2 385
Тимур Кападзе: "Мураббийларимиздан кимдир Катанецга ёрдам бериши керак, менга қолса Кейруш яхшироқ эди"
Хабарингиз бор, словениялик мутахассис Сречко Катанец тез орада Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббий этиб тайинланиши кутилмоқда. Бу борада эса бир қатор мутахассисларимиз ўз муносабатини билдирмоқда. Жумладан, Ўзбекистон олимпия термаси ва “Олимпик” клуби бош мураббийи Тимур Кападзе ҳам Sports.uz сайтига Катанец борасида ўз фикрларини билдирди.
Сречко Катанец номзоди хусусида
- Катанецни футбол олами танийди, биз ҳам биламиз. Терма жамоаларда ишлаган, охиргиси Ироқ бўлди. Улар билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказганмиз. Бу жамоа яхши ўйин кўрсатиб келаётганди. ЎФА раҳбарлари бу номзодни яхшилаб ўрганиб чиқишган. Менимча, бир қатор мураббийлар билан музокаралар олиб борилди. Охир-оқибат Катанецга тўхталдилар. Қолганини вақт кўрсатади. Ўйлайманки, бу мураббий бизга тўғри келади, анча тажрибали. Доимий иш фаолияти билан банд мураббий. Ироқ термасидан нима учун кетганини билмайман. Терма жамоамиз билан шартнома имзоласа, биз ҳам, бошқа мураббийлар ҳам унга қўлимиздан келганича ёрдамлашамиз. Бу ерга келганидан кейин уни янада яхшироқ таниймиз.
Тимур Кападзе унга ёрдам берадими?
- Мен ҳали бу ҳақда эшитмадим. Фикримча, барибир бизникилардан қайсидир мураббий унга ёрдам бериши керак. Агар вақтим бўлса, мен ҳам қўлимдан келганича ёрдам бераман. Янги мутахассиснинг иш услубидан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Мен ҳам ёрдам берадиган бўлсам, ундан ўрганадиган жиҳатларни ўзлаштираман. Шартнома тузилганидан кейин кўп нарса маълум бўлади. Мен олимпия терма жамоасидаман. Миллий термамиз йиғин ўтказса, мен ҳам жамоам билан машғулотларни бошлашим мумкин. Бутун эътиборим олимпия терма жамоасига қаратилган. Аммо вақтим бўлганида Катанецнинг машғулотларини кузатиш ва ўрганиш – бу яхши нарса. У терма жамоамизни янги босқичга олиб чиқсин ва олдига қўйилган вазифани уддаласин. Нафақат мен, балки клублар ва терма жамоалар мураббийлари бирлашиб унга ёрдамлашишимиз керак. Чунки биз ўйинчиларимизни яхши биламиз. Албатта, ўзи ҳам кўради ҳамда вақт керак бўлади.
Катанец билан учрашмоқчими?
- Бир-икки марта Катанец билан кўришганман, терма жамоаларда тўқнаш келганмиз. Равшан Ҳайдаров, Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев каби тажрибали мураббийларимиз билан ҳам мулоқот қилса фойдали бўлиши мумкин. Бу унга ҳам фойдали бўлади ва тезроқ мослашиши учун ҳам керак. Сречко Катанец Осиёда анчадан бери ишлаяпти. Менимча, мослашиши қийин кечмайди. Агар Ироқ билан Ўзбекистонни солиштирсак, шароит, имконият ва бошқа тарафлама ҳам бизда яхшироқ ҳамда бу Катанецга анча қулай бўлади. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Миллий терма жамоамиз ҳаммасидан устун туради, шу сабабдан керак бўлса, қўлимиздан келганича биз ҳам ёрдамлашамиз. Унинг иштироки ва ғалабалари эса футболимизга плюс.
Кападзе терма жамоада кимни кўришни хоҳлаганди?
- Менга қолса, Кейрушни кўриб чиқардим. Унга алоқага чиқишгандир, балки келиш имконияти бўлмагандир. Эронда ишлаш қийин. У ерда футболга бошқача қарашади. Аммо Карлуш Кейруш эронликларни икки марта жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Битта жойда узоқ вақт ишлаб, натижа кўрсатгани таҳсинга сазовор. Шу сабабдан Кейруш бўлганида яхшироқ бўларди. Агар Кейруш натижа кўрсата олмаганида Эронда кўп вақт ишламаган бўларди. У Эрон футболида кўп иш қилди. Сервер Жепаров Эрон чемпионатида ўйнаган пайтида Кейрушнинг иш услуби ҳақида кўп маълумотларга эга бўлган. Чунки Карлуш Кейрушнинг ёрдамчиси Жепаров билан ҳам бирга ишлаган. Шунинг учун Сервердан португалиялик мураббий ҳақида кўп нарса эшитганман. У миллий терма жамоа учун нима керак бўлса, барчасини қилдиртирди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди.
Ироқ терма жамоаси ҳар доим яхши ўйнаган. Ўта юқори ҳам, паст ҳам эмас, ўз даражасида. Федерациямиз раҳбарияти барибир Сречко Катанецни ўрганиб чиққан. Бу раҳбариятнинг қарори. Ўйлайманки, қадами қутлуғ келади. Олдимизда Осиё Кубоги турибди. Ўша мусобақа мураббийнинг ишини кўрсатиб беради.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин