Яқинда “Ювентус”нинг ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовга қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабар қишки трансфер даврида катта шов-шув кўтарган эди. Бу мавзу Италия, Россия, Ўзбекистон ва қатор бошқа мамлакатларда жуда кўп муҳокама қилинди, воқеалар ривожининг турли вариантлари илгари сурилди. Кейинчалик “Ювентус” спорт директори Фабио Паратичининг бу мавзуга тўхталгани шов-шувларни бироз пасайтирди.
- Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка масаласига аниқлик киритиш учун шуни айтишим керакки, айни пайтда жамоамиз рақобатбардош ҳисобланади. Агар биз трансфер бозорида биз учун ижобий имкониятлар юзага келганини кўрсак, ўшанда бир қарорга келамиз. Ҳозирча, бу борада шошилишга ҳожат йўқ, - деган эди Фабио Паратичи.
Шундай бўлса-да, А Сериянинг навбатдаги туридан сўнг, тўғрироғи “Женоа”нинг “Аталанта” майдонида очко олгани ва “Ювентус” сафарда “Интер”дан енгилганидан кейин бу мавзу яна долзарб масалага айланди.
Италия матбуоти туринликлар Элдор Шомуродов масаласида “Женоа” билан музокара ўтказганини ёза бошлади. Бундан ташқари, “Ювентус” айни пайтда жамоага ҳужумчи қидираётганидан футбол жамоатчилиги яхшигина хабардор.
Гарчи туринликлар Шомуродов масаласини шунчаки шов-шувдек кўрсатмоқчи бўлса-да, аксарият манбалар “Ювентус” ўзбек ҳужумчисига қизиқаётгани бор гап эканини таъкидламоқда.
Хусусан, Calciomercato нашри томонлар мазкур трансфер борасида ўзаро учрашганини ёзяпти. Маълумотларга қараганда, Фабио Паратичи ҳақиқатан жамоага олиш учун янги ҳужумчи қидирмоқда. Асосий талаб шуки, олиб келинадиган футболчи ўйин услуби жиҳатидан айни пайтда туринликлар шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчилар Криштиану Роналду, Пауло Дибала ва Альваро Моратадан фарқ қилиши керак.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов “Ювентус” спорт директори қидираётган ҳужумчилар тоифасига киради. Чунки Роналду, Мората ва Дибала асосан гол уриш учун ўйнайди. Ўзбек легионери эса, марказий ва қанот ҳужумчиси вазифаларини бажаришдан ташқари ўткир ҳужум ташкил этиш, жамоадошларини голли позицияга чиқариш, рақиб ҳужумини тўхтатиш, майдон маркази ва ҳимоя чизиғидаги курашларда фаол ва муваффақиятли иштирок этиши билан ҳам мутахассислар эътиборига тушди.
Бир сўз билан айтганда, Элдор Шомуродов кўп қирра футболчи. У майдонда бир неча вазифани бажариши мумкин. У мураббийларнинг турли тактик схемаларига мос тушади. Бу типдаги футболчиларга Европа футболида ҳам талаб катта.
Шомуродовнинг асосий устунликларидан яна бири характеридир. У меҳнаткаш, мақсад сари тинимсиз интилади. “Женоа”да ҳам шу курашувчанлик хусусияти туфайли қисқа муддатда икки нафар бош мураббийни ўзининг бошқа ҳужумчилардан устунлигига ишонтира олди. Қолаверса, чет эллик аксарият футболчилар сингари моддий манфаатдорликни биринчи ўринга қўймайди. Яъни, уни оладиган клубга катта талаблар қўймайди. Пандемия клублар молиявий аҳволига катта зарба бераётган ҳозирги даврда бу жуда муҳим жиҳат ҳисобланади. Элдор Европага пул учун кетгани йўқ, балки унинг мақсади кучли клубларда ўз ўйинини намойиш этишдан иборат.
Хуллас, Элдор яхши ўйнагани сари атрофида турли хабар ва янгиликлар ҳам кўпайиб бораверади. Факт шуки, у ҳозир амалда “Женоа” аъзоси. Генуя клуби Италиянинг энг ёши улуғ жамоаси эканига қарамай, ҳозир грандлар қаторига кирмайди. Биз учун эса, Элдорнинг гранд клубдан қуйи жамоаларга шўнғиганидан кўра, пастдан тепага қараб, юқорилагани маъқул. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда