13:55 / 22.11.2020
1 055

Газизов: Ўрунов топ даражадаги ўйинчи, бунақалар Россияда кам ва у Европанинг катта клубларига ўтади!

Газизов: Ўрунов топ даражадаги ўйинчи, бунақалар Россияда кам ва у Европанинг катта клубларига ўтади!
“Спартак” бош директори Шамиль Газизов ўзбекистонлик легионер Остон Ўруновнинг истеъдоди ва имкониятларини юқори баҳоламоқда. Ҳамюртимизни Россия футболига олиб кирган таниқли мутахассис журналистларга берган интервьюсида вақти келиб, ўзбек футболчиси Европанинг катта клубларида тўп тепишига ишонаётганини алоҳида таъкидлади.

Интервьюнинг Остон Ўруновга тегишли қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Остон Ўрунов трансфери ҳақида кўп гапириляпти. Яқинда “Уфа” раҳбари Ростислав Мурзагулов ўз интервьюсида сиз Остонни ўз маблағларингиз эвазига трансфер қилганингизни ва уни “Спартак”га олиб кетишингизга қаршилик қила олмаганини айтди. Ҳақиқатан ҳаммаси шундай бўлганми?
- Футболда айрим мураккаб масалалар бор. Трансферга пул ажратган ва уни амалга оширган одам, деган тушунчалар мавжуд. Мен “Уфа”дан кетаётганимда уларга ўзим билан Ўруновни олиб кетишимни аниқ айтгандим. Шунинг учун Остон ЦСКАга ўтмади, уни уларга бериб қўйишга ҳаққим йўқ эди. Агар ўзбек футболчиси ЦСКАга ўтиб кетганида, мендан уни нега “Спартак”га олиб келмаганимни сўраган бўлишарди.

- Сиз Остонга шу даражада ишонасизми?
- Ҳа, у аслида топ даражадаги футболчи. Кимки у билан ишлаган бўлса, буни яхши тушунади. Унда бор сифатларга эга футболчилар Россияда йўқ ҳисоби.

- Мухлислар буни қачон майдонда кўради?
- Бу савол менга эмас. У ҳали кўп ўйин ўтказгани йўқ. Чемпионат етакчиси “Зенит”га қарши учрашувда Ўруновнинг кўрсаткичлари унинг яхши ўйнаганидан далолат беряпти. У ҳали тўлиқ ўзини кўрсатиш имконига эга бўлгани йўқ. Остондан нимани кутишяпти? Ҳар бир беллашувда ҳар битта тўпни рақибдан олиб қўйиб, голларни қалаштириб, ғалабаларни илиб кетишиними?

Остон универсал футболчи. Тўғри, ҳозирча рақобатда ютқазяпти. Лекин бу вақтинчалик ҳолат. “Спартак” тарихига қарасак, келиши билан ўйинга мослашиб, катта фойда келтирган футболчини топиш анча мушкул.

- Нега уни “Герта”га бермадингиз?
- Биз Ўруновни дарров сотиб юбориш учун олиб келмаганмиз. Ҳозир ҳам унга таклифлар бор ва яна бўлади. “Спартак” уни янада кучли қилади ва у Европанинг катта клубларида ўйнайди. Мен уни олишдан олдин бош мураббий Доменико Тедескодан “Остон бизга керакми?”, деб сўраганман. У ҳам маъқуллаган.

- Агар у қарши бўлганда нима қилардингиз?
- Унда Ўрунов бошқа жамоада ўйнаётган бўларди. Ишонинг, кейин бу ердагиларнинг ҳаммаси афсус чекарди. Бу менга ҳам тўғри келмасди. Мен зўр футболчини рақибга бериб юбора олмайман.

- Сиз уни “Уфа”га шахсий маблағингизга олиб келганингиз ростми?
- Футболда “шахсий” пуллар бўлмайди. Мурзагулов менинг яқин дўстим. Лекин у бунақа демаслиги керак эди. Интервьюси чиққанидан кейин телефонлашдик. Қовун туширганини ўзи айтди.

- Ўруновни “Рубин”даги Хвича Кварацхелия билан таққослай оласизми?
- Хвича топ даражадаги футболчи, мен Ўрунов ундан кам эмаслигини аниқ биламан.

- Ўрунов кам ўйин амалиётига эга бўлаётгани боис уни ижарага бериб юбориш яхши эмасми?
- Бироз шошилмай туринг. Ҳали олдинда ўйинлар бор. У ҳозир жароҳатларидан тикланиб бўлди. Лекин мен ижара варианти борлигини ҳам рад этмайман. Ҳатто унинг ўсишини таъминлаш мақсадида Ўруновни қишки трансферлар вақтида сотиб юборишимиз ҳам мумкин. Унга ривожланиши учун имкон бериш керак. Биз футболчини тўлиқ тушунган ҳолда қарор қилишимиз керак. Футболчи мунтазам ўсиб бориши керак. Шунинг учун ҳам доимий ўйин амалиётига эга бўлмаётган футболчилар кетгани маъқул. Бу “Спартак”нинг ҳамма ўйинчиларига тегишли.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)