22:20 / 30.08.2021
4 096

Вадим Абрамов Умид Аҳмаджонов ҳақида: Унинг атрофида «ичи қора» одамлар бор эди

Вадим Абрамов Умид Аҳмаджонов ҳақида: Унинг атрофида «ичи қора» одамлар бор эди
Кадр: YouTube / Alter Ego
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи YouTube’даги Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ЎФАнинг собиқ президенти Умид Аҳмаджонов ҳақида фикр билдирди.

Абрамов 2017 йилда мураббийлик лицензиясидан маҳрум этилган ва номуайян муддатга футболдан четлатилади. Ўша пайтда Умид Аҳмаджонов ассоциацияга раҳбарлик қилган ва Суперлига форматини 16 жамоадан 14 тага ўзгартирганди.

- "Унинг ўрнида исталган раҳбар шундай қиларди. Унинг атрофидаги одамлар — улар менга душман эмас, шунчаки «ичи қора» одамлар. Аҳмаджонов келганда, унга кимдир мен ҳақимда нимадир деган. У менинг кимлигим билан қизиққан, янги келган одам бу ердагиларни билмайди-ку. Футболни билмайдиган одам келиб, сўрашни бошлаган. Унга мени бошқача тасвирлаб беришган.

Мен ўшанда бу формат нотўғри бўлганлиги учун нотўғри деганман. Буни яна қайтаришни истамайман. Лекин бу ҳақиқатан ҳам нотўғри. Чемпионат давом этмоқда, сиз эса бирданига форматни ўзгартиряпсиз. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси шу. Аҳмаджонов эса бировларнинг гапига кириб, нотўғри хулоса чиқарган. Унинг гапларини тушунаман. У нимадир дейиши ва қабул қилган қарорини оқлаши керак эди, балки қарорни ўзи қабул қилмагандир ҳам", - деди Вадим Абрамов.

2017 йилда Аҳмаджонов Абрамов ҳақида шундай деганди. «Ҳозир биз 12 та жамоа иштирок этадиган янги чемпионат ҳақида бош қотирмоқдамиз. Баъзилар эса 16 клублик эски форматни қолдириш тарафдори. Айтишларича, яна бир йил кутиш керак экан. Хўш, бу нима беради? Нега энди яна кутишимиз керак? 26 йил давомида қотиб қолган футбол нега яна 3—4 йилини йўқотиши керак?

Вадим Абрамовнинг эскича фикрлаши замонавий футболдан ортда қолиб кетган. Ўйлашимча, ўзбек футболига унинг каби инсонлар керак эмас. Унинг жамоаси 15-ўринни қўлга киритиб, Про-Лигага тушиб кетгани учун ҳам 16 жамоалик форматни қўллаб-қувватлаяпти. Чунки қуйи лигада ишлашни хоҳламаяпти. Нега энди вақтлироқ уйғонмади? Агар ишининг устаси бўлса, жамоасини қайта Суперлигага олиб чиқишга уриниб кўрмайдими? Ишлашни истамайсанми, ёшларга йўлни бўшат! У билан келишаверсак, олдинга қадам ташлолмаймиз».

Эслатиб ўтамиз, Вадим Абрамов ЎФФ (ҳозирги ЎФА) Ижроқўми бюросининг 2017 йил 16 декабрдаги 9-сонли қарори асосида футболдан номуайян муддатга четлатилганди. Шунингдек, Аҳмаджонов Абрамовнинг қилган ишлар борасида етарлича ахборот тўплангани ва у кабилар ўзбек футболига керакмаслигини айтганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов Умид Аҳмаджонов ҳақида: Унинг атрофида «ичи қора» одамлар бор эди