23:55 / 08.08.2021
2 438

Виктор Жалилов: "Пенальти бор эди, VARни нима учун қўллаётганини тушунмадик"


Суперлига 14-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” (1:0) учрашувидан кейин жамоамиз бош мураббийи Виктор Жалилов учрашув ҳақидаги фикрларини билдирди.
- Ҳар икки жамоа учун оғир ўйин бўлди. Кескин курашларни кўрдик. Одатда, бундай баҳсларда ягона хато ва биргина гол учрашув тақдирини ҳал қилади. Ташаббус қайсидир жамоа томонида бўлди деёлмайман. Жиззахликлар гол ургач, ҳимоядан ўйин ташкил этишга уринишди, биз эса ҳужумда имкониятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қилдик. VARнинг нима учун қўлланаётганини тушунмадик, яққол иккита пенальти бор эди.

Биринчи бўлимда футболчимиз жарима майдончаси ичида тўп билан бўлиб турганда, унинг оёғини босиб олишди. Иккинчи бўлимда футболчимиз бўш дарвозага тўпни йўллаганда, ҳимоячи тўпни қўли ёрдамида тўсиб қолди, бу вазиятда пенальти ва карточка кўрсатилиши керак эди. Лекин бу вазиятни умуман кўриб чиқишмади, тушунмадик, унда VARнинг нима кераги бор? Видеоёзувларни кўриб чиқдик, муҳокама қилиш керак.

Умуман олганда, Азим Аҳмедовнинг жароҳати сабаб мажбурий футболчи алмаштиришга тўғри келди. Ўйин борасида футболчиларимизга эътирозим йўқ, барчалари натижага эришиш учун борларини бериб ҳаракат қилишди. Нима ҳам дердик, бундай рақибга қарши янада яхшироқ ўйнаш керак. Афсуски, “Сўғдиёна” бу мавсум биз учун энг ноқулай рақиб бўлди. Лекин жамоамиз Жиззах жамоасидан ёмон ўйнамади ва мағлубиятга лойиқ эмасди, - дейди Виктор Романович.

- Ҳакамлик бўйича эътироз билдирдингиз. “Навбаҳор” ўйиндан кейин ҳакамлик борасида эътироз ёзадими?
- Бизнинг фойдамизга иккита яққол пенальти белгиланмаганини инобатга олсак, бу борада муносабатимизни билдиришимиз керак.

- Иккинчи бўлимда “Навбаҳор” икки-учта яққол хавфли вазиятларда гол уролмади. Бунга сабаб ҳужумчиларнинг салоҳияти етишмаслигими ёки омадсизликми?
- Бугунги ўйинда ҳужумчимиз Иброҳим Ғанихонов тоби қочиб қолгани учун қатнашолмади. Ўринбоев ҳам учрашув давомида бошидан жароҳат олди. Шу боис, ҳужумдаги салоҳиятимиз бироз пасайди. Шунга қарамай, бир нечта голли вазиятларни яратдик. Балки омад ҳам келмагандир ва албатта, рақибнинг ҳам яхши ҳимояланганини айтиш жоиз.

- Мавсум бошида жамоа чемпионликни мақсад қилганди. Ҳозир эса турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. Кейинги вазифа қандай бўлади?
- Вазифа турнир жадвалидаги вазият ва жамоанинг ҳолатига қараб белгиланади. Аввалги мақсадимизни ҳеч ким ўзгартиргани йўқ. Олдинда иккинчи давра ўйинлари бор, бугун давранинг биринчи учрашувини ўтказдик.  Кўряпмиз, бошқа жамоалар ҳам очко йўқотишмоқда. Очколар фарқи катта эмас, таслим бўлмаймиз, астойдил курашамиз ва ўз очколаримизга эга бўламиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Виктор Жалилов: "Пенальти бор эди, VARни нима учун қўллаётганини тушунмадик"