2 014
Жалолиддин Машарипов: "Ал-Насср"га ўтганимдан афсусланмайман, ҳали Европага кетишга улгураман
Ниҳоят, Жалолиддин Машариповнинг янги жамоаси ҳам пайдо бўлди. Унгача барчамиз кутдик, унинг қайси клубга йўл олишини. Лекин тан олиш лозимки, бу футболчининг фаолиятини қаерда давом эттириши осон кечмади. Чунки “Пахтакор” етакчисини ўз сафида кўришни хоҳлаганлар кўп эди.
Якунда эса Машарипов Саудия Арабистонининг “Ал-Насср” клуби билан шартнома имзолади. Бироқ бу жамоада айрим муаммолар борлиги сабабли Жалолиддин ижара эвазига БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” клубига кетди. Футболчи воқеалар ривожи қандай тус олгани ва яна бошқа масалалар юзасидан Sports.uz мухбирига ўз муносабатини билдирди.
“Бошида “Ал-Насср” мени ижарага беришни хоҳламади”
- Тўғри айтасиз, менинг янги клубга ўтишим бироз чўзилди. Чўзилганининг сабабини яхша тарафга деб айтсам бўлади. Қўлимда бир-иккита эмас, балки кўпроқ вариантлар бор эди. Қайси бирига ўтишни билмасдан ўйлаб қолгандим ва шунинг эвазига ҳам бироз чўзилди. Бундан бошқа муаммо бўлгани йўқ. Шунчаки, қаерга ўтишим борасида яхшилаб ўйладим. Охир-оқибат уйдагилар билан маслаҳатлашган ҳолда Саудия Арабистонининг “Ал-Насср” клубини танладим ва жамоа билан шартнома туздим. Лекин клубнинг кичкина муаммолари бор экан. Бу ҳақида шартномага қўл қўйишдан олдин билмагандик. “Ал-Насср” ҳозирги пайтда ҳеч кимни рўйхатдан ўтказа олмас экан.
Лекин улар менга шартнома беришдан олдин заявка қилиш борасида гаплашишган ва мени рўйхатдан ўтказа олишларига ишонишган. Бироқ осиёлик ўйинчиси билан қандайдир муаммо юз бергани туфайли мени рўйхатдан ўтказа олишмади. Шундан кейин “Ал-Насср” клубидагиларга ҳеч бўлмаса ижарада ўйнаб туришимни ва сизларни кутиб ўтиришга вақтим йўқ, деб айтдим. Аввалига улар рози бўлишмади, сени шунча пулга бежизга сотиб олмадик, ижарага қўйиб юбормаймиз дейишди. Клуб хўжайинлари ҳам, мухлислари ҳам сени ёқтириб қолишган ва жамоага келишингни кутишяпти деб айтдилар.
Лекин қарасам вақт ўтиб кетаётганди. Шу боис уларга жиддий туриб айтдим, ижарага қўйиб юборинглар деб. Менга ижарага ҳам бир қатор яхши клублардан таклифлар бўлаётганди. Натижада “Шабаб Ал-Аҳли” билан келишдик ва беш ой муддатга ушбу клубга келдим. Бу ерда ҳаммаси яхши, мени илиқ кутиб олишди. Бу ерда мен учун барчаси яхши тугайди деган умиддаман.
“Шабаб Ал-Аҳли” мени ўз сафида кўришни кўпроқ истади”
- “Шабаб Ал-Аҳли”ни танлашимга келсак, ёдингизда бўлса, ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасида бу жамоага қарши ўйнаганмиз ва гол ҳам урганман. Натижада улар мени яхши таниб қолишганди. Имкониятларимни яхши билишгани сабабли ижарага бўлса ҳам мени қўлга киритишни қаттиқ хоҳлашди. Футболчи ҳам ўзини қайси клуб кўпроқ хоҳласа ўша жойга боргиси келади. Мураббий ҳам ишонч билдиради ва сизга ўзингизни кўрсатишингизга имконият яратиб беради.
Шунингдек, бу клубда ҳамюртимиз Азиз Ғаниев ҳам тўп суряпти. Энди у билан бир жамоадаман. Ғаниевнинг жамоада бўлиши ҳам менга ўзига яраша қулайлик яратади. Чунки бир-биримизни яхши тушунамиз майдонда ҳам. Ўйин услубларимизни яхши биламиз. Клубдаги бошқа йигитлар ҳам мени яхши кутиб олишди. Келганимдан барчаси хурсанд. Футболчилар билан эски танишлардек, муомалада бўляпмиз. Клуб мураббийлари ва ишчилари билан ҳам қисқа фурсатларда ажойиб муносабат ўрната олдим.
