17:30 / 17.01.2021
2 600

Конор Макгрегор: Улғайгани, жангга тайёргарлик жараёнлари, чемпионлик камари ва Ҳабиб ҳақида

Конор Макгрегор: Улғайгани, жангга тайёргарлик жараёнлари, чемпионлик камари ва Ҳабиб ҳақида
Фото: Instagram
Конор Макгрегор ва Дастин Порье ўртасида 24 январь куни Абу-Дабидаги «Жангчилар ороли»да бўлиб ўтадиган реванш жанги UFC’нинг 2021 йилдаги илк турнирининг асосий беллашуви бўлади. Ирландиялик жангчи бугунги кунга келиб, бир қанча интервьюлар беришга улгурди, аммо улардан энг мазмунлисини (Конорнинг ўзига тегишли бўлган нашр) The MacLife уюштирди. Унда Макгрегор машғулот жараёнлари, Порье билан биринчи жанги ва, албатта, Ҳабиб Нурмагомедов ҳақида гапирди. Қуйида ушбу интервьюнинг энг муҳим жойлари ҳавола этилади.

— Машғулотларингиз қандай ўтди?
— Мен имкон қадар ўзимни асрашга ҳаракат қилдим. Жамоам, мураббийлар ва спарринг-шерикларни ўз ичига олган тайёргарлик жуда зўр ўтди. Биз қаттиқ ишладик, лагер қийин ўтди. Биз ҳамма нарсага тайёрмиз ва мен ўз меҳнатим натижасини кўрсатишни ҳамда бутун дунёга ўз миллатимни яна бир бор эслатиб қўйишни орзиқиб кутяпман.

— Ҳозир қаердасиз?
— Дубайдаман. Биз бу ерга эртароқ келганмиз, «Жангчилар ороли»га йўл олишдан олдин бу ерда ишларимиз бор. Дубайда яна бир неча кун қоламиз, шундан сўнг оролга («Жангчилар ороли») жўнаймиз. Айни пайтда биз 48 соатлик изоляцияга олинганмиз (интервью 14 январь куни уюштирилган), бу зарурий чора. Биз меҳмонхонада ўтирибмиз. Яқинда менга машғулот учун керак бўлган анжомлар олиб келишади. Изоляция ҳолатида ҳам машқ қилишингиз керак. Абу-Дабини тезроқ кўришни истайман, Дубай мени аллақачон ҳайратлантириб бўлган. Чиройли жой, бу ернинг одамлари ажойиб.

2020 йил мен учун жуда яхши йил бўлди: энг йирик трансляция савдоси, тўлиб-тошган стадион, оқшомнинг асосий жангидаги энг тезкор нокаут. Мен бу ишни 40 сонияда бажардим. Курашмоқчиман, чунки бу менинг юрагимда. Ижобий нарсаларга эътибор қаратмоқчиман, чунки шундоқ ҳам атрофда жуда кўп салбий нарсалар мавжуд. Мусобақалашишга, ёнишга ва ўз ишимни максимал даражада бажаришга ҳаракат қиламан. Буларнинг барчаси кундалик ҳаёт, соғлиқни сақлаш, бизнес ва ҳоказоларда ишлайди. Мусобақалашсам ичимда бир нарса ёнади.

Деярли бутун йил давомида жангсиз ўтиришга мажбур бўлганимдан ранжидим. Шунга қарамай, ўша йилни ортда қолдирганимдан хурсандман. Ва энди 2021 йил, мен яна йилни бошламоқдаман. Рақиблар жуда кўп, Дастин Порьени ҳисобдан чиқарганим йўқ, ҳеч қачон бундай қилмаганман. Бу йил учун катта режаларимиз бор.

— Сиз Порье билан аввал ҳам жанг қилгансиз. Биринчи жангдан нималарни эслай оласиз? Ўша вақтларда сизни энди етишиб чиқаётган юлдуз деб аташганди.
— Ўша вақтни яхши эслайман. Дастин ярим енгил вазн тоифаси рейтингида бешинчи ва ҳар доимгидек энг юқори кўрсаткичлари эга эди. У чемпион бўлиш учун ўсаётганди. У Гэтжини тўхтатганда ўзининг савиясини тасдиқлади. Шунингдек, Порье Ҳукерни ҳам мағлуб этган. У феноменал жангчи ва мен у билан имкон қадар тезроқ жанг қилмоқчиман. Биринчи жангимизданоқ, мен ҳаракатларга чуқур кириб бордим, вазиятдан завқ олдим.

Ўшанда илк бор Лас-Вегасга келгандим, Madison Square Garden’да ҳамма учун очиқ бўлган матбуот анжумани бўлиб ўтганди. Ҳатто ўша пайтдаги кўк рангли костюмим ва туфлимни ҳам эслайман. Мен Дастинни ўша пайтдаги каби ҳурмат қиламан. Лекин биз ўйин элементига муҳтожмиз. Бу — бизнес. Унинг ва менинг ўзига хос маҳорат тўпламимиз бор ва биз уларни кўрсатамиз.

— Биринчи жангда сизлар ёш безори эдингиз.
— Ҳозир иккаламиз ҳам ота бўлганмиз.

— Ҳа. Эндиликда сиз унга зарар етказиш ўрнига унинг хайриясига ҳисса қўшмоқдасиз, ҳурмат кўрсатмоқдамиз. Сизнинг эволюциянгизни ҳам жангчи, ҳам инсон сифатида кўриш жуда қизиқарли. Буни ҳис қиляпсизми?
— Бу ишларни катталар қилади, биз аллақачон улғайиб бўлдик. Мен Дастин ва унинг рафиқаси хайрия ишларини йўлга қўйгани ҳақида хабар топдим. Бунда иштирок этиш имкониятим борлигидан хурсандман. Улар болалар учун спорт зали очмоқчи эканликларини айтди. Мен бундан жуда хурсандман. Муваффақиятга эришсин. Бунинг учун биз ишлашимиз, дунёга бизга берганини қайтаришимиз керак.

Бу ҳар бир инсон учун асосий мақсад. Улғайганимдан сўнг мен бу саволларга яна-да кўпроқ сингиб кета бошладим ва ўзимни шу ерда топган инсон сифатида масъулиятим катта эканлигини тушуна бошладим. Мен октагонни Дастин билан бўлишганимдан шодман, бизнинг дунёга қарашларимиз бир хил. Яхши кураш бўлади. Серроне билан бўлган жангдаги каби қон тўкилади, аммо у ёмон бўлмайди.

— Қон ҳақида гапирганингиз кулгили. Дастин яқинда берган интервьюсида иккалангиз ҳам биринчи раунддан кейин қонга ботишингизни исташини, шиддатли жанг кўрмоқчилигини айтди. Аммо сиз уни 60 сонияда нокаут қилишингиз ҳақида гапиргандингиз. Қай бири тўғри?
— Ҳар доим ҳақ бўлган киши бу Порье билан биринчи жангдан кейин туғилган фолбин Макдир. Дастин кучли спортчи. Мен у билан жанг қилишдан хурсанд бўлардим, бунга тайёрман. Дастлабки 60 сонияда зарбалар йўллайман, агар Дастин уларга туриб беролса, бундан ҳам қаттиқроқ зарба бераман.

— Сиз енгил вазнга қайтмоқдасиз. Оғирлик кўрсатиш жараёни қандай кечди? Суратда худди фитнес-моделга ўхшайсиз.
— Мен кўркам ва бақувватман. Жуда кўп куч сарфланган ажойиб формага келдим. Оғирлик қилиш ҳар доим ҳам қийин, аммо агар сиз бунга чин дилдан берилсангиз, унчалик мураккаб бўлмайди. Улар осонлашади. Айнан шу нарса мен учун ишлайди. Бизнинг жамоамизда ҳамма нарса ҳисоблаб чиқилган. Ҳозирда танам енгил вазнга қайтмоқда, куч-қувватга тўлганман. Кунига бир марта машқ қилишга ўтмоқдаман. Вазним нормал ҳолатда, куч-қувватга тўлганман. Мен жуда зўр иш қилдим ва мукофотимни тортиб олишга тайёрман.

— MMA ҳақида гап кетганда дивизионнинг «фили» Ҳабиб Нурмагомедовни эсламасликнинг имкони йўқ. Ҳатто Дэйна Уайт (UFC президенти) ҳам унинг қайтиши мумкинлигини билмайди.
— Ҳа, у худди филга ўхшайди. Айни пайтда у маза қилиб завқланаётган кичкина семиз фил. Ўйлайманки, у сўнгги жанг олдидан оғрилик қилмаган. Ахир у тарозида жуда шубҳали ишларни қилди. Аммо бундай вазиятда қандай қилиб кетиш мумкин? Бу мен учун аҳмоқлик. У яна кўплаб чиройли жангларни ўтказиши мумкин эди. Тони Фергюсон билан бўлган жангдаги вазиятни эсласангиз ҳам. Қайси ҳолатда бўлишининг аҳамияти йўқ, аммо жанг бўлиши керак. У жангдан қочиб юрадигандек туюлади. Бу унинг ишидир. У кетишга қарор қилганида ҳайрон қолмадим. У кетди, биз эса олдинга юришда давом этамиз.

— Дастин билан UFC чемпионлиги учун жанг қилишингиз керакми?
— Ўйлашимча, ҳа. Аммо Дэйна камарни беради деб ҳам ўйламайман. Лекин мен уни тушунаман. Биз учун бу камарлар нима беради? Мен мусобақага чиройли жанглар учун келдим. Камарлар эса ўз-ўзидан пайдо бўлади. Гарчи ушбу қарама-қаршиликдаёқ камарни кўришни хоҳлаётганимни яширмасам ҳам, лекин кейинги жангда шундай бўлади деб ўйлайман. Аммо уни олиб қочган одам (Ҳабиб Нурмагомедов) туфайли ҳамма нарса чалкашиб кетган. UFC унга ўйлаш учун вақт беришга қарор қилди. Ўтмишда қатнашган барча сиёсий баҳсларим менга қизиқ эмас. Бу мени секинлаштиради. Енгил вазн ҳам ярим енгил вазн тоифасида қилган ишимни қилмоқчиман.

Енгил вазн тоифасида кўплаб яхши жангчилар бор, лекин мен улардан бир бош устунман. Мен буни исботламоқчиман. Ҳозир турли чемпионлардан, масалан, бокс бўйича кўплаб таклифлар бор. Шунингдек, биз Дэйна Уайт билан Нейт Диасни яна енгил вазн тоифасига қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Мен у билан яна жанг қилишни истардим. Камар билан боғлиқ вазият қандай бўлишидан қатъи назар биз жанг қиламиз.

— Аввалроқ сиз Эдди Альварес ва Дональд Серроне билан бўлган жангларда ўзингиз акс эттирилган суратлар коллажини жойлаштирдингиз ва ҳозир аввалги версияларингизни бемалол мағлуб этишингизни айтдингиз. Буни қандай қилдингиз?
— Ҳозир мен тезроқ, аниқроқ ва руҳий жиҳатдан кучлироқман, кўпроқ тайёрман. Бори шу. Фақат олдинга интиладиган одамман. Ҳозир ўзимни айнан шундай ҳис қиляпман. Бундай ҳолатда бўлиш ёқимли. Бу ҳолатга келиш осон бўлмаган, кўп ишлар қилинди. Лекин мен бу ҳолатга шунчаки келиб қолмадим. Ишонаманки, ҳали потенциалимнинг ярмига ҳам эришмаганман. Ишлашда давом этамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Конор Макгрегор: Улғайгани, жангга тайёргарлик жараёнлари, чемпионлик камари ва Ҳабиб ҳақида