22:33 / 31.07.2021
1 332

Шомуродовнинг изидан боринглар!

Шомуродовнинг изидан боринглар!

Элдор Шомуродовнинг “Рома”га ўтаётгани Россия матбуотида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Россиялик журналистлар етакчи рус футболчиларининг кучли бешлик чемпионатларидаги ўртамиёна жамоаларда тўп тепгандан кўра, мамлакатларнинг кучли клубларида ўйнаб, Еврокубокларда бир-иккита учрашувда қатнашишни маъқул кўраётганини танқид қилмоқда.

Рус матбуотининг ёзишича, россиялик футболчилар ҳам Элдор Шомуродов каби ўз олдига мақсад қўйиш ва у сари интилишни ўрганиши керак!

Охирги бир йил ичида Россия премьер-лигасидан кучли бешлик чемпионатлари орасида мураккаблиги билан ажралиб турадиган А Серияга уч нафар футболчи йўл олди. Дастлаб, бир неча мавсум давомида Москванинг “Локомотив” жамоаси бўлган Алексей Миранчук Италиянинг анча кучли клуби – “Аталанта” сафига қабул қилинди.

Кейинроқ, “Ростов” ўз етакчиси Элдор Шомуродовни бир неча клублардан таклиф бўлганига қарамай, камтаргина “Женоа”га трансфер қилди.

“Спартак”да ўзини кўрсата олмаган Александр Кокориннинг омади келиб, “Фиорентина” билан шартнома тузишга эришди.
Экспертлар хориждан жамоа танлашда ўзбек футболчиси тўғри йўл тутганини таъкидламоқда. Элдор юқори ўринлар учун курашаётган жамоа ўрнига аутсайдерлардан берига ўтди. Янги чемпионатга мослашаётган ўйинчи учун ўйин амалиётига эга бўлиш муҳим. Шомуродов балки қудратлироқ клубга ўтганида ўйин амалиёти борасида муаммога дуч келиши мумкин эди, лекин Генуяда у тез орада бошқа футболчилардан қолишмаслигини исботлай олди.

Юқорида номи келтирилган Россиядан Италияга йўл олган уч футболчи орасида фақатгина Элдор асосий таркиб ўйинчисига айлана олди холос. Шомуродов А Серия ва Италия кубогида жами 32 марта майдонга тушиб, саккизта тўп киритди ва иккита голли пас оширди.  Элдор дебют мавсумида жами 1756, бир ўйинда ўртача 55 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.

Алексей Миранчукнинг “Аталанта”даги статистик натижалари – 31 та ўйиндаги еттита гол ва иккита голли пас Шомуродовникига яқин. Бироқ россиялик ярим ҳимоячи илк мавсумида атиги 818, бир ўйинда ўртача 26-27 дақиқа ўйин ўтказди. Бу Элдордан фарқли равишда Миранчукнинг захира футболчиси эканидан далолат беради.

Александр Кокорин эса, “Фиорентина” учун энг омадсиз трансферлардан бўлди. Италияда ўйини очилиши кутилган ҳужумчи тўрт марта майдонга тушди, лекин бирор самарали ҳаракатни амалга ошира олмади. Ярим мавсум давомида атиги 91 дақиқа тўп тепиш легионер ҳужумчи учун жуда камтар кўрсаткич.

Россиянинг www.rusfootball.info сайти экспертларининг ёзишича, Алексей Миранчукнинг ҳам, Александр Кокориннинг ҳам ҳозирги жамоаларидаги келажаги анча мавҳум. Улар ўзларини кўрсатиши учун камида Элдор Шомуродовдек меҳнат қилиши керак.

Ушбу сайт ходимлари, россиялик ёш футболчиларга хорижга йўл оладиган бўлса, Александр Кокориндан эмас, балки Элдор Шомуродовдан ўрнак олиш лозимлигини таъкидламоқда. Чунки ўзбекистонлик ҳужумчи меҳнаткашлиги, интилувчанлиги, бир сўз билан айтганда, футболга муносабати тўғри йўлга қўйилгани билан асосий вазифаси А Сериядаги жойини сақлаб қолиш бўлган “Женоа”дан юқори мақсадлар сари курашадиган грандлар қаторида зикр этилаётган “Рома”га ўтмоқда.

Бу борада Элдор Шомуродовга дунёнинг энг кучли мураббийларидан бўлган Жозе Моуриньонинг устозлик қилиши ҳамюртимизнинг янги қирраларини очилишига сабаб бўлади. Чунки Моуриньо турли кашфиётлар қилишни хуш кўрадиган ва бошқаларга ўхшамаган мураббий эканини ҳамма яхши билади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Шомуродовнинг изидан боринглар!
[/banner_pushhouse