20:45 / 22.05.2021
3 145

Ҳал қилувчи «жанг» олдидан: келганлар ва келмаганлар ҳақида Вадим Абрамов билан очиқ суҳбат


Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралашининг иккинчи босқичидаги ҳал қилувчи баҳсларни Саудияда ўтказади. Аввалига Бўстонлиқда, кейинчалик Дубайда миллий жамоа ҳал қилувчи босқичга тайёргарлик кўради. Ҳал қилувчи «жанглар» олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбат уюштирдик. Мураббий таркиб ҳақида барча саволларга очиқ жавоб берди.


Вадим Абрамовнинг айтишича, йиғин давомида ЖЧ-2022 саралашининг Саудияда ўтказиладиган мини-турнирига борадиган таркибда ўзгариш бўлади. Мураббий Мурод Холмуҳаммедов «Сўғдиёна»га қарши ўйинда жароҳат олгани, Лутфулла Тўраев эса охирги вақтларда унча яхши кўринмаётгани учун йиғинга олиб кетилмаслигини айтди. Мураббийнинг фикрича, Лутфулла Тўраевнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ундан Саудиядаги қийин об-ҳаво шароитида фойдаланиш тўғри бўлмайди. Жасур Яхшибоев ва Остон Ўрунов ҳам жароҳат сабаб йиғинга чақирилмаган.

Миллий жамоа йиғинига «Бунёдкор» дарвозабони Равшан Ягудин ва ОКМК посбони Валижон Раҳимов чақирилгани ҳам кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Чунки Ягудин чемпионат ўйинларида ўзини айтарли кўрсатиб улгурмаган бўлса, ОЧЛдаги иштирокини яхши бошлаган Валижон Раҳимов кейинчалик жамоасининг асосий дарвозабони бўлмай қолди. Мураббий Раҳимовни бўйи баланд бўлгани учун, Ягудинни эса оёқ билан яхши ўйнай олиши учун чақирганини ва улар якуний таркибдан тушиб қолиши мумкинлигини айтди.

Миллий жамоа устози дарвоза ва марказий ҳимояни айни дамдаги асосий муаммо деб атади. У «Пахтакор» сардори Егор Кримецни нега миллий жамоага чақирилмаганини унинг охирги ўйинларда қатнашмаётгани билан изоҳлади. Мураббий яна бир жиҳатга эътибор берди. Миллий жамоага Корея чемпионатидан футболчилар жалб этилган ва улар Саудияда Ўзбекистон вақти билан 23:00 да майдонга тушиши керак бўлади. Бу вақтда улар ҳозир кўникиб юрган Кореяда тунги соат 03:00 бўлади. Бундай вақт ўзгаришига мослашиш учун эса вақт кетади. Шу сабаб Абрамов барча футболчига алоҳида ёндашиш кераклигини айтди.

Вадим Абрамов суҳбат давомида қизиқ маълумотни айтди. Унга кўра, Ўзбекистон Дубайда Австралияга қарши 30 дақиқадан учта таймдан иборат ўйин ўтказади. Мураббий австралиялик ҳамкасби билан шундай келишганини айтди. Келишувга кўра, Австралия барча таймларда ҳар хил таркиб билан ўйнайди. Абрамов ҳам бу ўйинларда ҳар хил таркибни тушириш орқали футболчиларнинг кучини синаб олади.

Абрамов Одил Аҳмедов қовурғасида жароҳат бўлишига қарамай миллий жамоага чақирилганини айти. Унинг фикрича, Аҳмедовнинг жамоада бўлганининг ўзи кўп нарсани англатади. Мураббий ҳужум чизиғидан ва ундаги рақобатдан кўнгли тўлаётганини айтиб, хусусан, Темурхўжа Абдухолиқов яхши формага кириб бораётганини таъкидлади. Фаррух Икромовга эса мураббий шундай таъриф берди: «Бу футболчи керак бўлса, ҳаммани ҳайратда қолдириши мумкин, бироқ ўйини чиқмай, йўқолиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Бир сўз билан айтганда, ностандарт футболчи».

Суҳбатдошимиз Беларусда ёрқин ўйин кўрсатаётган Шаҳбоз Умаровнинг ўйинларини кўриб келганини, у орқага қайтмаслиги учун бош жамоага чақирилмаганини айтди. «Балки Умаровнинг ўйинларини олдинроқ кўрганимда бошқача бўларди», дейди мураббий ва бу футболчини ўзбек футболининг келажаги деб атади. Абрамовнинг ҳужумда пайдо бўлиши кутилган яна бир футболчи – Драган Черан ҳақида гапирар экан, унинг паспорти тайёрлиги, бироқ футболчи Ўзбекистон сафида 15 июндан кейин ўйнай олишини маълум қилди.

Абрамовнинг фикрича, 2-босқичнинг олдинда турган энг муҳим ўйини Сингапурга қарши ўтади, чунки бу биринчи ўйин. Мураббий Саудияга қарши ўйин асосий эканини инкор қилмаган ҳолда, дастлабки икки ўйинда очко йўқотилса, Саудия билан баҳснинг аҳамияти камайишини таъкидлади. Унинг фикрича, миллий жамоа иккинчи бўлимда яхши ўйнаш устида ишлаши керак. Абрамов Саудияга қарши Тошкентдаги баҳсда Ўзбекистон узоқ вақт ҳисобда олдинда борганини эслатди. Мураббий Саудияни катта иштиёқ ва тартибли ўйин ҳисобига мағлуб этиш мумкинлигини айтиб, бу жуда катта жисмоний куч талаб қилишини таъкидлади.

Мураббий Бобур Абдухолиқовнинг Украинада ўйнамай қайтиб келганидан, шунингдек, Жасур Жалолиддиновнинг фаолияти ўхшамаганидан афсусланишини билдирди. Абрамовнинг фикрича, чет элга кетадиган футболчи Аҳмедов, Жепаров ва Ҳайдаров каби тажрибали йигитлардан маслаҳат олиш керак.

Абрамов ҳам миллий жамоада, ҳам клубда ишлаш ҳақида гапирар экан, миллий жамоага фойда келтирадиган йўлни танлашини айтди: «2010 йил миллий жамоага келганимда менга «Локомотив»дан кетишимни айтишмади ва мен ўзим кетдим. Ўшанда чемпионатда «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор», «Насаф», «Нефтчи» каби рақобатбардош жамоалар бор эди ва мен кетдим.

Ҳозир эса «Пахтакор»га рақобатчи йўқ-ку? Ўтган йилларни олайлик. Масалан, бир жамоани Арвеладзе бошқаради, икки кундан кейин мен бошқа бўйинбоғда худди ўша футболчилардан иборат жамоани қабул қилиб оламан. Масалан, «Бунёдкор» мураббийи сифатида майдонда бошқа футболчиларни кўришим мумкин. Трибунадан ўйинни кузатиш билан мураббий сифатида ўйинни кузатиш фарқли нарсалар», дейди мураббий.

Бобур Акмалов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳал қилувчи «жанг» олдидан: келганлар ва келмаганлар ҳақида Вадим Абрамов билан очиқ суҳбат