Ўзбекистонлик профессионал боксчилар орасида жаҳонинг нуфузли тўрт йўналишининг биринчи рақамли чемпионлик камарларини қўлга киритганлар унчалик кўпни ташкил қилмайди. Жумладан, дастлабки шундай титулни енгил вазн тоифасида ўз жангларини ўтказган Артур Григорян қўлга киритади. Яъни, у ушбу вазн тоифасида WBO чемпионлик камари соҳибига айланади.
Кейинчалик Руслан Чагаев оғир вазн тоифасида WBA чемпионига айланган бўлса, яхши биласизки, Муроджон Аҳмадалиев иккинчи ярим енгил вазнда бирйўла IBF ҳамда WBA Super чемпионлигига эриша олди. Тўғри, ўз вақтида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Олег Маскаев ҳам WBC чемпиони бўла олганди. Бироқ, у ўша вақтда Россия номидан жанг ўтказар эди.
Албатта, бу тарихий воқеликларга бежиз тўхталганимиз йўқ. Сабаби, ҳозирги кунда ўзбекистонлик боксчилар орасида бундай натижа қайд этишга яқин келаётганлар бор. Шу нуқтаи назардан биз Муроджон Аҳмадалиевдан кейин жаҳоннинг нуфузли чемпионлик камарларини қўлга киритишга яқин турган ва унга қодир бўлган уч нафар боксчиларимиз борасида ўзбекистонлик профессионал бокс мутахассисларининг фикрлари билан қизиқдик.
Набижон Исмонов - мураббий ва Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси мутасаддиси
- Аслида, бундай боксчиларимиз жуда кўплаб топилади. Лекин яқин вақтлар мобайнида эканлигини инобатга олсак, дастлабкиси Қудратилло Абдуқаҳҳоров деб айта оламан. Тўғри, унинг вазн тоифасида жуда кучли рақиблар мавжуд. Шундай бўлса ҳам Абдуқаҳҳоров анчагина матонатли ва тартибли боксчи. Промоутерлик компаниясини ҳам янгилади. Агар, промоутерлари яхши ишласа, у ушбу даражага эриша олади.
Шубҳасиз, Бектемир Мелиқўзиевнинг бу борадаги имконияти жуда юқори. У ҳар қандай рақиб билан исталганча жанг қилиши мумкин ва уни тез орада чемпионлик мақомида ҳам кўрсак ажаб эмас. Исроил Мадримов ҳам ҳозирда рейтингда етакчилик қилмоқда. Унда ҳам яхши имконият мавжуд. Қолаверса, Эдди Хирн билан ишлаётганлиги ҳам унга қўшимча плюс деб айта оламан. Умуман ўзининг ҳам салоҳияти бунга етади. Агар, тўртинчисини сўрасангиз Олимжон Назаров деб айтган бўлардим. Албатта, бу мени шахсий фикрим!
Зуфар Сулаймонов - Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси мураббийлар кенгаши раиси
- Уч нафарини айтиш жуда қийин. Чунки, бундай боксчиларимиз исталганча топилади. Ҳар бири етук маҳоратга эга ва уларнинг барчасини чемпионлик даражасига чиқишини истардим ва умид қиламан. Ишонч билан айтишим муикинки, Бектемир Мелиқўзиев яқин вақтлар мобайнида чемпионлик мақомига эришади. Сабаби, у WBA рейтингида кучли 15 таликдан ўрин олган. Шунингдек, жаҳон профессионал бокс оламининг “акула”си Оскар Де Ла Хоя билан ишламоқда. Ўзининг даражаси эса барчага маълум. У туғма истеъдод!
Иккинчиси, Олимжон Назаров. Албатта, бу ўзимнинг шогирдим эканлиги учун айтмаяпман. Назаров ҳозирда WBO рейтингида 5-ўринда бормоқда ва у анча йиллардан буён профессионал бокс оламида фаолият юритяпти. Демоқчиманки, тажриба юқори. Қолаверса, ўзидан юқорида турган рақибларидан асло қолишмайди. Ва ниҳоят, Исроил Мадримов сўнги танловим. У Тошкентдаги жангида бироз қийинчиликка учраган бўлса-да, жароҳатидан кейинги ҳолатида эканлиги ва рақибнинг жисмоний ҳолатини инобатга олсак, идеал жанг ўтказди ва у бундан ҳам юқори даражани кўрсата олади.
Албатта, Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Баҳодир Жалолов, Шаҳрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашевда ҳам имконият бор ва барчасига ишонаман. Бироқ, уларга бироз вақт керак бўлади назаримда. Уларнинг промоутерлик компаниясининг вазияти ва вазн тоифасидаги чемпионларнинг промоутерлари ким билан жанг ташкил қилиш молиявий эканлигини ҳисобга олиши нуқтаи назардан келиб чиқиб айтмоқдаман.
Муҳаммадқодир Абдуллаев - Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси ўринбосари
- Қудратилло Абдуқаҳҳоров бунга жуда яқин. Ўйлайманки, у чемпионликни қўлга кирита олади. Тарбияли, ўз устида ишлашдан тўхтамайдиган боксчи. Бектемир Мелиқўзиевга ҳам ишонч юқори. Промоутер ва менежерлари ҳам унга катта ишонч билдирмоқда. Сергей Ковалёв билан жанг ташкил қилишга уринишлари ҳам бунга мисол бўла олади ва Шаҳрам Ғиёсовни ҳам айтиб ўтган бўлардим.
Алишер Раҳимов - собиқ боксчи, мураббий
- Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов ва Шаҳрам Ғиёсов. Албатта бу менинг шахсий фикрим. Ўйлайманки, бундай натижалар қайд этадиган боксчиларимиз жуда кўплаб топилади.
Азамат Муродов - журналист
- Ҳасанбой Дўсматов. Чунки вазн тоифасидаги рақобатнинг нисбатан паст экани ҳисобига бу жараён осон кечиши мумкин.
Исроил Мадримов. Биринчидан у чемпионлик учун энг яқин турибди. Чунки расмий даъвогар, лекин елкасидан олган жароҳати сабаб, сўнгги вақтларда спорт формасида эмаслиги чемпионлик жанги муддатини кечиктириши мумкин. Амалдаги чемпион Эрисланди Лара вазн тоифасини кўтариши кутилмоқда ва агар камарини вакант қолдирадиган бўлса, Исроилда камарни ютиш имконияти ошади. Лекин биринчи навбатда жароҳатдан сўнг, ўша бир неча йил олдингидек, юқори спорт формасига чиқиб олиши керак бўлади.
Яна бир нарсани қўшимча қилиб кетишим керак, профессионал бокс бизнесга айлангач, жаҳон чемпионлик камарини тақдим этувчи нуфузли тўртта ташкилот (WBC ва WBA айниқса) ҳар хил қўшимча камарларни ўйлаб топа бошлади ва битта вазнда биргина йўналишнинг ўзида 3-4талаб чемпионлар пайдо бўла бошлади. Бошқа ташкилотлар эса ўз навбатида бу каби “юриш”ларни тан олмаяпти ва ҳар бир вазнда битта чемпион ҳақиқий чемпион сифатида тан олинади. Исроил Мадримов даъвогар бўлиб турган камар ҳам WBA нинг супер (ҳамма тан оладиган ҳақиқий чемпионлик камари эмас. Масалан Муроджон худди шу камарни ютиб олган). Бу WBA нинг оддий тилда тушунтирган иккинчи даражалаи жаҳон чемпионлик камари бўлиб WBA Regular деб номланади.
Агар ҳақиқий чемпионлик камари ҳақида сўрасангиз, бу камар учун курашишга анча бор. Чунки суперчемпион Чарло бутунлай бошқа рақобатчи промоутерлик компанияси мижози ҳисобланади ва одатда улар Исроил Мадримов со-промоутерлик компанияси саналган “Matchroom” билан бокс кечаларини бирга ташкил қилмайди (нима дейсиз, бизнес шунақа, рақобатчини тан олгиси келмайди ҳеч бири). Яъни Исроил ва унинг жамоаси хоҳлаган тақдирда ҳам бу жангни ташкил қилиш қарийб имконсиз.
Бектемир Мелиқўзиев. Учинчи бўлиб чемпионликка эришиши мумкин бўлган боксчини излаб кўрдим. Лекин уларнинг кўпи бу йўлда ҳали анча узоқда экан деган хулосага келдим. Демоқчи бўлганим яқин бир йил ичида бизда тўртинчи чемпион чиқиши деярли имконсиз. Бу биринчидан, ўша даъвогарлик ва чемпионлик жангларини ташкил қилиш билан боғлиқ муаммолар сабаб кечикади. Иккинчи тарафдан эса қолган боксчиларимизнинг савияси билан таққослаганда рақиблари ўта жиддий ва рақобат жуда кучли вазнларда фаолият олиб боришмоқда.
Шу боисдан иқтидор ва хорижда промоутерларнинг эътибори жиҳатидан ҳам бу номга энг яқини деб Бектемир Мелиқўзиевни ҳисобладим. Бугун хориж матбуотида, оммавий ахборот воситаларида энг кўп айнан Бектемир Мелиқўзиев номини кўпроқ тилга олишмоқда. Энг кўп тилга тушган боксчимиз — “безори” Шу омиллар ҳам унинг чемпионлик жангига тезроқ чиқишига туртки бўлади, деб ўйлаяпман. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади.
Бошқаларни танламаганим ҳақида. Албатта бизда чемпионлик учун расмий даъвогар бўлган ва рейтингда яқин келган бошқа спортчилар ҳам бор. Масалан Қудратилло Абдуқаҳҳоров. Аммо яқин тарих шуни кўрсатдики, Қудратилло Абдуқаҳҳоров қанчалик ҳаракат қилмасин, яхши менежерлар, промоутерлик компанияис бўлмаса, ҳаммаси бир пулга айланади. У вақтинчалик чемпионлик камари учун жангига ҳатто биргина визани ҳал қилиб бера олмаган промоутерлик компанияси билан қандайдир натижага эриша олишига шахсан ишонмайман. Иккинчидан Эррол Спенсдек боксчини енгиш ҳозирча, фақат Кроуфорд ёки кеча Липинец нокаутга учратган Жарон «Бутс» Энниснинг қўлидан келиши мумкин деб ҳисоблайман.
Шоҳжаҳон Эргашев ҳақида ҳам шу гап. Билишим бўйича IBF бўшаб қолган мажбурий даъвогарлик учун рейтингда 3 ва 4 ўринларни эгаллаб турган Лиам Паро ва Шоҳжаҳон Эргашев ўртасида жангга буйруқ берган, Салита промоутерлик компанияси бу жангни ташкиллаштирмоқчи бўлганида, негадир Шоҳжаҳон улар билан муносабатини энг муҳим паллада ёмонлаштириб, бу жанг бекор бўлди ва катта эҳтимол билан Шоҳжаҳон чемпионлик камарига энг яқин келиши мумкин бўлган биринчи ва охирги имкониятини бой берди. Шу жангни ўтказиб олиб, расмий даъвогар бўлгач, Салита билан ҳамкорликни бекор қилиш мумкин эди. Албатта бу менинг шахсий фикрим.
Яна бир боксчимиз бу Шаҳрам Ғиёсов. Унинг промоутерлари чемпионлик жангига шошилишмаётганини маълум қилганди. Шу боисдан ҳам Шаҳрам ҳозирча биринчи навбатда рейтинг жангларида тажриба тўплаб ўз устида ишлаб боради. Чемпионлик жанги учун реал имконият унда тахминан 2022 йилларнинг иккинчи ярмида бўлиши мумкин. Шунда ҳам вазндаги рақобат қай даражада бўлиши муҳим, бу вазнда кимлар рақобатчи бўлишига қараб қандайдир фикр билдирса бўлади.
Рейтингларни эсдан чиқармаган ҳолда, ўта енгил вазнда кураш олиб бораётган Олим Назаровни ҳам эслаб ўтиб кетган бўлардим. Тажрибали боксчи рақобат юқори бўлмаган вазнда чемпионлик камари учун даъвогар даражасига етиб боришига ишонаман, унчалик кучли бўлмаган промоутерлик компанияси билан бунга эришиш мумкин, аммо чемпионлик жангида бу каби вазнлар қироли бўлган японияликларга қарши жангларда ғалаба қозониши бироз қийинроқ бўлади деган фикрдаман. 36 ёшга кирадиган боксчи учун жаҳон чемпионлик камари учун даъвогар сифатида рингга чиқишининг ўзи катта гап менимча.
Аҳмадбек Эшматов
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди