АГМК клуби ниҳоят Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасидаги биринчи ғалабасини қўлга киритди. Дастлабки иккита ўйинда бир очкога эга бўлган АГМК бу сафар БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” жамоасига қарши учрашувда уч очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Бироқ бу ўйин ҳам жуда қийин кечди. Муҳими, вакилларимиз ирода кучини намойиш этишди. Айниқса, ўйин охирларида иккита гол уриб учрашувда бурилиш ясай олганликлари таҳсинга лойиқ. Бу эса АГМКнинг руҳияти билан боғлиқ.
Миржалол Қосимов жамоани ўйинга яхши тайёрлай олганини кўрсатди. Ушбу беллашувдан кейин АГМКнинг ярим ҳимоячиси Шохруҳ Гадоев sports.uz мухбири билан мулоқот қилди.
- Шохруҳ, АГМКнинг ажойиб ўйини ва иродали ғалабаси билан табриклайман. Учрашувда ниманинг эвазига уч очко қўлга киритилди?
- Ўтган ўйинда жуда аламли мағлубиятга учрагандик. Оқибатда мухлисларимиз олдида қарзимиз бор эди. “Шабаб Ал-Аҳли” билан баҳсда ўзимизда куч топдик, бир жамоа сифатида охиригача курашдик. Тўғри, биринчи бўлимдан кейин ютқазаётгандик. Аммо олдинда ҳали иккинчи бўлим турганди ва биз ҳаммасини ўзгартириб юбориш қўлимиздан келишини тушуниб тургандик. Бунинг учун бутун жамоа сифатида охирги дақиқагача қаттиқ меҳнат қилдик. Худога шукр, ҳаммаси биз учун яхши якун топди.
- Дарҳақиқат, АГМК 87-дақиқада ҳисобни тенглаштирди ва қўшимча дақиқада ғалаба голини урди. Мувозанат тикланган пайтда дурангга ҳам рози бўлиб турганмидинглар ёки барибир ғалабага ишонч каттамиди?
- Биз ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқамиз. Ўтган турда “Истиқлол”га ютқазганимизда ҳам аслида уч очко учун курашгандик. Мана, бу сафар ҳам ҳисобда ортда бораётиб, барибир ғалаба учун ҳаракат қилдик, охиригача. Бу бизнинг меҳнатимиз ва шунинг эвазига ютдик. Мураббийимизнинг тўғри кўрсатмалари ҳам жамоамизнинг ғалабасида катта роль ўйнади. АГМКдаги муҳит ҳам ажойиб, ҳар доим жамоавий ўйин кўрсатамиз.
- Ўтган ўйиндаги мағлубият туфайли жамоа руҳий тушкунликка тушиб қолмадими? Мазкур учрашувга тикланиш қандай кечди?
- Ҳа, биз ўтган учрашувда мағлубиятга учрадик. Бироқ бундан фожеа ясамадик. Олдимизда жиддий ўйинлар бор эди. Биз шуларга тайёргарликни давом эттирдик. Шунинг учун жамоа сифатида тезроқ ўзимизни қўлга олиб, яхши кайфиятда ўйинга етиб келишимиз керак эди. Буни уддаладик.
- Умуман олганда, АГМКнинг “Истиқлол”га ютқазиб қўйгани танқидларга сабаб бўлди. Ўша мағлубият тасодифмиди?
- Тўғри, ушбу мағлубият гап-сўзларга сабаб бўлди. Балки бу ўзимизнинг хатоимиздир. Голларни ҳам хатоларимиз эвазига ўтказиб юборгандирмиз. Барибир бундан тушкунликка тушмадик. Ўйинни унутиб, олдимиздаги янги учрашувларга тайёргарликни бошлагандик.
- “Шабаб Ал-Аҳли”да ҳамюртимиз Жалолиддин Машарипов тўп сурди. Унинг нималарга қодирлигини барчамиз яхши билардик. Учрашув давомида асосий эътиборни унга қаратдингларми? Машариповни тўхтатиш йўлларини ўйлаб қўйганмидинглар?
- Машарипов дастлабки иккита ўйинда майдонга тушмади. Биз “Шабаб Ал-Аҳли”нинг ўйинларини таҳлил қилиб чиққандик. Жалолиддининг АГМК билан баҳсда майдонга тушиши аниқ эди. Биз майдонда асосан ўз ўйинимизни жамоавий тарзда кўрсатишга ҳаракат қилдик.
- Гуруҳдаги барча рақибларга қарши ўйнадинглар. Энг қийин ўйин қайси бўлди ва гуруҳ фаворити сизнингча, ким?
- Ҳар уч кунда ўйин бўляпти. Бу ҳар бир жамоа учун қийинчилик туғдиради. Рақибларда ҳам албатта чарчоқ аломатлари бор. Гуруҳда кимнидир фаворит дея олмайман. Ҳамма ҳаракат қиляпти, барча клуб гуруҳдан чиқишни хоҳлаяпти. Кўрдингиз, дастлабки учрашувда “Ал-Ҳилол”га қарши майдонга тушдик. Бу Осиёнинг энг номдор клубларидан бири. Ўшанда дуранг қайд этдик. Ҳозир шундай вазиятки, қайси жамоа ўйинга яхши тайёргарлик кўриб, руҳий томондан тетик бўлса, ўша жамоа ютиб кетяпти.
- Сиз яна Осиё Чемпионлар лигасига қайтдингиз. Охирги марта бу мусобақада қачон ўйнаганингиз ёдингиздами?
- Тўғри, Осиё Чемпионлар лигаси қитъамиздаги энг нуфузли турнирлардан бири. Унда ҳар бир футболчи тўп суришни истайди. Чемпионлар лигасида кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Бари сараланган клублардир. Ўйлашимча, бу мусобақада охирги марта “Бунёдор” таркибида иштирок этган бўлсам керак. Ўшанда Қатарнинг “Ал-Жайиш” жамоасини ютиб гуруҳ босқичига чиққандик. Лекин ўшанда ҳам гуруҳда ўйнамагандим, адашмасам. Чунки “Бухоро”га кетгандим. Менимча, бу 2016 ёки 2017 йиллар эди.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди