19:43 / 30.12.2020
4 085

Жалолиддин Машарипов янги клуби учун тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди

Жалолиддин Машарипов янги клуби учун тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди
Фото:championat.asia
Сўнгги кунларда "Пахтакор" вингери Жалолиддин Машариповга оид хабарлар кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Маълум бўлишича, Машарипов 27 декабрь куни Дубайда янги клубига ўтиш олдидан тиббий кўрикдан ўтган. Душанба куни эса тиббий текширув натижалари ижобий чиққан ва маълумотлар хоразмлик ўйинчининг бўлажак жамоасига юборилган.

Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши футболчисининг янги клуби Саудия Арабистонининг "Ал Насср" жамоаси бўлади. Маълум бўлишича, тиббий текширувдан муваффақиятли ўтган Жалолиддин риёдликлар билан 3+0.5 кўринишида шартнома имзолайди. Яъни, унинг келишуви 2023 йилнинг 31 декабрь куни ниҳоясига етади. Клубда эса ўзаро келишувни автоматик тарзда яна ярим мавсумга узайтириш имконияти бўлади. Шунда вингеримиз "Ал Насср" таркибида 2023-2024 йилги мавсумни тўлиқ тугатиб қўйиши мумкин бўлади.

Томонлар ўзаро шахсий шартнома борасида келишувга эришиб бўлишган, фақатгина клублар айрим бандларни келишиб олишса бўлди. Трансфер 99 фоизга амалга ошиб улгурди, фақат сўнгги қадамлар ва расман эълон қилиш қолган.

Маълумот учун, айни пайтда Саудия Арабистони Про лигасида 10та тур ортда қолган. "Ал Насср" ортда қолган 10 ўйинда 2та ғалаба, 2та дуранг ва 6та мағлубият қайд этган ҳолда турнир жадвалида 15-поғонада бормоқда. Клуб қониқарсиз натижалар сабаб 28 декабрь санасида португалиялик мураббий Руи Виториани истеъфога чиқарган. Айни пайтда риёдликларни вақтинча ёшлар жамоаси устози Ален Хорват бошқариб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Жалолиддин Машарипов якунланган мавсум "Пахтакор" сафида Суперлигада 23та ўйинда иштирок этган ва 6та гол уриб, 14та голли пас берган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалолиддин Машарипов янги клуби учун тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди