳаларни саҳифасига жойлаб боришни канда қилмайди.

Баҳодир Жалолов – 467 минг обуначи

Фото: Instagram / @bakhodirdjalolov
Профессионал ва ҳаваскор боксни бирдек олиб бораётган Баҳодир Жалоловнинг обуначилари эса 467 минг нафарни ташкил этади. Ҳозирда Баҳодир Ўзбекистон бокс терма жамоаси сардори ҳисобланади, шунингдек, у проф рингда Исроил сингари 6 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалабани ўзиники қилган. У ўз саҳифасида кўпроқ машғулотларда қандай тер тўкишини намойиш этади.

Фазлиддин Ғоибназаров – 634 минг обуначи

Фото: Instagram
Рио Олимпиадасидаги ғалабасидан кейин ўзининг эмоционал ҳаракатлари билан томошабинларнинг кўнглидан жой олган боксчи Фазлиддин Ғоибназаров 634 минг нафар фойдаланувчининг эътиборини ўзига қаратган. Фазлиддин машғулотлар қаторида фарзандлари билан тушган суратларни ҳам саҳифасига жойлаб боради.

Маҳмуд Муродов – 1 миллион обуначи

Фото: Instagram
UFC’даги биринчи ўзбекистонлик жангчи Маҳмуд Муродовнинг Instagram’даги обуначилари сони аллақачон 1 миллиондан ошган. Маҳмуд саҳифаси орқали асосан, жангларга бўлаётган тайёргарлик жараёнлари, уларга оид хабарлар билан бўлишиб туради. Муродов оиласи билан Чехияда истиқомат қилади ва у ўша ерда машғулотлар ўтказади. Маҳмуд саҳифасига жойлаштирган постларига тўрт тилда изоҳ қолдиради (ўзбек, чех, инглиз ва рус тилларида).

Шаҳрам Ғиёсов – 1,2 миллион обуначи

Фото: Instagram / @shakhram__giyasov
Нафақат, боксчилар балки бутун ўзбек спортчилари орасида ҳам, шубҳасиз, Шаҳрам Ғиёсов ижтимоий тармоқларнинг энг фаол фойдаланувчиси ҳисобланади. Бугунги кунга келиб, Шаҳрамнинг обуначилари сони 1 миллион 200 минг нафарга етган. У ҳеч бўлмаганда кунора янги суратлари билан мухлисларини хушнуд этиб туради. Унинг саҳифаси ранг-баранг бўлиб, бир хиллик кўзга ташланмайди.

Шоҳжаҳон Эргашев – 1,4 миллион обуначи

Фото: Instagram / @shohjahonergashev_official
Профессионал боксда 19 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалабани қўлга киритган Шоҳжаҳон Эргашев 1 миллион 466 минг обуначига эга. Эргашев саҳифасига мунтазам равишда ўз иштирокидаги жанглардан лавҳаларни жойлаб боради. Шунингдек, унинг Instagram’ида машғулотлар жараёнини ҳам кузатиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шоҳжаҳон, Ҳасанбой, Шаҳрам ва бошқа ўзбек спортчилари Instagram’да қанча обуначига эга?