23:13 / 12.02.2021
3 177

“Локомотив” раҳбаридан Жасурга кутилмаган яна бир “зарба”!

“Локомотив” раҳбаридан Жасурга кутилмаган яна бир “зарба”!
Ўзбекистон чемпионатлари тарихидан энг ёш дебютант сифатида жой олган Жасур Жалолиддиновнинг Россияга трансфери муваффақиятсиз якунланганидан ҳамманинг хабари бор. Ярим мавсум давомида икки жамоа – “Локомотив” ва “Тамбов” аъзосига айланиб, премьер-лигада дебют ўтказиш имкони берилмаган футболчимиз юртимизга қайтиб келган.

Шунга қарамай, унинг трансфери ҳамон рус матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда. Яқинда “Локомотив” профессионал футбол клубининг янги бош директори Владимир Леонченко журналистлар билан суҳбатда, аввалги раҳбарият ишига муносабат билдириб, улар йўл қўйган камчиликларни тилга олар экан, Жалолиддинов трансферини ҳам кескин танқид қилди.

- Футболчиларнинг номини айтмайман, лекин ижара шартномалари камида ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Биринчи навбатда, футболчини тарбиялаган ва унга эгалик қиладиган клуб ўз фойдасини кўриши шарт. Биз эса, ўз ўйинчимизни ортга қайтариш учун яна харажат қилишимизга тўғри келяпти. Бундан ташқари, унинг ўйини очилиб кетса, қўшимча пул ҳам тўлашга мажбурмиз. Футболчини ким тарбиялаган? Кўп келишувлар клубнинг зиёнига тузилган. Энди бундай бўлмайди, - деди Владимир Леонченко.

- Сиз яширган номни мен айтаман. Бу Роман Тугарев. Икки йилдан бери “Ростов”да ўйнаётган футболчини қайтариш учун 15 миллион рубль тўланиши кераклиги ростми?
- Аниқ рақамларга тўхталмайман, лекин бу текинга сотиб юборилган ўйинчи бўлган. “Ростов” у билан шартномани бир томонлама узайтириш ҳуқуқига эга. Битта хат билан уни яна бир мавсум ўзида олиб қолиши мумкин.

- “Локомотив” “Ротор”да ижарада ўйнаётган Соломон Кверквелия маошининг 95 фоизини тўлар экан. Шу ҳам ҳақиқатми?
- Ҳақиқатга анча яқин. Биз “Локомотив”да маошлар юқори экани ва бошқалар буни кўтара олмаслигини тушунамиз. Лекин бу даражага етиб бормаслик керак. Энг асосийси, сен ҳимоячини ижарага бериб юбориб, маошини тўлашда давом этасан ва яна унинг ўрнига бошқасини оласан.

- Айниқса, Райковичга ўхшаганини...
- Кимлигининг аҳамияти йўқ. Муҳими, клуб бюджетига юк тушаётганида. Футболчи бор бўлса, ундан тўлиқ фойдаланиш керак. Жамоада ўйнаб, шартномасини оқласин. Жоржевичда ҳам шундай ҳолат. Фақат “Арсенал” сал кўпроқ тўлаяпти холос. Уни “Зенит”дан олганмиз, лекин бизга ўйнамаяпти.

- “Локомотив”га Жасур Жалолиддинов олиб келинган эди ва унинг агентлари трансфер суммасининг 650 фоиз баробаридаги пулни чўнтакка ургани ҳақида гап чиқди. Клуб бу трансферга аслида қанча сарфлаган?
- Рақамларни айтмайман. Жасур билан узоқ муддатли шартнома бекор қилингани яхши бўлди ва бу муҳим қарор эди. Қолаверса, Жалолиддинов легионер эди ва хорижлик футболчиларга қўйилган лимит туфайли, биз ҳозирдан рақобатга дош беролмаган ўйинчини олиб ўтиролмаймиз. Жалолиддинов истеъдодли йигит бўлиши мумкин, лекин бу ерда унинг фаолияти ривожланишдан тўхтаб қолгани бор гап. Унинг “Локомотив”да ўйнаб кетиш имконияти йўқлиги учун “Тамбов”га ижарага берилди. У ерда ҳам ўйнаб кета олмади.

Мен бу трансфер қайси принциплар асосида қарор қилинганини ҳалигача тушунмайман. Бизда ўзимиз тарбиялаган футболчилар жуда кўп. Легионерларга қўйилган чеклов амалда бўлган бир пайтда, бошқа мамлакатдан ҳатто иккинчи жамоада ҳам ўйнай олмайдиган футболчини олиб келишдан нима наф?

Дарҳақиқат, Жасур Жалолиддиновнинг “Бунёдкор”дан “Локомотив”га трансфери ҳеч бир томон учун айтарли манфаат келтирмади. Асосий фойда трансфер бошида турган агентларга насиб этди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу Жасур учун қимматли тажриба бўлди ва унинг иқтидорига ишонган ҳолда тез орада фаолиятини яна тиклаб олишига умид қиламиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Локомотив” раҳбаридан Жасурга кутилмаган яна бир “зарба”!