00:23 / 27.03.2021
3 024

Гана Терма жамоамизга ойна тутди! Сиз кўзгуда нимани кўрдингиз?!

Гана Терма жамоамизга ойна тутди! Сиз кўзгуда нимани кўрдингиз?!
Фото: Sports.uz
Бугунги учрашувни бемалол икки қисмга бўлиб томоша қилиш мумкин. Оптимист мухлислар ўйиндан лаззат олишди, аммо пессимист фанатлар ҳам ўз қарашлари тўғри эканлигини яна бир бор ҳис қилишди. Келинг, адолат юзасидан бугунги ўйиннинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида бирдек фикр билдирамиз.

Ўйиндаги плюслар:

Намангандаги мухлислар ва жанговар таркиб

Вадим Абрамов африкалик рақибларга қарши илк дақиқалардан жанговар таркибни ўйинга ташлади. Айниқса, ҳужум учлигидаги йигитларнинг бирга тўп сургани мухлислар кўзини қувнатгани рост. Ўйинни телеэкран орқали томоша қилган кўплаб мухлислар мириқиб ҳордиқ олишди. Намангандаги «Марказий» аренаси эса, шунчаки «даҳшатли» атмосферани намойиш этди. Абрамов бундан аввалги йиғинлардан фарқли ўлароқ, имкон қадар натижани ҳам унутмасликка қарор қилган кўринади. Шу боис, ортиқча таваккалга қўл урилмади. Катта эҳтимол билан, шу йигитлар ЖЧ саралашидаги 3 та ўйинда асосий таркибда майдонга тушади. Бугун Абрамов деярли бир йил давомида кўриб чиққан футболчиларнинг энг асосийларини майдонга туширди.

Илк 45 дақиқа
Терма жамоадаги ўйинларни соғиниб қолган Рашидов илк дақиқалардан майдонда пайдо бўлди. Шунингдек, «Уфа»да асосан таянч зонасида тўп сурувчи Остоннинг ҳужумчи ортига ўтказилгани ҳам хурсанд қилди. Биринчи гол ҳам айнан унинг меҳнати эвазига содир бўлди. Гана футболчилари «Марказий» аренанинг босимини енгиб ўтгунига қадар, ўз дарвозасидан гол олиб чиқишга мажбур бўлди. Отабек Шукуров совуққонлик билан 14-ҳудуддан кучли зарба йўллади. Ҳисоб очилгач, Гананинг савияси кўриниб қолди. Жамоа илк 15 дақиқа давомида жуда кўплаб хатоларга йўл қўйди. Гол ўтказиб юборган вазиятда эса, очиқчасига тактик хато кўзга ташланди.

Тезкор голдан руҳланган «оқ бўрилар» рақибга босимни кучайтирди. Осиё вакилларидан бундай агрессив футбол кутмаган Гана тўпни узоқлаштиришни бошлади. Бу айнан Абрамовнинг режасини иш беришига кўмак берди. Биринчи бўлимда терма жамоамиз бутун майдон бўйлаб ҳужум қилди. Қанотлар, марказ ва ҳатто таянч ярим ҳимоячилари ҳам ҳужумда фаол иштирок этди. Бемалол 2 ё 3 та гол уриш мумкин эди. Афсуски, ўзбек футболидаги энг оғир касаллик – вазиятлардан унумли фойдаланиш панд бериб қўйди. Гана бир амаллаб прессингни енгиб ўтишга ҳаракат қилди, аммо босим юқори бўлгани учун таваккал қилишни истамади.

Ўйин унутилади, аммо натижа қолади
Қора қитъа вакиллари таблодаги ҳисобни тенглаштиргач, «Марказий» арена бир неча дақиқага сукунатга чўмди. Ўз вақтида терма жамоа уйғонди ва ҳисобни ўз фойдасига ўзгартирди. Акс холда, бу натижа муҳим ўйинлар олдидан руҳий зарба бўлиши аниқ. Боз устига, Гана ўзининг деярли иккинчи таркиби билан Намангандан дурангни олиб кетиши мухлисларни ҳам тушкунликка тушириб қўйиши мумкин эди. Бахтимизга, Жалолиддин Машарипов энг муҳим паллада катта саҳнага чиқди. Унинг ижросидаги зарба кўпчиликни енгил тин олишига сабаб бўлгани рост. Натижа ҳаммага манзур келди. Ўйин ташкилотчилари, стадионга йиғилган мухлислар ва статистика ихлосмандларига. Шунингдек, 90 дақиқани вақт ажратиб телеэкран орқали томоша қилганлар ҳам маза қилди. Ҳар ҳолда, 1:1 дан 2:1 ёқимли.

Ўйиндаги минуслар:

Иккинчи бўлимдаги пассивлик

45 дақиқалик футболни томоша қилгач, барча бугун йирик ҳисобдаги ғалаба бўлишига шубҳа қилмай қўйди.Кутилмаганда, иккинчи бўлимга Гана умуман бошқача кайфиятда чиқиб келди. Биринчи 45 дақиқаликда Абрамов қанотлар орқали бош зоналар яратишга ўрганган эди. Иккинчи таймда Гана тўпни ўз назоратига олишни бошлади. Кўп ўтмай меҳмонлар терма жамоамиз ўйин режасини бузиб ташлашди. Рақиб мураббийи ярим ҳимоячиларни марказга яқинроқ тўп суришига буйруқ берди. Оқибатда, миллий жамоамиз фақат қанотларга суянишга мажбур бўлишни бошлади. Қанотлар орқали тўп сурувчи жамоаларда жисмоний ҳолат доимо 101 фоиз тайёр бўлиши керак.

Сезган бўлсангиз, 65 дақиқага қадар Рашидов ва Машарипов қанотлар орқали ёриб киришга уринди. 70 дақиқадан сўнг, терма жамоамиз чарчаб қолишни бошлади. Брак узатмалар ва майдон марказидаги фоллар сабабли ўйин темпи тушиб кетди. Оқибатда, қанотлардаги вингерларимиз ўйиндан тушиб қолишни бошлади. Шу боис, Абрамов биринчи навбатда уларни алмаштирди. Ойбек Бозоров иккинчи бўлимда майдонга тушган бўлсада, унгача тўп деярли етиб келгани йўқ. Чарчоқ сабабли термамиз ўйинида ноаниқлик кўпайиб кетди.

Ўтказиб юборилган гол
Қанчалар кулгили туюлмасин, 17 ёшли Исак Абдул Фатао Роналду услубида жуда узоқ масофадан гол киритди. Бу зарба бизнинг футболга ойна тутиб берди. Кўзгунинг аксида барча дарвозабонлар билан муаммо тўлиқ ҳал этилмаганини дарров кўриб олди. Гана ёшлари аъзоси бўлишига қарамай, бу йигит бир неча бор ҳимоячиларни доғда қолдириб кетганини кўрдик. Ҳисоб тенглашгач, терма жамоамиз ўйин услуби наф бермай қўйди. Гана тўлиқ қарши ҳужум тактикасига ўтиб олди..

Ганалик ярим ҳимоячи эса, жуда қўпол хатога йўл қўйиб ўз классини кўрсатган бўлса, Машарипов айёрона зарбаси билан ўз классини намойиш этди. Ҳисоб 2:1 га ўзгаргач, жамоамиз темпни туширишни бошлади. Очиқчасига, натижа учун ўйин бошланиб кетди. Вазиятлар бўлди, аммо биринчи бўлимдаги кескинликдан асар ҳам йўқ эди. Бу орада, ўзгаришлар сони кўпайиб кетгани учун ўйин картинасини тўлиқ кўришнинг имкони бўлмади.

Муаммолар ўша-ўша
Бугунги ўйин футболимиздаги асосий муаммолар ҳали-ҳамон актуал эканлигини кўрсатиб қўйди. Жисмоний имкониятларимиз, очиқ футболга яраша реализациянинг йўқлиги ва ярим жамоага тенг дарвозабонимизнинг мавжуд эмаслиги. Ачинарлиси шундаки, замонавий футболдаги деярли барча грандларда бу омиллар бобида муаммо мавжуд эмас. Бизда эса, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Ҳар қандай жамоа ўз имкониятларидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши лозим. «Ливерпуль»нинг агрессив ва ҳужумкор футболи ёқадими? Унда жисмонан супер формадаги атлет йигитларни жамоага жалб этиш лозим.

Гвардиоланинг тики-такасига ишқибозмисиз? Унда техникаси супер бўлган футболчиларни таркибга чорланг. Ана шунда натижа бўлиши мумкин. Тактика ва стратегия қўл остидаги футболчилардан келиб чиқиб тузилиши лозим. Футболчиларни тактикага мослаш эса, ҳар доим ҳам натижа кўрсатавермайди. Майли, бугун Гана спарринг рақиб вазифасини муносиб ўтаб берди. Бунинг учун уларга раҳмат. Натижа ҳам ҳаммани хурсанд қилди, бироқ муҳими бу эмас. Асосийси, Гана бизга тутган ойнадаги аксимизга қандай баҳо беришда! Ойнадаги суратдан Вадим Абрамов ўзи учун керакли хулосани чиқаради деган умиддамиз.

Якунланмаган хулоса
Ўртоқлик ўйини сабабли ҳеч кимни айблашнинг имкони йўқ. Бу ўз номи билан ўртоқлик баҳси. Унда ҳеч қачон натижа муҳим бўлмаган. Муҳими ўйиндан қандай фойдаланиш. Бугунги ўйин Абрамов учун ҳамма аспектларни кўриб олиш учун имконият яратиб берди. Олдинда, термамизни Ироқ кутиб турибди. Натижа ўз йўлига, аҳир бу ўртоқлик ўйинику! Асосийси, бу спарринг рақиблар бизнинг ожиз нуқталарга берган зарбасини эслаб қолиш. Ана шунда, ҳал қилувчи «Жанг»ларда бемалол ожиз нуқталарни беркитиш мумкин бўлади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гана Терма жамоамизга ойна тутди! Сиз кўзгуда нимани кўрдингиз?!