“Ал-Насср”даги воқеа мен учун ҳеч қандай ёқимсиз бўлиб туюлгани йўқ. Мендаги бу йилги вазифа легионер сифатида хорижда тўп суриш эди. Ижарада ўйнаётганим эса менга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Футбол ҳамма жойда бир хил. Лекин ҳаётда шундай вазиятлар ҳам учраб туради. Энг муҳими, мен легионер сифатида фаолиятимни бошладим. Беш ойдан кейин “Ал-Насср”га қўшилишим керак.
“7-рақамни бўш деб айтишди”
- “Шабаб Ал-Аҳли”да 7-рақамни олдим. Клубга келганимдаёқ менга 7-рақам бор деб айтишди. Қолгани суриштириб ҳам ўтирмасдан шу рақамда тўп суришга розилик билдирдим.
“Трансфер пулимни тўлай оладиган яна бошқа клублар ҳам бор эди”
- “Ал-Насср”га ўтганимдан афсусланмайман. Бу Осиёдаги топ-клублардан бири. Бу клубни танлашимга шу жиҳати ҳам сабаб бўлди. Трансфер пулимни тўлайдиган яна бошқа клублар ҳам бор эди. Фақат бошқа жамоалар билан кичкина деталлари бўйича келиша олмадик. “Ал-Насср” мени ўз сафида кўришни кучли хоҳлади. Улар менинг айтган барча истакларимни қилиб берди. Шунинг учун шу клубга ўтдим. Яна қайтараман, “Ал-Насср” футболчисига айланганимдан афсусланмайман.
“Арвеладзенинг кетгани “Пахтакор”га таъсир қилса керак”
- Биринчи навбатда Шота Арвеладзенинг кетгани катта таъсир ўтказса керак, деб ўйлайман. Негаки, кучли мураббий. Буни йиллар давомида қанақа мураббийлигини, қандай жамоа туза олганини кўрсатди. Унинг бошчилигида бир оила шаклланганди. Барибир Арвеладзе Европа футболини кўрган мутахассис. Бизга кўп нарсани ўргатди. Ўша ўргатганларига қараб ўйнадик ва ҳаммаси яхши ўхшади. Энди “Пахтакор” етакчилари кетганига келсак, 3-4 нафар ўйинчининг кетгани бироз бўлса ҳам таъсирини ўтказса керак. Чунки асосий таркиб футболчилари тарк этишди.
Лекин Азиз Турғунбоевни олишди. Бу футболчи “Пахтакор”да ўзини яхши томонлама кўрсата олса керак, деб ўйлайман. Қолганини эса чемпионат давомида ва Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларида кўрамиз. Ҳар доим “Пахтакор”га омад тилайман, бу менинг оилам. “Пахтакор” – менинг уйим. Клуб академиясидан чиқиб катта бўлганман. Жамоа раҳбарлари, мураббийлари ва футболчиларига бир оила бўлганимиздан хурсандман ва раҳмат айтаман.
“Осиёга келганим энди шу ерда қолиб кетаман дегани эмас”
- Тўғри, ўзимни ҳам катта орзуларимдан бири Европада тўп суриб ўзимни кўрсатиш ва бунга ишонардим ҳам. Лекин Саудия Арабистони ва “Ал-Насср”ни танладим. Осиёда “Ал-Ҳилол”, “Ал-Насср” топ-клублар сирасига киради. Бундай жамоаларга Европадан ҳам кучли футболчилар келади. “Ал-Насср” орқали ҳам Европага кетса бўлади. Шуни ҳам инобатга олган ҳолатда Саудия клубини танладим десам ҳам бўлади. Фақат юқорида айтганимдек, бироз муаммолар пайдо бўлди ва БАА клубига беш ойга ижарага келдим. Бу эса бўлди, энди Осиёда қолади дегани эмас. Саудияга қайтиб у ерда ўзимни яхши кўрсатсам, ҳали Европага кетишга ҳам улгураман. Осиёга келдим ва энди шу ерда қоламан деган мақсадим йўқ.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда