Фото: Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази
«Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларнинг мобил иловасидаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан пул маблағини келиб тушади.
Халқ тилида бу маблағ «иримига» бўлиб кўриниши мумкин, лекин шундай одамлар борки, уларнинг кунлик турмуш тарзида 10 минг ва ундан ортиқ қадам босиш ҳеч гап эмас! Бу ойига қўшимча 90 минг сўм маблағ демакдир.
Қолаверса, ҳар ойда:
- ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган фуқарога 300 минг сўмдан;
- ҳар бир ҳудуд,яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича энг кўп юрган фуқарога 500 минг сўмдан;
- республика бўйича энг кўп юрган фуқарога 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.
«Соғлом турмуш тарзи» платформаси ҳақида маълумотлар билан 1hls.uz веб-сайтига (сайт рус тилида, яқин вақтларда ўзбек тилидаги талқини ишга туширилади деган умиддамиз - таҳр.) кирган ҳолда танишиб чиқиш мумкин.
Мобил иловани эса Google Play ва App Store мобил иловалар онлайн дўконидан бепул юклаб олиш мумкин.
Ушбу платформа 2021 йил 1 июндан бошлаб ишга туширилади ва тўловлар белгиланган тартибда амалга оширилади.
«Соғлом турмуш тарзи» платформасининг мобил иловасини қурилмангизга юклаб олганингиздан сўнг, ундан рўйхатдан ўтиш жараёнини амалга ошириш шарт бўлади. Бунда фуқаролик паспорти орқали id.egov.uz ягона идентификация тизимидан рўйхатдан ўтилади ва мазкур мобил иловада электрон ҳамён очилади. Шундан сўнг, мобил иловадан қадамлар кўриб борилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг