17:03 / 04.09.2021
2 456

Элдор Шомуродов "Женоа" ва "Рома" ўртасидаги фарқ, Абрахам билан рақобат ҳақида гапирди

Элдор Шомуродов "Женоа" ва "Рома" ўртасидаги фарқ, Абрахам билан рақобат ҳақида гапирди
Айни пайтда Швецияда бўлиб турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўқув-йиғин машғулотларини ўтказмоқда. Йиғин доирасида ЎФА матбуот хизмати терма жамоамиз етакчиси Элдор Шомуродов билан махсус интервью уюштирди. Қуйида ушбу суҳбатдан парчаларни келтирамиз:

– "Женоа" ва "Рома" ўртасидаги фарқ нималарда сезилди?
– Жуда кўп соҳаларда фарқ сезилмоқда. Биринчидан, "Женоа" А Серияда қолиш учун курашувчи ўртамиёна клуб. "Рома" эса, ўз олдига юқори мақсадларни қўяди ва медаллар учун курашади. Шунингдек, ташкилий масалада ҳам катта фарқ бор. "Рома" топ клуб ҳисобланади. Ҳамма нарса у ерда бошқача йўлга қўйилган.

– Сиз мавсумолди ўйинларида кўплаб гол ва ассистлар муаллифига айланганингизга қарамай, Моуриньо асосий таркибдаги жойни АПЛдан келган, ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритган Абрахамга ишониб топшираяпти. Бу сизнинг кайфиятингизга салбий таъсир қилмадими?
– Ҳар бир футболчи майдонга тушишни хоҳлайди. Тўғрисини айтсам, менда ҳам шундай кучли хоҳиш бўлган. Менинг ҳам ўйинни асосий таркибда бошлагим келади. Лекин бу катта клуб ва унда ҳар қандай синовга тайёр туриш керак. Мураббий мени захирада қолдирадими ёки асосий таркибда майдонга ташлайдими, доим ўзимни яхши томондан кўрсатишим керак. Шу тарзда давом этаман. Буёғига ҳар 3-4 кунда ўйин бор ва эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Бошида озроқ психологик босим бўлди, аммо ҳозир ҳаммаси жойида.

– Абрахам билан ўзаро муносабатингиз қандай?
– Албатта, ҳаммаси жойида. Кейинчалик, нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Мураббий бизни бир жамоада биргаликда майдонга тушириши ҳам мумкин. Умуман олганда, нафақат Абрахам, таркибдаги барча футболчилар билан яхши муносабатда бўлишни ва соғлом рақобат қилишни истайман.

– "Рома" анча яхши старт олди. Жамоанинг келажакдаги мақсадлари қандай? "Скудетто"ми?
– Ҳозирча, "Скудетто" ҳақида аниқ талаб қўйилмади. Лекин доим ғалаба учун майдонга тушиш айтилади. Бу мавсум ҳам энг камида Чемпионлар лигаси учун курашамиз. Конференциялар лигасида ҳам чемпион бўлишни мақсад қилганмиз.

– Моуриньода сиз ва Абрахамни бир таркибда ўйнатиш варианти бор. Машғулотларда шундай жараён кузатилмадими?
– Шу пайтгача ундай бўлмади. Лекин Мистер нафақат марказий ҳужум, балки қанотда ҳам ўйнай олишимни билади. Шунинг учун, бу имконият бўлишига ишонаман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов "Женоа" ва "Рома" ўртасидаги фарқ, Абрахам билан рақобат ҳақида гапирди